УЛАРГА ХАВФ ЙЎҚ ВА УЛАР ХАФА ҲАМ БЎЛМАСЛАР…

Аллоҳнинг муқаддас каломини қироат қилар эканман тез тез такрорланаётган бир оят эътиборимни тортди. Ҳар сафар “Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар”… оятини ўқиганимда “Улар” кимлар экан деган савол онгимни эгаллар эди. Шу қизиқиш билан уларнинг таржима ва тафсирларини кўра бошладим. Аввало, ушбу оятларни кетма кетликда териб чиқдим. Қарасам, охиратда хавф бўлмаслигининг биринчи шарти Аллоҳ таоло юборган ҳидоятига эргашиш экан. Бу ҳақида Аллоҳ таоло:
“Ким Менинг ҳидоятимга эргашса…” деган. (“Бақара” сураси, 38 оят)
Демак, инсоният икки дунёда хавфу хатардан омонда бўлиши ва маҳзунликка учрамаслиги учун Аллоҳ таоло юборган пайғамбарлари ва улар келтирган динга иймон келтириши ва шу билан бирга, шариат ҳукмларига амал қилиши лозим. Бу ҳақида хабар беришда давом этиб “ва яхши амалларни қилса…” (“Бақара” сураси, 62 оят) дейилган. Яхши амаллар – булар албатта Аллоҳ ва Расули буюрган амаллардир. Ана шундай амаллардан бири, бу намозни вақтида гўзал тарзда адо қилиш ва фарз закотни бериш экани қуйида келтирилган “намозни қоим қилиб, закот берганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар” (“Бақара” сураси, 277 оят) .
Ҳақиқий иймон эгаси бўлган кишилар доимо яхши амалларни қиладилар, хусусан, намозни вақтида адо этадилар. Иқтисодий соҳада эса, закот берадилар.
Ибн Жарир Саид ибн Жубайрдан ривоят қиладилар: “Ансорийлардан бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига хафа ҳолида келди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
“Эй фалончи, сенга нима бўлди? хафа кўринасан?” дедилар. У Одам:
“Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, бир нарсани ўйлаб хафа бўлдим”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“У нима эди?” деб сўрадилар. У киши:
“Биз эртаю кеч юзингизга назар соламиз, сиз билан бирга ўтирамиз. Эртага Пайғамбарлар ҳузурига равона бўлсангиз, сизга етиша олмай қоламиз”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса демай, жим қолдилар. Бир оздан сўнг Жаброил: “Ким Аллоҳга ва Расулга итоат этса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар” оятини олиб келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги кишининг ортидан одам юбориб башорат бердилар.
“Биз Пайғамбарларни фақат башорат берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборурмиз. Ким иймон келтириб, амали солиҳ қилса, уларга хавфу хатар йўқ ва улар ранжимаслар” (“Анъом” сураси, 48 оят).
Демак, инсонлар Аллоҳнинг ҳидоятига эргашиб, юборган пайғамбарларига итоат қилсалар, имонлари ва амали солиҳлари туфайли Аллоҳнинг фазли ила жаннатга кирадилар уларга ҳеч қандай хавфу хатар йўқ. Иймон ва амали солиҳ билан кечган умрлари саодатли бўлгани учун ўтмишларини эслаганда хафа бўлмайдилар ҳам. Бунинг учун аввало, Аллоҳ таоло юборга ҳидояти – пайғамбарига имон келтириб, яхши амалларни бажариш лозим бўлади. Шу билан бирга, улар иймонга амални, яъни, мустақимликни ҳам қўшиб олиб боришади.
Имом Муслим Ибн Ҳажжож Суфён ибн Абдуллоҳ ас-Сақафийдан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам ушбу маъно ўз аксини топгандир. Суфён ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадиларки, “Мен, эй Аллоҳнинг Расули, менга Исломда бир гап айтингки, сиздан кейин у ҳақда ҳеч кимдан сўрамайин, деган эдим, у киши, Аллоҳга иймон келтирдим, дегин-да, сўнгра мустақим тур, дедилар”. Яна бир лозим бўлган иш бу барча амалларини холис Аллоҳ розилиги учун қилишдир, “Кимки яхшилик қилган ҳолида юзини Аллоҳга топширса, унга Робби ҳузурида ажр бордир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар” (“Аъроф” сураси, 112 оят).
Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабул бўладиган амалнинг иккита шарти бор. Биринчи шарт: киши юзини Аллоҳга топширган бўлиши керак. Яъни, бутун вужуди ила Аллоҳга ихлос қилган бўлиши керак.
Иккинчи шарт: қилган иши шариатда тўғри деб топилган амал бўлиши керак. Демак, ҳам маънавий, ҳам моддий тарафдан фақат Аллоҳ учун бўлган иш ўз эгасини мукофотга етказади. Аввало, “Робби ҳузурида ажр бордир”.
Бундай мақомга эришиш учун яна:
“Кечасию кундузи молларини нафақа қиладиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар” (“Бақара” сураси, 274 оят).
“Кечасию кундузи” дейишдан мурод ҳамма вақт назарда тутилмоқда, “молларини” деган сўз замирида эса, ҳамма турдаги моллар ва ҳамма турдаги эҳсонларга ишора бор. Фақатгина фарз бўлган закот чиқариш эмас, балки ҳар вақтики, мўмин мусулмонларнинг ёрдамга эҳтиёжи бор қатламига ёрдам қилиб турилса уларнинг ажрлари энг олиймақом жойда – Роббилари ҳузурида эканлиги таъкидланмоқда. Бас, шундоқ экан мўмин-мусулмонлар юқорида васф қилинган кишилардан бўлиш учун ҳаракат қилмоқлари лозим.
Юқоридаги оятлар ва ҳадислардан хулоса оладиган бўлсак, кимки Аллоҳ борлигига, бирлигига, ибодатга ёлғиз Ўзи ҳақли эканига иймон келтириб, Аллоҳ буюрган яхши амалларини Ўзининг розилиги учун холис қилса, намозларини қоим қилса, Аллоҳ берган мол мулкидан муҳтожларга эҳсон қилиб турса, қайтириқларидан қайтса ана ўшандай кишилар Аллоҳнинг дўстлари бўлади ва “Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар” (“Юнус” сураси, 62 оят).
Ҳар бир мўмин-мусулмонга шундай мақом насиб қилсин!

Дилдора Махмудова –
Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*