Ҳанафий мазҳабидаги енгиллик-саждаи саҳв

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломи Қуръони Каримда марҳамат қилади: “Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва руку қилувчилар билан бирга руку қилинг” (Бақара сураси,43-оят) дея марҳамат қилади. Муборак ҳадиси шарифларда айтилади:
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят этилишича, у киши айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллааллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло фарз қилган беш вақт намоз бор, кимки таҳоратларини чиройли қилиб, намозларини вақтида ўқиса, рукуларини, хушуларини мукаммал қилса, унга Аллоҳнинг мағфират қилиш ваъдаси бордир, агар кимки шундай қилмаса, унга Аллоҳнинг мағфират қилиш ваъдаси йўқ, Aллоҳ уни хоҳласа мағфират қилади, хоҳласа уни азоблайди” .
Агар банда намозда шак қилсачи, бирор амални унутса, у ҳолда нима қилади? Намозни қай ҳолатда тугатади ёки қайтадан ўқийдими, каби саволларга муқаддас динимизнинг дақиқ фиқҳида муборак манбалардан далиллар билан жавоблар келтирилади. Намозда хато қилган одам уни яна қайтариб ўқимасдан ёки бошқа бирор жавобгарликка қолмасдан, икки марта ортиқча сажда қилиб қўйиш билан ҳамма иш тўғри бўлиб кетаверади . Амаллардан бири унутилса, ундан ҳосил бўлган нуқсонни саҳв саждаси ила тўғрилаб олиш имкони бор. Бу ҳам Исломи дини енгиллик дини эканлиги, Аллоҳ таоло мусулмонларга меҳрибон эканлигининг ёрқин далилидир. “Саҳв” сўзи луғатда “унутиш” маъносини англатади.
Бу ҳақида “Фатвойи Абу Лайс” зикр қилибдурлар: “Ҳар киши вожибни қасддан тарк қилса, гуноҳкор бўлур, намози нуқсон бирла тамом бўлур. Агар саҳван тарк қилса, саждаи саҳв бирла дуруст бўлур” .
Саждаи саҳвнинг вожиблигига қуйидаги ҳадиси шариф далил бўла олади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллааллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз туриб, намоз ўқишни бошласа, албатта шайтон келиб уни адаштира бошлайди, ҳаттоки у қанча намоз ўқиганини билмай қолади. Бирингиз қачон шундай ҳолни топса, ўтирган ҳолида икки марта сажда қилсин”, дедилар”. Бешовлари ривоят қилишган.
Намоз ўқиётган одамни албатта шайтон адаштиришга уринади. Натижада, шайтон адаштиришига учраган одам неча ракат намоз ўқиганни билмай қолади. Шу сабабли, адашган одам саждаи саҳв ила намозини тўғрилайди. Ҳанафий мазҳаби ушбу ривоятдаги “сажда қилсин” амрга биноан “Саҳв саждасини қилиши вожиб”, деган. Шофеий мазҳабида саҳв саждаси саломдан олдин қилинади. Ҳанафий мазҳабида эса саҳв саждаси саломдан кейин қилинади. Бунда саждаи саҳвнинг саломдан кейин бўлишига далил: Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллааллоҳу алайҳи васаллам пешинни беш ракат ўқидилар. Бас, у зотга: “Намозда зиёда бўлдими?” дейилди. “Нима учун?” дедилар. “Беш ракат ўқидингиз”, дейилди. Ул зот салом берганларидан кейин икки саҳв саждасини қилдилар”. Бешовлари ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз соллааллоҳу алайҳи васаллам унутиш сабабли пешинни беш ракат ўқидилар. Саҳобаи киромлар юксак одоб ила “Намозда адашдингиз” демасдан, “Намозда зиёда бўлдими?”, дейишди.
Моликий мазҳабида эса зиёда учун бўлган саҳв саждаси саломдан кейин, қолгани саломдан олдин бўлади. Ҳанбалий мазҳабидагилар саждаи саҳв шак ёки тарк қилиш учун бўлса, саломдан олдин, зиёда учун бўлса, саломдан кейин қиладилар. Бу фиқҳий мазҳаблар ўртасида ҳеч қандай хилоф йўқ. Ҳаммалари саҳв саждаси қилиш зарурлигини таъкидлайдилар.
Саждаи саҳв ҳақидаги барча далил ва ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиққан ҳанафий уламолар бу масалани намозхонларга осонлаштиришга ҳаракат қилиб, қуйидаги ҳукмларни ўз китобларида ёзиб қолдирганлар: “Соғлом киши учун лозим бўлганда саждаи саҳв қилиш вожибдир. Лозим бўлганда саждаи саҳвни қилмаган намозхон гуноҳкор бўлади, аммо намоз ботил бўлмайди. Саждаи саҳв имомга ҳам, ёлғиз намозхонга ҳам вожиб бўлади. Аммо имомга эргашувчи ўз намозида саҳвга йўл қўйса, унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки у ўзича саждаи саҳв қилса, имомига хилоф қилган бўлади. Агар имом саждаи саҳвга йўл қўйса, муқтадий ҳам, иқтидони қачон бошлаганидан қатъи назар, унга қўшилиб саждаи саҳв қилади. Агар имом саждаи саҳвни қилмаса, у муқтадийдан соқит бўлади.
Саждаи саҳвнинг вожиблиги вақтнинг намоз ўқиш мумкин бўлган пайтда бўлишига боғлиқ. Агар бомдод намозининг саломини бергандан сўнг қуёш чиқиб қолса, аср намозидан сўнг ботиб қолса, саждаи саҳв қилинмайди.
Агар саждаи саҳв қилишдан олдин намозни улаб кетишга моне бўладиган амал қилса – гапирса, кулса, қасддан таҳоратини кетказса, масжиддан чиқса, юзини қибладан ўгирса, саждаи саҳв соқит бўлади.
Баъзи уламолар “Жамоати катта бўлганлиги сабабли ва одамларга малол қилмаслик учун жума ва ийд намозларида саждаи саҳвни тарк қилмоқлик маъқулдир”, деганлар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси 4-босқич
талабаси Хакимова Маҳмуда

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*