1 Масх тортиш – .:: Xadicha.uz

Масх тортиш

«Масҳ» сўзи луғатда қўлни бир нарсанинг устидан силаб ўтказишни англатади.
Шаръий истилоҳда эса сув билан ҳўлланган қўлни махсус оёқ кийимининг махсус жойидан махсус замонда силаб ўтказишга «махсига масҳ тортиш» дейилади.
Махси – маълум ва машҳур оёқ кийими. У оёқни тўпиғидан юқорисигача яхшилаб беркитиб туради. Совуқдан ва турли нопокликлардан сақлайди. «Махси» деб номланмаса ҳам, унинг мазкур сифатларига эга бўлган оёқ кийимлари махси ҳукмида бўлади.
Масҳ тортиш таҳорати кетган одам янги таҳорат қилганда жоиз бўлган бир ишдир.
Fусл вожиб бўлган одамга махсини ечиб, ғусл қилади.
Махсига масҳ тортишлик суннат билан жоиздир.
عَنْ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ :” كُنْت مَعَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فِي سَفَرٍ فَقَضَى حَاجَتَهُ ، ثُمَّ تَوَضَّأَ وَمَسَحَ عَلَى خُفَّيْهِ ، قُلْت : يَا رَسُولَ اللَّهِ ! أَنَسِيت ؟ قَالَ : “بَلْ أَنْتَ نَسِيت بِهَذَا أَمَرَنِي رَبِّي عَزَّ وَجَلَّ”. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُد .
Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдим. Қазои ҳажат қилдилар сўнг таҳорат олиб, икки маҳсиларига масҳ қилдилар. Мен: “Эй, Аллоҳнинг расули! Унутдингизми?” дедим. У зот: “Балки, сен эсдан чиқардинг, Роббим азза ва жалла мени шунга буюрди” дедилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
“Нажоший Расулуллоҳ (с.а.в.)га бир жуфт қора, содда махси ҳадя қилди. Бас у зот уларни кийдилар, таҳорат қилдилар ва масҳ тортдилар”.
Ҳазрати Али р.а.дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.):
يمسح المقيم يوما و ليلة و المسافر ثلاثة ايّام و ليالها
“Муқим киши бир кеча-кундуз, мусофир киши эса уч кеча-кундуз масҳ тортади”деганлар.
Ҳасан Басрий (р.а) айтдилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаларидан етмиш киши Пайғамбар (с.а.в.)нинг оёқ кийимларига масҳ тортганларини кўришганлигини ривоят қилади”. Махсига масҳ тортишни жоиз эканлигини тасдиқлашлик аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодидандир. Шунинг учун Абу Ҳанифа Нўъмон ибни Собит (р.а) “Кимда-ким Махсига масҳ тортишни инкор қилса, унинг куфрга тушиш хавфи бор, чунки Махсига масҳ тортишлик ҳақидаги ривоятлар маънан мутавотир даражага етган”. Абу Юсуф (р.а) “Махсига масҳ тортишлик ривоятларига ўхшаш ривоятлар ҳатто Қуръон оятини насх қилиши мумкин”, деб айтдилар.
Исломда инсонлар учун осонлаштирилган амаллардан бири таҳоратда оёқни ювиш ўрнига оёқ кийимга, яъни махсига масҳ тортишдир. Аммо ғусл вожиб бўлган киши оёқ кийимини ечиб ювади. махси деб оёқнинг ошиғини беркитадиган оёқ кийимга айтилади. Оёқ кийими бўлган махсига масҳ тортиш шариатимизда жоиздир. У эркак ва аёл учун баробар, уларга хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ муқимликда қишин-ёзин масҳ тортишга рухсат этилади.
Махсига масх тортиш тартиби:
Махсига масҳ тортишда икки қўлни ҳўллагач, бармоқларни ёйиб, ўнг қўлни ўнг махсининг, чап қўлни чап махсининг учига қўйилади ва қўлни махси устидан тортиб бориб, тўпиқлар бор жойгача етказилади.
Махсига тортилган масҳнинг синдирувчиси қуйидагилар:
1. Масҳ тортиб юрилганда таҳорат синиши билан масҳ ҳам синади.
2. Муқим масҳ тортганидан кейин биринчи таҳорати синган вақтдан бир кечаю бир кундуз ўтиши билан масҳи ўз-ўзидан синади. Ўша пайтда таҳорати бор бўлса ҳам, масҳи синади. Шунингдек, мусофирнинг масҳига уч кечаю уч кундуз тўлганда унинг ҳам масҳи синади.
3. Махсига масҳ тортиб юрган одамнинг товонининг кўп қисми махсининг қўнжи томонга чиқиб кетса ҳам унинг масҳи синади.
(Муддати ўтганда ёки товони қўнжидан чиқиб кетганда таҳорати бўлса, махсини ечиб, оёғини ювиб олса кифоя қилади. Аввалги масҳ тортиб қилган таҳорати мукаммал бўлиб қолаверади).
4. Жунуб бўлганда.
Махсига масҳ тортиб юрган одам жунуб бўлиб қолса, масҳи синади. У махсисини ечиб, тўлиқ ғусл қилиши лозим бўлади.
5. Бир пой ёки икки пой махсини ечганда.
Масҳ билан юрган одам оёқ кийимини ечган пайтда таҳоратли бўлса, оёғини ювиб олиши керак. Акс ҳолда таҳорати синади.
6. Махсида учта бармоқ чиқиб қоладиган даражада йиртиқ пайдо бўлса ҳам масҳ синади.
7. Бир оёқнинг кўп қисмига сув тегса ҳам масҳ синади.

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси 1- курс
талабаси Шаропова Наргиза

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*