МОЗИЙГА ҚАРАБ ИШ КЎРМОҚ ХАЙРЛИДУР!

Бугунги куннинг энг долзарб мавзуси “Коронавирус” бўлиб қолди. Ҳар бир юртнинг Президентидан тортиб ҳар бир амалдоргача, ҳар бир амалдордан тортиб ҳар бир фуқарогача, қариядан тортиб ҳар бир ёшгача, муқимдан тортиб мусофиргача, Хитойдан тортиб Америкагача…
Ўзи нима бўлди? Кечагина кўнгил кўчаларида истаган ишини қилиб юрган инсон нега бугун дунёга сиғмай қолди? Дунёни қўя туринг, кўчага чиқмай қолди…
Келинг, ҳар бир ишда мозийга қараб иш кўриш хайрли эканлигини билган ҳолда, яқиндагина ahlisunna.uz сайтида нашр этилган Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Базл ул-маъун фи фазлит-таъун” асари 365-366 бетларининг имом ноиб Ботиржон Тожибоев томонидан келтирилган, қисқартирилган эркин таржимасига эътибор қаратайлик:
“Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ “ал-Миръот”да 449 (тўрт юз қирқ тўққизинчи) йилдаги ҳодисаларни ёритар экан, шундай дейди: Жумодул охир ойининг охирларида менга Бухородан мактуб келди. Унда шундай дейилганди:
Биз тарафларда мисли кўрилмаган даҳшатли ўлат тарқалди. Бир куннинг ўзида шаҳарни 80 минг нафар одам ташлаб чиқиб кетди. Самарқандда касаллик шу даражада авж олиб кенг тарқадики, ҳар куни олти мингдан зиёд одамнинг ёстиғи қуриб борди. Тирикларнинг асосий қиладиган иши кечаси ҳам кундузи ҳам фақат ўлик ювиш, кафанлаш ва дафн этиш бўлиб қолди…..
Ўлатдан қутулиш учун мутасаддилар тарафдан кўчага чиқиш қатъий тақиқланди. Икки мингдан ортиқ ҳовлининг дарвозалари ичида одамлари билан ташқаридан дамбалаб ташланди. Азим шаҳар кўчалари худди арвоҳ шаҳридек ҳувиллаб қолди. Халқ ўлатдан халос бўлиш учун ёппасига Аллоҳга ёлбориб тавба қила бошлади. Бойлар оммавий тарзда садақа тарқатишни йўлга қўйди. Эркаклар масжидлардан чиқмасдан жамоа бўлиб Аллоҳга йиғлаб дуо қилди. Қорилар тинимсиз хатми Қуръон ўқишди. Ароқхўрлар ичишни ташлади ва уйларидаги ароқларини ахлатга оқиздилар. Ароқ ишлаб чиқарувчилар асбоб-ускуналарини синдириб улоқтиришди. Ҳукумат тарафдан одамларнинг уйида ароқ ва шу каби ҳаром ичимликлар қолган-қолмаганини текширадиган махсус гуруҳ тузилди. Улар ҳар бир ҳовлига биттама-битта кириб текшира бошлашди. Бир ҳовли аъзолари ёппасига ўлиб қолган экан. Уларнинг уйидаги ароқ тўла идишларни шу гуруҳ аъзолари ўзлари олиб чиқиб синдиришди. Яна бир ҳовлига киришса, уй эгаси жон талвасасида ётган экан. Текширувчиларга ароқ турган жойни ишора қилиб кўрсатади. Улар жовон ортига яширилган ароқни топиб ташқарига улоқтиришди ва шундан кейин уй эгасининг дарди сал енгиллади. Уй эгасининг касби бола тарбиячиси бўлган ва унинг боғчасида 900 нафар тарбияланувчи бўлиб, уларнинг бирортаси ҳам тирик қолмаган эди.
Шаввол ойининг ўнинчи кунидан бошлаб Зулқаъда ойи чиқиб кетгунича (38-40 кун атрофида) хусусан Самарқанднинг ўзидан 236 минг нафар одам ўлди. Ўлганлар асосан аёллар ва ёш болалар эди. Эркаклар, қариялар ичида ўлим сони кўп бўлмади.
Ўлат дастлаб Туркистондан бошланди. Кейин Қашғарга, ундан Фарғонага, ундан эса Самарқандга ўтди. Балхга эса бир неча нафар одам Бухородан сафар қилиб Балхликлар орасида тарқалишига сабаб бўлди. Вабодан ўлганларнинг умумий сони ҳисоблаб чиқилганда уларнинг адади 1 650 000 (бир миллион олти юз эллик минг) нафардан ошиб кетди. (Ибн Ҳажар Асқалоний. “Базл ул-маъун фи фазлит-таъун”. 365-366 бетлар. Эркин таржима).”
Диққат билан ўқисак, Самарқанднинг ўзида бир кунда 6 000 дан ортиқ одам ўлган, 38-40 кун ичида 236 000 нафар одам, вабо тугагунча жами ўлганларнинг умумий сони 1 650 000 (1 миллиондан кўп!!!) бўлган экан. Эътибор беринг, бу ерда касалланганларнинг эмас, ўлганларнинг сони ҳақида гап кетяпти! Самарқанднинг ўзида вабодан ўлганларнинг сони 1 миллиондан анча кўп бўлган экан. Бугунги кун билан солиштирадиган бўлсак (1-апрел 2020 йил, вақт 06:39, манба https://coronavirus-monitor.ru/) 2019-йил 31-декабрдан 2020-йил 1-апрелгача бўлган жами касалланганлар сони дунё бўйича 859 226 кишини ҳамда шу муддатда жами ўлганлар сони 42 150 нафарни ташкил қилмоқда. Қаранг, бутун дунёда барча давлатлардаги шу кунгача касалланганлар сони ўша даврдаги битта Самарқанд шаҳрини ўзида ўлганлар сонидан 2 баробар кам. Бу рақамлар бизни огоҳликка чақириши керак. Шу даражада юқори ўлим балосини қандай чоралар сабаб даф қилинганига ҳам эътибор беришимиз керак.
Улар:
• Ўлатдан қутулиш учун мутасаддилар тарафдан кўчага чиқиш қатъий тақиқланди;
• Икки мингдан ортиқ ҳовлининг дарвозалари ичида одамлари билан ташқаридан дамбалаб ташланди;
• Азим шаҳар кўчалари худди арвоҳ шаҳридек ҳувиллаб қолди;
• Халқ ўлатдан халос бўлиш учун ёппасига Аллоҳга ёлбориб тавба қила бошлади;
• Бойлар оммавий тарзда садақа тарқатишни йўлга қўйди;
• Эркаклар масжидлардан чиқмасдан жамоа бўлиб Аллоҳга йиғлаб дуо қилди;
• Қорилар тинимсиз хатми Қуръон ўқишди;
• Ароқхўрлар ичишни ташлади ва уйларидаги ароқларини ахлатга оқиздилар;
• Ароқ ишлаб чиқарувчилар асбоб-ускуналарини синдириб улоқтиришди…..
Сир эмаски, ушбу вабо арафасида кишиларимиз орасида ҳам Аллоҳ таолога тавба қилишимизни тақозо қиладиган кўп ишлар кузатилаётган эди:
• Бировни ҳақини биров алдов йўли билан еганлар, рибо устида пул ишлаётганлар, пора устида яшаётганлар, ҳаром қилинган хамр ичаётганлар, …
• Ўз норасида боласини ўлдирган, жуфтини, отаси ё онасини… У ёғини ёзишга қўл бормайди. Наъузубиллаҳ…
• Очиқчасига мўътабар диний олимларимизга тош отиб, фитна уруғини сепаётганлар, …
• Беҳаё фильмларни тарғиб қилиб ёшлар тарбиясини бузаётганлар, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали номаҳрамлар билан танишиб оилаларни бузаётганлар, …
• Ҳаётни, қўйинг-ки, ҳар бир нарсани пул билан ўлчайдиган бўлиб кетмадикми? Ҳашаматли орзу-ҳаваслар гирдобига кириб кетган аёлу-эркаклар, битта машина рақами учун миллионлаб пул сарфлаб, ёнидаги қўшниси ё бирон қариндоши ҳолидан хабар олмаётганлар, қўша-қўша уйлари, қўша-қўша машиналари бору, закот бермаётганлар биз эмасмидик?
Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: “Улар Аллоҳ билан бирга бошқа “илоҳ”га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни қилса, уқубатга учрар.” (Фурқон сураси 68-оят)
“Илло, кимки тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Фурқон сураси 70-оят)
Алҳамдулиллаҳ, бизнинг юртимизда ҳам ушбу вабога қарши курашишда динимиз кўрсатмалари ва мозий саҳифаларида битилган уламоларимиз тавсиялари билан хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу вабо Аллоҳнинг ҳикмати билан аслимизга қайтишимизга, Аллоҳни танишимизга, қиёматгача ҳақ бўлган мукаммал динимиз кўрсатмаларига амал қилиб яшашимизга яна бир омил бўлмоқда. Аллоҳ таоло қилаётган истиғфорларимиз, тоат-ибодатларимиз, Қуръон тиловатларимиз, дуоларимизни ҳусни қабул айлаб, ушбу вабодан бутун инсониятни, жумладан юртимизни халос этсин, барча беморларимизга шифои комил бериб, яна хайрли ишларда бардавом бўлишни насиб этсин!

Зухра Ходжимуратова-
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом
таълим муассасаси катта ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*