Жаннат калитини қўлдан бой бермайлик

Ота-она – энг яқин ва қадрдон инсонлардир. Биз уларни жуда севиб қадрлаймиз, ўз навбатида улар ҳам бизларни ҳар доим қандай вақт ва вазиятда бўлишидан қатъи назар жуда севадилар. Туғилишимиздан ота-онамиз бизни ҳимоялаб келади, саломатлигимиз, тўғри овқатланишимиз ва ҳар томонлама ривожланишимиз ҳақида ғамхорлик қилишади ва шароит яратиб беришга ҳаракат қилишади. Агар бола хафа бўлса ёки у зерикиб қолса, кимдир уни хафа қилган бўлса, ёки у йиқилган ва бирон жойи лат еган бўлса, ёрдамга биринчи навбатда тасалли берадиган ва овутадиаган ота-онаси келишади. Йиллар ўтиб боради. Бола улғаяди, боғчага боради, кейин мактаб, кейин коллеж, сўнг институт, кун сайин улғайиб мустақил бўлиб боради. Энг муҳуми эса, у ўз ота-онасидан узоқлаша бошлайди, ўз сирлари ва муаммоллари билан бўлишмайди, камдан-кам ҳолларда ёрдам ёки маслаҳат сўрайдиган бўла бошлайди ва уларга меҳр кўрсатишни унитиб қўйиши мумкин. Мана шу вазиятларда бола ва ота-она ўртасида тушунмовчиликлар келиб чиқади. Зеро, Қуръони Каримда қуйидагича марҳамат қилинади: “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга доимо ёқимли сўз айт!”. “Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва “Роббим, улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт” (Исро сураси, 23-24-оятлар).
Юқоридаги оятлардан ота-онага яхшилик қилиш фарзандларнинг вазифаси ҳамда ота-оналарнинг ҳуқуқи эканлигини билишимиз мумкин. Ота-онага шукр қилиш Аллоҳга шукр қилишга буюрилгандек буюрилмоқда. Бу эса ота-онага яхшилик кўрсатиш нақадар муҳим эканлигига далолат қилади. Дарҳақиқат ҳузуримизда ота-онамиз бўлишса-ю, уларнинг хизматларини қилмай, дуоларини олмай жаннат калитини қўлдан бой берсак, бу қандай ҳам ачинарли ҳол бўлади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в) ўз ҳадисларида қуйидагича марҳамат қилганлар: “Бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин”, – дедилар. “Эй Расулуллоҳ, кимни?”- дейишди. “Ота-онасини ёки улардан биттасини катта ёшлигида топа туриб, дўзахга кирганни”, – дедилар. Шундай экан, ота-онангизни ҳар бир фикрини ҳурмат қилинг, ҳаттоки у сиз учун адолатсиз бўлса ҳам, лекин ота-она ҳеч қачон фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. Аввалига уларнинг фикрлари сизга нотўғри кўриниши мумкин, лекин кейинчалик уни тўғри эканлигини тушунасиз. Ибни Аббос (р.а) дан ривоят қилинади: ”Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди”-деди. “Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?”-дейилди. “Зулм қилган бўлсалар ҳам”,-деди”. Ҳар хил тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун ота-онамиз билан иложи борича кўпроқ суҳбатлашишга ҳаракат қилишимиз лозим. Уларга ўз дўстларимиз, қизиқишларимиз, келажакдаги режаларимиз, умуман биз ўзимиз учун нима қизиқ деб билган нарсаларимиз ҳақида гапириб беришимиз керак. Бир-биримиз ҳақимизда қанчалик тўлиқ ва кўп маълумотларимиз бўлса, шунчалик бир-биримизга бўлган ишонч ҳам кўп бўлади. Лекин афсус-ки, ҳозирда ота-онаси билан суҳбатлашмай, энг муҳими уларга ўз меҳрларини кўрсатмай қўйган инсонлар топилади. Яқинда бир кўрсатувга кўзим тушди. Унда болалар ўз оналарига уларни яхши кўришларини айтишлари керак экан. Бир бола онасига қўнғироқ қилди ва “Ойи мен сизни яхши кўраман”-деб айтди. Фарзандининг бу гапига ишонмаган она “соғлигинг жойдами?”, деб жавоб берди. Яна бир она эса “пул керак бўлиб қолгандирда”-деди. Хўш, бу ниманинг аломати? Албатта, бу ота-онамизга ўз туйғуларимизни айтмай қўйганимизнинг оқибати. Нима учун дўстларимиз ва ён атрофдагиларга “сизни яхши кўраман”-деб айтамиз-у, ҳаётимизнинг мазмуни бўлган инсонларга бу сўзларни айтмаймиз? Бунга сабаб гўё улар бизни ташлаб кетмасликлари ёхуд бу сўзларни айтмасак ҳам билишларими? Йўқ! Бундай қарашлар нотўғри. Кеч бўлмасидан аввал уларга қалбингиздаги бор илиқ сўзларни айтиб олинг, агар юзма-юз туриб айтишга журъатингиз етмаса, уларга айтмоқчи бўлган барча илиқ сўзларингизни қоғозга тушуринг-да уларга беринг акс ҳолда афсусланиб қолишингиз мумкин. Энг муҳими ҳеч қачон бир нарсани унутманг! Ота-онангиз билан қандай муносабатда бўлманг, бу дунёда сиз учун улардан қадрлироқ инсонлар йўқ.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*