Дуо қилайлик!

Бандани Аллоҳ билан боғлайдиган, яқинлаштирадиган воситалардан бири – дуодир. Дуо луғатда “ илтижо”, “ўкинч” маъноларини англатади. Истилоҳда эса банда Аллоҳга ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини ва итоаткорлигини изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилиши ва зарарларни даф қилишни сўраши дуо деб аталади. Инсон ўзининг яхши-ю ёмон кунида суянадиган Буюк Зот борлигини ҳис қилиши ва Унга суяна олишининг ўзи ҳам улкан неъматдир. Дуо орқали инсон таскин топади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога бирор бир нарса дуодан кўра қадрлироқ эмасдир”,- дедилар. Термизий ривоят қилган. Банда ўзининг манфаатларини сўраб Аллоҳга дуо қилиши ҳам ибодат, ҳам Аллоҳга қадрли нарса экан. Чунки, дуо қилувчи ўзининг ожизлигини изҳор қилиш билан бир қаторда Роббисининг кўплаб сифатларини – Аллоҳнинг борлигини, ҳожатларни раво қилувчи Зот эканлигини, эшитувчи, сахий, қудратли ва раҳмат Эгаси эканлигини зикр қилаётган бўлади.
Аллоҳ таоло Ғофир сураси 60-оятда шундай марҳамат қилади: “Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман”. Оламлар Роббиси шундай ваъда қилган, ким чин дилидан, ихлос ила дуо қилса ва ижобатини умид қилса, Аллоҳ таоло унинг дуоларини албатта ижобат қилади. Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди. Банданинг дуоси тезроқ ижобат бўлишининг ҳам ўз одоб-ахлоқлари мавжуд:
– Дуо қилаётган банда, аввало, Аллоҳ таоло яхши кўрадиган ва рози бўладиган эзгу ишни ният қилмоғи керак ва иложи борича кўпроқ дуо қилишга ҳаракат қилиш керак;
– Дуони қалб ҳотиржамлигида, бутун вужудни Аллоҳга бериб, ялиниб-ёлвориб, унинг ижобатига ишонган ҳолда қилиш керак;
– Дуо қилувчи кафтларини очиб, қўлларини юқорига баланд кўтариб, Аллоҳга ҳамду-сано, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиб бошламоғи лозим;
– Барча ишларда Роббини ёдга олиб, Унга ҳамду-сано билан бошлаш мусулмон кишининг одобларидан ҳисобланади. Шу маънода ҳамд-у сано билан бошланган дуо ижобат қилинишига яқин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш ҳам одоблардандир. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:” Албатта дуо осмон ва ер орасида турувчидир. Набиййига саловат айтмас экан ундан ҳеч нарса кўтарилмайди”. Термизий ривоят қилган. Демак, дуоларимиз Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилиши учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам саловатлар айтишимиз керак;
– Дуо қиладиган инсон таҳоратли ҳолда бўлиши ҳам афзал ҳисобланади;
– Аллоҳдан бирор нарсани дуо қилганда азму қарор ила қилиш керак, ва дуо қилаётганида қалби бошқа нарса билан банд бўлмаслиги лозим. Яъни, тил ила дил бир бўлмоқлиги дуонинг шартларидандир. “Рисолатул Қушайрия” китобида келтирилган қуйидаги ривоят сўзимизнинг яна бир яққол исботидир: “Мусо алайҳиссалом тазарру билан ёлвориб, дуо қилаётган кишининг ёнидан ўтдилар ва: “Эй Аллоҳим, агар унинг ҳожатини раво қилиш менинг қўлимда бўлганида, албатта, раво қилар эдим,”- дедилар. Шунда Аллоҳ таоло у зотга: “Мен унга сендан кўра меҳрибонман. Лекин, у менга дуо қилмоқда-ю, бироқ қалби қуйида турибди, Менга дуо қилаётган банданинг қалби Мендан ўзгада бўлса дуосини қабул қилмайман деб”, ваҳий юборди. Мусо алайҳиссалом ҳалиги кишига бу хабарни етказди. Шунда у бутун қалби билан Аллоҳ таолога астойдил дуо қилган эди, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилди. Шунинг учун дуо қилувчи сўровини қалбдан чиқариб дуо қилиши лозим.
– Дуо қилишда ҳам ҳаддан ошмаслик керак;
– Ўзининг, фарзандларининг, мулкининг зарарига ёки бирор гуноҳ ишнинг амалга ошиши, қариндошлик алоқаларини узиш учун дуо қилмаслик керак. Одатда ҳеч ким бундай дуо қилмайди. Лекин “жаҳл чиққанда ақл кетади” деганларидек, баъзи инсонлар ғазабланган ҳолатларида шундай дуо қилиб юборадилар. Бундай ҳолатдан тилни сақлаш лозим, зеро, унинг ижобати ҳеч кимни қувонтирмайд;
– Бирор зарар ёки мусибат етгани туфайли ўлим сўраб дуо қилмаслик керак. Бу мусулмон киши учун ҳам беодоблик ҳисобланади, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб, яхшилик сўраб дуо қилиб бориши лозим.
Бундан ташқари, дуолар ижобат қилинишига ваъда қилинган фазилатли вақтлар ва маконларда кўпроқ дуо қилишга ошиқиб қолиш керак. Масалан, азон ва такбир орасида, фарз намозлар ортида, кундузнинг ва кечанинг охирги қисмида, рўзадорнинг ифтор вақтида, рамазоннинг барча кунларида, зул ҳижжа ойининг ўн кунлиги ва арафа кунида, ҳажда ва Каъба ёнида, ёмғир ёғиб турган фурсатда, сажда қилган ҳолатда дуо қилинса, иншааллаҳ ижобати яқиндир.
Инсон бошига мусибат тушиб, Аллоҳдан ўзга топинчи қолмагандагина Унга юзланмаслиги керак. Балки, кенгчилик ва муҳтож бўлмаган ҳолда ҳам дуода бардавом бўлиш чин мусулмоннинг хислатидир.
Аллоҳнинг исм-сифатларини зикр қилиб, офият сўраб, ижобатига ишониб, тазарру ила доимий дуода бўлмоқлик лозим. Айни кунларда ҳам, Аллоҳнинг офияти ва раҳматига муҳтожмиз. Дунё бўйлаб тарқалаётган пандемиянинг даф бўлишини ва Аллоҳнинг яхшилигини сўраб дуо қилмоғимиз лозим. Уйда қолиб, истиғфор, зикр ва дуоларни кўпайтирайлик. Дуоларимизни юқоридаги одоблар билан зийнатлайлик. Ҳаммамизга Аллоҳ офият берсин, дуолари ижобат бандалардан бўлиш насиб қилсин.

Раимқулова Юлдуз – Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*