Тафаккур улуғ неьматдир!

Аллоҳ таборака ва таоло бандасига бор бўлишлик неьматини берди, йўқ эдик бор қилди бу улуғ неьматдир. Албатта бор бўлган инсон ўлади, ўлим бу инсон умрини тугаши эмас, балки инсоннинг ҳаёт бекатидаги бир йўлдир. Инсон бекатда бир тўхтайди, ўлим шарбатини ичади ва яна йўлида давом этади. Инсон бир марта ўлади ва охират диёрига борганида ҳақиқий ҳаёт бошланганда эса у қилган амалига яраша макон тутади, бу ҳақда Аллоҳ ҳақ субҳанаҳува таоло каломи Раббонийда марҳамат қилиб айтадики:
“(Эй инсонлар, У) Сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир. (Мулк сураси 2-оят).
Демак, Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг мана шу ҳаёти дунёда қилиб ўтадиган амалларини синаб охиратда ана ўша амалига яраша мукофот-жазо бериши учун ўлим ва ҳаётни яратган экан. Ушбу ояти каримада ўлим сўзи ҳаёт сўзидан олдин келтирилишига сабаб, ўлим калимасининг мазмуни ҳаёт калимасининг маьносидан равшанроқ эканлигидир. Чунки ҳаёт сўзи мана шу ўткинчи дунёда яшашнинг бошланишини билдирса, ўлим сўзи эса охират диёридаги ҳаётнинг бошланишини англатади. Ўлим юзаки қараганда ҳаётнинг тугаши бўлиб кўринса-да, аслида у мангу ҳаётнинг бошланишидир. Бу ҳусусда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки: “Жоним қудрат қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар менинг сўзларимни улардан (ўликлардан) кўра яхшироқ англагувчи эмассизлар. Фақат улар жавоб бераолмайдилар холос”.
Бу ҳаёти дунё барчамиз учун синов майдони экан, фақатгина яхши амаллар қилишга ошиқишимиз, ҳар кунимиз ва ҳолатимизда Аллоҳ таолонинг хикмати борлигини тафаккур қилмоқлигимиз ва ҳар бир ишда ўзимизнинг айбу хатоларимиз борлигини тафаккур қилмоқлигимиз ва уни ислоҳ қилмоқлигимиз лозимдир. Айни дамда бутун ер юзига ёғилиб турган Аллоҳ таолонинг ўлат балосини келишида ҳам маьлум миқдорда ҳиссамиз борлигини ва бу ҳхолат билан Аллоҳ азза ва жалла биз бандаларни огоҳлантираётганлигини ҳис қилмоқлигимиз лозимдур. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларнинг устингизга боши майиз каби қоп-қора инсон подшоҳ этиб сайланса ҳам унинг айтганини қилинг ва унга итоат этинг” деб бизларга амр этганларидек, раҳбарларимизнинг айтган амр ва буйруқларига бўйсинмоқлигимиз лозимдир, зероки, бу амр ва буйруқлар бизнинг ўзимизнинг фойдамиз учундир.
Ислом тарихига назар соладиган бўлсак Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида бутун мусулмонлар мушриклар тарафидан қамал қилинганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига итоат этишиб, ҳаттоинки дарахтларнинг барги ва илдизларини есалар ҳам осий ва итоатсиз бўлмаганликларини кўрамиз ва охири нажот кемасига минганликларини гувоҳи бўламиз. Бу синов барчамиз учун агар ибрат кўзи билан боқадиган бўлсак раҳматдир. Кечагина ишларимиз кўплиги сабабли уйда бемалол Қурьони карим ўқишга имконимиз йўқ эди, Қурьон ўқишга қалбимиз ошиқар, бироқ бунинг иложи йўқ эди. Мана бугун эса раҳбарларимиз бошчилигида “Қурьон ўқинг, Аллоҳга дуо қилинг” деган кўрсатма ва тавсияларини эшитиб турибмиз, буларнинг барчаси фикр қилсак раҳматдир.
“Уйдан чиқманг, бир-бирингиз билан мулоқот қилманг, бу синовдан хатарсиз ўтиб олайлик” деган чақириққа қарши чиқсак, итоат этмасак, осий ва одобсиз бўлсак бу биз учун азобдир. Аллоҳ таоло бундай итоатсизлик ҳолимизга вой бўлишидан ўзи нажот берсин!
Бутун Ер юзи, хусусан, Она Юртимизни отамиз Одам алайҳиссалом билан Момоҳавво онамизни зулматда қолиб, сенга қилган илтижоларини қабул айлаб, раҳмат тоғида бирлаштирганинг каби юртимиз ва барча мусулмонларни кечаси зулматда ўқиётган таҳажжуд намозларини ва дуоларини ижобат айлаб, офият тоғида жамлагин!
Нуҳ алайҳиссалом ва унинг қавмини Жудий тоғида жамлаганинг каби Она Юртимиз ва барча мусулмонларни тинчлик омонлик тоғида жамлагин!
Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмини Фирьавн алайҳиллаьна бало ва фитнасидан қутқарганинг каби Она Юртимиз ва барча мусулмонларни ушбу ўлат балосидан қутқаргин!
Иброҳим алайҳиссаломни ўт балосига гирифтор айлаб, уни чаманзорга айлантирганинг каби Она Юртимиз ва мусулмонларни бу гирифтор бўлинган безовталикларимиздан хотиржамлик ва осойишталик чаманзорида жамлагин!
Юнус алайҳиссаломни қирқ кун балиқ қорнида сақлаб дуоларини ижобат этганинг каби Она Юртимиз ва барча мусулмонларни уйимизда ўтириб қилган хатми Бухорийларимизни, илтижоларимизни ижобат айлаб бу бало ва офатлардан нажот бергин!
Айюб алайҳиссаломни дард балоси билан синаб имтиҳон қилиб чиройли чиқарганинг каби, бизларни ҳам бу вирус ва ўлат имтиҳонларидан чиройли чиқаргин!
Юсуф алайҳиссаламни йигирма икки йил зиндон балосига гирифтор айлаб ва у ерда ибодат қилдириб, сўнг Мисрга подшоҳ этганинг каби бизларни ҳам бу оиламиз ва аҳлларимиз билан жамланиб, кеча ва кундуз қилаётган дуою сўровларимизни ижобат айлаб, саломатлик ва тинчлик салтанатига подшоҳ этгин!
Юртимиз ва халқимиз тинчлиги-саломатлиги йўлида ўзларини тинчлиги ва осойишталикларидан кечиб, мағрур қалбларини қалқон қилиб ҳақийқий оталик сиймосини намоён қилаётган Юртбошимиз, ширин жонларини фидо қилаётган шифокорларимиз, буюк саркарда темурий ва мангу бердилар каби мардонавор турган харбийларимизга юқорида номлари зикр қилинган пайғамбарларнинг ажру-савобларини насиб этгин!
Бу каби бало-офатлардан Бухорий юрти бўлган Она Юртимиз Ўзбекистонимиз ва барча инсониятни ўзинг асрагин, барча мўмин мусулмонларнинг дуоларини ўзинг ижобат этгин, яна мадрасамиз қучоғида барчамиз тинч ва омон жамланишимизни, такбирлар айтиб, ўзингни Байтингда яна тўлдиришимизни барчамизга ва барча мўмин-мусулмонларга насибу муяссар этгин. Амин!

Пошшахон Эшонхон қизи –
Хадича Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таьлим муассасаси ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*