Битта нонни қизғaниб…

Бугунги кунда беихтиёр ён-атрофимизда “хўжа кўрсин” қабилидаги ишлар қулоғимизга чалинади. Юзаки қараганда бу унчалик ҳам ёмон эмасдек туюлади. Бироқ чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, бу фикр асоссиз эканлиги маълум бўлади. Ривоят қилишларича, бир шаҳарда Ҳазрат Шиблийни (Абу Бакр Шиблий (858-946) ўз даврининг кўзга кўринган уламоларидан бири бўлган бағдодлик сўфий. Алишер Навоийнинг ёзишича, Жунайд ўз шогирдига шундай таъриф берган: “Ҳар бир қавмнинг тожи бор, бу қавмнинг тожи эса Шиблийдир”) қаттиқ ҳурмат қиладиган бир новвой яшаркан. У “Агар шаҳримизга Шиблий ҳазратлари келсалар, уйимда катта зиёфат бераман” деб ният қилиб юраркан. Кунларнинг бирида новвой дўконида ўз касби билан машғул бўлиб турса, кўринишидан сафар асари билиниб турган бир одам келиб, Аллоҳ йўлида бир дона нон беришини сўрабди. Новвойдан рад жавобини эшитгач, индамай ортига қайтибди. Шу пайт новвойнинг қўшнилари унга танбеҳ бериб, ҳалиги мусофир валиюллоҳ Шиблий эканини айтибдилар. Новвой югуриб шайхнинг ортидан етиб олибди, қаттиқ кечирим сўрабди ва кечки зиёфатга таклиф қилиб ўтинибди.
Зиёфатга жуда кўп одам йиғилибди. Меҳмондорчилик асносида одамлар шайхдан кўплаб саволларига жавоб олибдилар. Бир киши ким жаннатий, ким жаҳаннамийлигини айтишларини сўрабди. Шунда Ҳазрат Шиблий “Ким жаннатий эканини билмайман-у, бу зиёфатни уюштирувчи жаҳаннамий” дебдилар. Бундай жавобдан ҳайратда қолган меҳмонлар шайхдан жавобларини изоҳлаб беришни сўрашибди. Ҳазрат Шиблий эса: “Аллоҳнинг йўлида битта нонни қизғонган, бир ожиз бандаси учун зиёфат берган киши қандай қилиб жаннатий бўлсин?!” деб жавоб берган эканлар…
Инсон зоти мубтало бўлиши мумкин бўлган энг ёмон хасталиклардан бири ширкдир. Чунки у қалбни парчалайди ва инсонни ҳайвонга, дарахтга, ҳайкал каби махлуқотларга сиғинишга олиб боради.
Аллоҳ таоло башариятни ҳақ йўлдан адашмасликлари, адашганларини эса Ўзи томонга ҳидоят қилиш учун элчилар юборди. Ислом охири замон умматига мукаммал дин қилиб берилди. Бу ўринда очиқ-ойдин ширкдан омонда бўлдик. Бироқ, одам боласининг азалий душмани бўлган шайтон алайҳиллаъна ҳеч қачон одамларни адаштириб, жаҳаннамга етаклашдан тўхтамайди. У энди мўминнинг қалбига ўзига ҳам сезилмайдиган тарафдан махфий ширк, яъни риёни пайдо қилишга тиришади.
“Риё” сўзи луғатда “кўз билан кўриш”, “назар солиш” ва “одамлар кўрсин” каби маъноларни англатади. Охирги маъно эса риё учун хосдир. Ибн Хажар Асқалоний (роҳимаҳуллоҳ) риё ҳақида: “Риё одамлар кўриб, эгасини мақташлари учун ибодатни изҳор қилишдир” деганлар.
Ар-Рошид бўлган Роббимиз эса мусулмонларни ушбу иллатдан огоҳлантириб, Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин” (“Каҳф” сураси, 110-оят). Лекин кимки Аллоҳдан бошқаси учун бирон амал қиладиган бўлса, У бандаларнинг амалларидан бутунлай беҳожат Зотдир. Риё билан қилинган амалда эса заррача фойда йўқ, охиратда савоб ҳам берилмайди. У худди қуёшда кўринадиган ғубордек қилиб қўйилади.
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир тоифа одамларни дўзаҳдан жаннатга олиб бориш буюрилади. Улар жаннатга яқинлашиб, унинг бўйларидан ҳидлаб, ундаги қасрлар ва Аллоҳ жаннат аҳли учун ҳозирлаган неъматларни кўришгач, “Уларни жаннатдан буриб юборинглар, бу ерда уларга насиба йўқ”, деб нидо қилинади. Шунда улар: “Парвардигоро, бизга жаннатингни ва у ерда дўстларинг учун ҳозирлаган нарсаларинг(ноз-неъматларинг)ни кўрсатмай туриб дўзаҳга киритганингда эди, бизга осонроқ бўларди”, дейишади. “Мен сизларга шуни ирода қилдим, – дейди Аллоҳ таоло. – Чунки сизлар ёлғиз қолганингизда улкан гуноҳлар билан Менга қарши чиқдингиз ва одамларга йўлиқсангиз, уларга тақводор бўлиб кўриндингиз. Инсонларга қалбингиздан Мен учун берган нарсаларингизнинг тескарисини кўрсатдингиз. Одамлардан қўрқдингиз, Мендан қўрқмадингиз. Одамларни улуғладингиз, Мени улуғламадингиз. Одамларни деб гуноҳларни тарк этдингиз, Мен учун тарк этмадингиз. Мана бугун сизларни савобдан маҳрум этганимдек, аламли азобга гирифтор қиламан”.
Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида хабар бериб: “Инсонларга риёкорлик қиладилар”, дейди. Бундан кўриниб турибдики, риёкорлик ҳақиқий мўминга умуман хос бўлмаган иллатдир. Мукаммал адолат соҳиби бўлган Зот ҳузурида жавоб бераётганда, бу дунёда машаққат чекиб қилган амаллари ихлосдан ҳоли бўлгани сабабли ҳеч вақосиз қолиб, жаҳаннамга равона бўлишни истамайдиган ҳар қандай инсон эса ботинига зимдан нигоҳ ташлаши лозим. Агар нияти соф бўлса амалга оширсин, акси бўлса то қалби ихлос билан тўлмагунча яхши ишларини худди айбини яширгандек яширсин.
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Одамларни деб бир амални тарк қилиш – риё, кишилар сабабли бир амални қилиш эса ширкдир. Аллоҳ сени шу иккисидан омон сақлаши эса ихлосдир”.
Карамли Роббимиз барчамизни иймон ва ихлос билан гўзал амаллар қилувчи муҳсин бандалари қаторида бўлиш бахтига мушарраф этсин, амийн!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом
таьлим муассасаси 3-курс тaлaбаси
Собирова Софийя

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*