Барқарорлик таянчи

Мамлакатимизда ёш авлодни турли зарарли ахборотлардан ҳимоялашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилган. Мустақиллигимизнинг илк кунларида – 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонунда ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, жумладан, зўравонлик, ҳаёсизлик ва шафқатсизликни тарғиб қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда беҳаёлик, шафқатсизлик ва зўравонлик ҳақида ҳикоя қилувчи, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этишларига сабаб бўлувчи адабиётларни тарқатиш, фильмларни намойиш этиш тақиқланган.

«Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ота-оналарнинг фарзандлари бўш вақтини назорат қилишдаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, қонунда болаларнинг тунги вақтда оммавий кўнгилочар жойларда назоратсиз ҳозир бўлишига йўл қўйганлиги учун нафақат ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс, балки кўнгилочар маскан раҳбарига ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Ёшларнинг ахлоқий бузуқликни тарғиб этувчи сайтларга киришининг олдини олиш мақсадида интернет клублардаги компьютерларга махсус тақиқловчи дастурлар ўрнатилмоқда. Бунда барча хабарлар автоматик тарзда фильтрланади ёки бола ўзи қизиқиб ножўя ахборотни олмоқчи бўлганида автоматик тақиқ ишга тушади. Айни пайтда мазкур дастурлар ҳам тўлиқ хавфсизликни кафолатлай олмайди, чунки баъзида улар фойдали ахборотни чеклаб қўйиши ёки кераксизини ўтказиб юбориши мумкин.

Президентимиз таъкидлаганидек, жаҳон ахборот майдони тобора кенгайиб бораётган бугунги кунда болаларимизнинг онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма, деб бир томонлама тарбия бериш, уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмайди. Нега деганда, биз юртимизда очиқ ва эркин демократик жамият қуриш вазифасини ўз олдимизга қатъий мақсад қилиб қўйганмиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз. Қолаверса, фарзандларимизни замонавий тараққиётдан орқада қолдиришга ҳаққимиз йўқ.

Дарҳақиқат, тобора кучайиб бораётган ғоявий хавф-хатарларни мунтазам равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан енгиш мумкин. Мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилаётган буюк бунёдкорлик ишларини, инсон қадр-қимматини улуғловчи янгиланишлар моҳиятини ҳаётий мисоллар билан очиб беришга, миллий манфаатларимизга қарши қаратилган хуружларга қарши таъсирчан тарғибот воситаларини қўллашга қаратилган ислоҳотлардан ҳам кўзланган мақсад ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишдан иборатдир.

Бунда ижодкорлар, зиёлилар, олим ва сиёсатчилар иштирокида таълим муассасалари, Баркамол авлод марказлари, маҳаллаларда ташкил этилаётган «маънавият соатлари», учрашув ва давра суҳбатлари муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни таҳлил этиб бориш, давлат муассасаларининг бу борадаги масъулиятини янада кучайтириш, уларнинг жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*