Таваккул қилайлик!

“Таваккул” луғатда “вакил қилиш” сўзидан олинган бўлиб, бир ишда бошқасига суянишга далолат қилади. Яъни, ўша ишда ўзи ожиз бўлиб, сабабларини ушлаган ҳолда тафаккур қилиб, албатта, мувофаққиятга эришишни умид қилган ҳолатда Аллоҳ таолога топширишдир. Таваккулни Ибн Ражаб “Жомеъул улум вал ҳикам” китобида қуйидагича таърифлайди: “Таваккул дунё ва охират ишларида фойдани жалб ва зарарни даф қилиш бўйича Аллоҳ азза ва жаллага сидқидилдан суянишдир. Ишларнинг барчасини унга Унга ҳавола қилишдир.”
Журжоний эса “Таърифоти”да: “Таваккул Аллоҳнинг ҳузуридагига ишониш ва одамлар қўлидагидан ноумид бўлишдир”, деб таъкидлайди.
Қурони каримда ва ҳадисларда таваккул қилиш мўминнинг сифатларидан экани ва таваккул қилишга буюрилгани ҳақида бир неча маротаба келтирилган. Аллоҳ таоло Тавба сурасида шундай марҳамат қилади:
قُلْ لَنْ يُصِيبَنَا إِلَّا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَنَا هُوَ مَوْلَانَا ۚ وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ
“Сен: “Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинкор етмайди. У бизнинг ҳожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар”, деб айт”.
Нисо сурасининг 81-оятда эса, Аллоҳ таоло:
وَيَقُولُونَ طَاعَةٌ فَإِذَا بَرَزُوا مِنْ عِنْدِكَ بَيَّتَ طَائِفَةٌ مِنْهُمْ غَيْرَ الَّذِي تَقُولُ ۖ وَاللَّهُ يَكْتُبُ مَا يُبَيِّتُونَ ۖ فَأَعْرِضْ عَنْهُمْ وَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ ۚ وَكَفَىٰ بِاللَّهِ وَكِيلًا
“Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккул қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир”, деб таълим беради.
Бундан ташқари, ҳадиси шарифларда ҳам таваккул ҳақида кўплаб ўринларда зикр қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалллам: “Менинг умматимдан етмиш мингги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. Улар дам солишни талаб қилмайдиганлар, шумланмайдиганлар ва Роббиларига таваккул қиладиганлар”, дедилар”.
Абу Алий Даққоқ роҳимаҳуллоҳ таваккул ҳақида: “Таваккул уч даражадан иборатдир: таваккул, таслим сўнгра тафвийз (ишни Аллоҳ таолога топшириш). Мутаваккил, яъни таваккул қилувчи Аллоҳ таолонинг ваъдасига кўра ҳаёт кечиради, таваккул қилиш билан ҳамма ишда нажот топишига ишонади. Таслим бўлувчига эса ҳолини Аллоҳ таоло билиб туриши кифоя қилади. Тафвийз соҳиби эса, Аллоҳ таолонинг ҳар қандай ҳукмига, ҳар қандай ҳолатда рози бўлади. Таваккул биринчи, таслим иккинчи, тафвийз эса, энг олий мақомдир. Таваккул мўминларнинг, таслим авлиёларнинг, тафвийз муваҳҳидларнинг сифатидир”, деб айтиб ўтадилар.
Баъзи уламолар тафвийз ва таваккулни жузъий фарқлари борлигини таъкидлашади. Ҳарвий айтади:”Тафвийз энг латиф иш бўлиб, таваккулдан маъноси кенгдир. Чунки сабаб воқе бўлгач, таваккул қилинади. Тафвийз эса, сабаблардан олдин ҳам кейин ҳам собит бўлади. У таслимликнинг энг олийсидир”.
Зуннун ал Мисрий роҳимаҳуллоҳдан сўралди: -Таваккул нима? У шундай жавоб берди: – Таваккул банда тарафидан келадиган таъма эшикларини буткул ёпилишидир. Мақомлар – олий даражалар ўн еттита. Унинг бошланиши буйруқларга бош эгиш, энг олийси эса таваккулдир”.
Келтирилган оят, ҳадис ва улуғларимиз сўзларидан хулоса қилиб, таваккул энг олий сифатлардан эканини тушиниб етдик. Аммо таваккул Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Ўйламай, чора-тадбир кўрмай, сабабларни ахтармай, кўр-кўрона ҳаракатни “таваккул” деб тушуновчилар кўпдир. Бу мутлақо нотўғри тушунчадир. Аллоҳ таолога таваккул сабаблардан айро нарса эмас, балки барчасини боғлаб турган бир ип, барчасини ҳаракатга келтирган кучдир, ҳар бир ишда, чора-тадбирда, Аллоҳни вакил деб эътиқод қилишдир. Агар қалбда вакиллик маъносида, ёрдам кутиш маъносидан сал бўлсада Аллоҳдан бошқа томонга мойиллик сезилса, уни Аллоҳга таваккул деб бўлмайди.
Ҳаётнинг ҳар бир ҳолатида Аллоҳга таваккул қилиш матлубдир. Таваккул Аллоҳ таолонинг муҳаббатини жалб қилувчи сифат эканлиги Қуръони Каримнинг Оли Имрон сураси, 159-оятида шундай марҳамат қилинади:
فَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ
Яъни: “Аллоҳга таваккул қил. Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севадир”.
Таваккул киши исломининг гўзаллигидандир. У Аллоҳга ва унинг Росулига итоат қилишни рўёбга чиқариб, ҳар қандай қийинчиликлардан сакинат ва хотиржамлик билан чиқишни таъминлайди. Таваккулга саҳобалар ҳаётидан ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд ўлим тўшагида ётганида Усмон ибн Аффон кўргани келди ва унга: “Нимадан шикоятинг бор?”, деди.
“Гуноҳларимдан”, деди.
“Нимани хоҳлайсан?” деди.
“Роббимнинг раҳматини”, деб жавоб берди.
“Сенга табиб юборайми”, деб сўради.
“Табиб (Аллоҳ) Ўзи касал қилди”, деди.
“Атоинг(маош)ни бериб юборайми. ”
“Тириклигимда ўзимни тийдим. Ўлимим олдидан унга ҳожатим йўқ”, деди.
“Қизларингга керак бўлар ”, деди Усмон.
“Менинг қизларимни камбағал бўлишидан қўрқяпсанми?! Мен уларга ҳеч камбағаллик етмаслигидан умидворман. Қизларимга ҳар кеча Воқеъа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким Воқеъа сурасини ҳар кеча ўқиса, камбағаллик кўрмайди”, деганларини эшитганман”, деб жавоб берди”. Саҳобалар ҳатто ўлими олдидан ҳам Аллоҳга маҳбуб амал- таваккулни тарк қилмадилар ва фақат Аллоҳ таолонинг раҳматидан умид қилдилар.
Ҳозирги кунимизда, барча учун келган синов пайтларида баъзи юртдошларимизда кузатилаётган ризқ тақчиллиги васвасасига берилмасдан, Аллоҳ таолога таваккул ва ҳусни зон қилган ҳолатда фазл ва раҳматидан умид қилиб, Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтишни барча мўмин мусулмонларга насиб қилсин. Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал Вакил, ниъмал Мавла ва ниман Насир!

Ҳавасхон Акбарова-
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

1 та изоҳ

  1. Mashaalloh Alloh rozi boʻlsin sizdan.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*