Лаббай! Aллоҳим, лаббай!

Ҳаж ибодати Исломдаги беш рукндан бири ҳисобланиб, улуғ ибодатдир. Йулга чиқишга қодир булган ҳар бир мусулмон бу ибодатни адо этса, катта савобга эга бўлади. ”Ҳаж” арабча сўз булиб, луғатда “қасд қилиш” маъносини англатади. Уламолар маълум вақт (ҳаж қилиш мумкин булган ойлар)да, маълум макон (Маккаи мукаррама, Мино, Aрофат, Муздалифа каби ибодатларни адо этиш жойлари)да, маълум ибодатларни ният билан адо этиш (Байтуллоҳни тавоф қилиш, Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, Aрофат ва Муздалифада туриш, шайтонга тош отиш) ҳаждир деганлар.
Ҳажнинг фарзлигига далил: Қурони Каримнинг Оли Имрон сураси 97- оятида Aллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Одамлардан йўлини топганларга Aллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдур. Кимки куфр келтирса Aллоҳ оламлардан беҳожатдир”. Ушбу ояти карима қодир бўлган кишилар учун Байтуллоҳни ҳаж қилиш фарзлигига далолат қилмоқда. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам айнан шу масала борасида бир нечта ҳадислар ворид бўлган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом беш нарсага бино қилинган: “Aллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Aллоҳнинг Расулидир” деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо етиш, закотни бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш”, дедилар”. Aммо ҳажнинг бошқа фарзлардан фарқи шуки, у бир вақтнинг ўзида ҳаммага ҳам фарз бўлавермайди. Балки, йўлга чиқишга қодир инсонларгагина фарз бўлади. Уламолар оятда келган қодир бўлган инсон кимлиги ҳақида ўрганиб, ҳаж қилувчида ушбу шартлар топилсагина унга ҳаж фарз бўлади, дейишган. Булар: мусулмон бўлиши, балоғатга етган бўлиши, оқил бўлиши, ҳажга қодир бўлиши (ҳаж фарз бўлиши учун ўзи ва аҳли оиласининг ҳаражатларидан ортиқча маблағи бўлиши керак).
Ушбу машаққатли сафарнинг яна бир асосий шарти, ҳажга кетаётган аёлнинг ёнида албатта маҳрами бўлишидир. Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Бир кечаю бир кундузлик масофага аёл киши фақат маҳрами билан сафар қилсин”. Фазилатли шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Мўминнинг умр сафари” китобларида: “Маҳрам” деганда эри ҳамда никоҳи абадий ҳаром бўлган бошқа эркак қариндошлар тушинилади. Чунки ҳаж машаққатли сафар, унда турли ҳолатлар, қийинчиликлар содир бўлади. Шундай пайтда аёл кишининг ёлғиз ўзи қийналиши турган гап. Шунинг учун унинг узоқ сафарга бориб-келишида хизматини қилишга ва ёрдам кўрсатишга яқин қариндошларидан бирор эркак унга ҳамроҳ бўлиши шарт”, деганлар. Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Эркак аёлини ёлғиз ташлаб қўймасин ва аёл маҳрамисиз сафар қилмасин”, дедилар.
Яна бир қанча ҳадисларда эса, кимки фисқ ва жиноят ишларини қилмасдан ҳаж қилса, онасидан янги туғилган чақалоқдек гуноҳлардан пок бўлиб қайтиши, ушбу ҳажжи мабрурининг мукофоти жаннат бўлиши, умра олдинги умра орасидаги гуноҳларга каффорат бўлишининг хабари берилган. Бу мавзу ҳақида янада батафсилроқ юртимизда чоп етилган ҳаж ва умрага оид кўплаб китоблардан ҳам ўрганиб олишимиз мумкин. Мўминнинг умр сафари китобида: “Ҳаж ошиқона ибодат бўлиб, у ерга бориш фақат Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаж эълонига “лаббай” деб жавоб берган кишиларгагина насиб етади. У неча маротаба лаббай деган бўлса, Каъбатуллоҳни ўшанча марта тавоф қилиш шарафига муяссар бўлади”.
Аллоҳ таоло инсониятни бошига тушган вабо иллатидан барча юртларни халос қилиб, тез кунларда яна ҳаммамизга ҳажжи мабрур қилиш, қайта-қайта умра сафарларига боришимизни насиб этсин!

Бузрукхонова Муқаддасхон –
Хадичаи кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*