БУГУНГИ КУНДАГИ МАСЪУЛИЯТ

Аллоҳ таолонинг мавжудлиги, ягоналигига ва Унинг неъматлари ҳақидаги мазкур оятларга назар солсак, уларда калбларни ларзага солувчи, ҳисларни уйғотувчи, ақлни мунаввар қилувчи, инсонни ягона Холиқнинг борлигига, Унинг ягоналигига иймон келтиришга чорловчи, сон-саноқсиз неъматларни тан олиб, уларга шукр қилишга ундовчи баёнот ва ишоратларни кўрамиз.
Инсонлар Аллоҳ таоло бу улкан борлиқда яратган осмону ер ҳамда улардаги мавжуд нарсалар, қуруқлигу-денгиз ҳамда улардаги мавжуд нарсалар, махлукотлар, ҳайвонотлар, набототу жамодотлар ҳакида тафаккур юритиши лозим.
Ҳа, ушбу ривожланиш асрида инсонга юкланган масъулият жуда ҳам улкандир. Бу асрда яшаётган инсон ҳушёр ва ҳаракатчан бўлмоғи, аввалгидан кўра кўпроқ илмларни ўзида жам қилмоги, шунингдек, аввалгидан кўра кўпроқ маданиятга ҳам эга бўлмоғи лозим.
Эътироф этиш керакки, бугунги кунда инсон борлиқнинг ҳакиқатини англаб етиш учун етарли воситаларга эга бўлди. Ақл юритиб, борлиқдаги сиру асрорларни ўрганган ҳар кандай инсонда ўз Роббини, Унинг илоҳий сифатларини билиш ва Унга янада кўпрок иймон келтириш имкони ҳам бор. Ушбу чексиз борликни ўрганиш, ҳайвонот оламидаги ва табиатдаги ажойиботларни англаш орқали инсон ўзлигини ҳам англайди.
Йигирманчи асрда яшаётган инсоннинг ўз Парвардигори ва ўз виждони олдидаги масъулияти аввалги аждодларининг масъулиятига қараганда улуғ ва нозикроқдир.

Айтмоқчимизки, йигирманчи аср кишиси борлиқни яратган Холиқни яхши танимоғи, У Зотнинг борлигига, Унинг ягоналигига, тоат-ибодати вожиблигига шак-шубҳасиз иймон келтирмоғи лозим. Акс ҳолда унинг сурати инсону, сифати ва сийрати инсон бўлмайди. Балки у ўз залолати ила ҳайвондан ҳам пастроқ бўлади. Чунки ҳайвон ҳам ўзининг махлуқ эканини, ибодатга сазовор Холиқи борлигини сезади. Биз бу ҳақиқатни ушбу китобнинг кейинги бобларида исботлаб берганмиз. Аллоҳ таоло залолат аҳлини ақлсизлик ва жаҳолатда айблагандир:

أَمۡ تَحۡسَبُ أَنَّ أَكۡثَرَهُمۡ يَسۡمَعُونَ أَوۡ يَعۡقِلُونَۚ إِنۡ هُمۡ إِلَّا كَٱلۡأَنۡعَٰمِ بَلۡ هُمۡ أَضَلُّ سَبِيلًا(٤٤ )

“Ёки уларнинг кўплари тинглай олурлар ёки ақл юрита олурлар, деб ҳисоблайсанми? Улар чорва кабидирлар, холос. Балки улар яна ҳам йўлдан адашганроқдирлар” (Фурқон сураси, 44-оят).

وَلَقَدۡ ذَرَأۡنَا لِجَهَنَّمَ كَثِيرٗا مِّنَ ٱلۡجِنِّ وَٱلۡإِنسِۖ لَهُمۡ قُلُوبٞ لَّا يَفۡقَهُونَ بِهَا وَلَهُمۡ أَعۡيُنٞ لَّا يُبۡصِرُونَ بِهَا وَلَهُمۡ ءَاذَانٞ لَّا يَسۡمَعُونَ بِهَآۚ أُوْلَٰئِكَ كَٱلۡأَنۡعَٰمِ بَلۡ هُمۡ أَضَلُّ أُوْلَٰئِكَ هُمُ ٱلۡغَٰفِلُون(١٧٩)

“Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратиб қўйдик. Уларнинг қалблари бор-у, у билан англамаслар. Кўзлари бор-у, у билан кўрмаслар. Қулоқлари бор-у, у билан эшитмаслар. Ана ўшалар чорвалар кабидирлар. Балки янада адашганроқдирлар. Ана ўшалар – ўзлари ғофиллардир” (Аъроф сураси, 179-оят).

Шоядки, юкоридагилар орқали биз инсонларга Аллоҳни таниш ва Унга иймон келтириш инсон табиатига ва соғлом ақлга мос эканини тушунтира олган бўлсак. Шунинг учун ҳам инсон ўзининг виждони ила уни йўқликдан яратган Холиқи борлигига ишонади ва Унга иймон келтиради. Чунки инсон ҳар бир нарсанинг, ҳатто жуда содда нарсаларнинг ҳам яратувчиси борлигини яхши билади.
Мисол учун, чиройли курсини кўрганида уни бу шаклда ясаган дурадгорни эслайди. Кўркам уй ёки қасрни кўрганида эса уларни шу шаклда қурган одам ҳақиқий уста эканини англайди. Ана шу тарзда фикр юритиб, ҳар бир нарсанинг ўз яратувчиси борлигини англаб етади.
Аллоҳ таоло инсонга турли неъматларни берган. Инсон эса ўз хаёти учун зарур бўлган турли асбоб ва ашёларни кўриб, фикр қилмоқ мажбуриятидадир. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло хар бир нарсага Қодир, бандаларига меҳрибон Зот эканига далолатдир. Ушбулар орқали ҳам инсон ўз Роббининг мавжудлигига, ягоналигига иймон келтиради. Унинг қудрати, лутфи ва меҳрибонлигига тўла ишонади. Ундан бошқага ибодат қилиб бўлмаслигини тушунади. Ўз-ўзидан “Фақат Сенгагина ибодат қиламиз, фақат Сендангина ёрдам сўраймиз”, дея Аллоҳга нидо килади. Шу тарзда тўғри йўлга, ҳидоятга киради. Инкор килиб бўлмайдиган Ҳаққа қовушади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*