ЖУМАНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

«Жума» сўзи арабча сўз бўлиб, жамлаш деган маънони англатади. Чунки бу кунда мусулмонлар жамланиб, жума намозини ўқийдилар. Бу куннинг фазилатлари ҳақида бир қанча ҳадислар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган:
– Жума куни кунларнинг саййидидир ;
– Жума кунида мўмин банда дуо қилса, дуолари ижобат бўладиган бир соат бордир ;
– Кунларингизнинг энг афзали жумадир, у кунда Одам алайҳиссалом яратилди, Унда пуфлаш бордир. Унда қаттиқ қичқириқ бордир ;
– Қуёш жумадан улуғроқ бир кунда чиқмаган. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақатгина ҳисоб ва азоб уларга лозим бўлган жин ва инс бундан ғафлатда ;
– Садақаларнинг савоби у кунда кўпайтириб берилади ;
– Жума куни ҳамма жониворлар, жин ва инсонлар ҳам қўрқинч ила кутиб турурлар. Яна бу кунда яхшилик ва ёмонликлар кўпайтириб берилади. Ва бу кунда Қиёмат қоим бўлиши бордир ;
– Жума кунида бир соат бор, қайси бир мусулмон банда ўша соатда туриб намоз ўқиб, Аллоҳдан бирор нарса сўраган ҳолида тўғри келса, албатта, У зот унга ўшани бергай”. Сўралди: “Эй Аллоҳнинг Расули, у қайси соатдир?”. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Намозга иқомат айтилганидан бошлаб, намозни тугатгунича”, дедилар ;
– Кунларнинг саййиди жума кунидир. Аллоҳнинг наздида Фитр ва Зуҳо кунларидан ҳам улуғдир. Бешта хусусият унга хосдир: Аллоҳ таоло у кунда Одам алайҳиссаломни яратди; жума куни Одам алайҳиссаломни ер юзига туширди; Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни жума куни вафот топтирди; у кунда шундай бир вақт борки, бандаси Роббисидан ҳаромдан бошқа нарсани сўраса беради; у кунда Қиёмат куни қоим бўлади ;
– Менинг олдимга Жаброил алайҳиссалом келди. Қўлида оппоқ бир ойна бор эди. “Эй Жаброил, бу нима”, дедим. “Бу — жума. Раббингиз уни — сизга ва умматингизга байрам бўлсин деб — фарз қилди. Яҳудий ва Насоролар сизга эргашувчидир” деди. “Бизга унда нима бор!” дедим. Айтди: “Жумада сиз учун хайрли бир соат бор, мусулмон банда у соатда дунё ва охират учун хайрли бир нарса истаса, Аллоҳ уни албатта беради. Бермаса Ўзининг ҳузурида сақлаб қўяди. Берганидан сақлаб қўйгани яхшироқдир. Ёки бир гуноҳдан сақланиш учун Аллоҳга сиғинса, Аллоҳ уни сақлайди ёки ундан оғирроқ балони ундан буриб қўяди. Мен айтдимки, “Бу қора нуқта нима?” “Бу жума кунидаги (дуолар ижобат бўладиган) вақтдир. Бу жума менинг наздимда зиёда қилинган кундир”, деди. “Зиёда қилинган кун нима”, дедим. “Албатта, Роббингиз Фирдавсда бир водийни олган. Унда мушкдан тепалик бор. Жума куни бўлса, пайғамбар нурдан бўлган минбарлар билан қопланади. Нур минбарлари тилло минбарлардир. Ёқут ва забаржадлар билан қопланган. Унда сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳлар турадилар. Қуръон аҳли холаларидан чиқадилар. Ўша мушк тепаликда соҳибларидан кейин келиб ўтирадилар. Роббилари ҳузурига тўпланишади. Аллоҳга ҳамд ва сано айтадилар. Аллоҳ таоло уларга: “Мендан сўранглар!” дейди. Улар: “Сендан розилингни сўраймиз”, дейишади. Аллоҳ “”Сизлардан розиман. Сизларга Жаннатни, уйимни зийнатладим, сизларга барча неъматларимни етказдим” дейди. Кейин уларга Ўзининг нурини кўрсатади ва Аллоҳ таоло берган кунларнинг ичида энг яхшиси жума бўлиб қолди .
– Жума омон бўлса, бошқа кунлар омон бўлади ;
– Қайси бир мўмин жума куни ёки жума кечасида ўлса, Аллоҳ уни, албатта, қабр фитнасидан сақлайди ;
– Жума кунида менга салавотни кўп айтинглар. Чунки салавотларингиз менга арз қилинур ;
– Ким Қаҳф сурасини жума куни қироат қилса, унга икки жума орасича нур зиё сочади ;
– Жума намози кейинги жума намози орасидаги гуноҳларга каффоратдир, катта гуноҳлардан сақланган бўлса ;
– Жума туну куни йигирма тўрт соатдир. Унда бир соат борки, Аллоҳ таоло унда дўзахга мустаҳиқ бўлган олти юз мингни озод қилади;
– Жума кунги ғусл каффоратдир, жумага юриб бориш каффоратдир, ҳар бир қадамга йигирма йиллик амал, намозни адо қилса икки юз йиллик амал савоби берилади ;
– Жаҳаннамнинг олови ҳар кун заволдан олдин истиво вақтида бир гуриллатилади. Жума намозидан ташқарида бу пайтда намоз ўқиманг. Чунки жума кунининг бошдан-оёғи батамом намоздир. Жаҳаннам олови жума кунида гуриллатилмайди;
– Аллоҳнинг жамоли томоша қилинадиган кун ҳам шу кундир;
– Аллоҳ жума куни олти юз минг кишини жаҳаннамдан озод қилади;
– Жума куни қушлар ҳам, ҳашарот ҳам бир-бирлари билан учрашганда саломлашиб шундай дейишади: — Салом, салом, солиҳ кун!
– Ким ҳаж қилишни хоҳласа ю қодир бўлмаса, жума намозидан қолмасин, чунки жума мискинларнинг ҳажидир.
Ва яна жума кунида Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг тавбасини қабул қилган. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалаомни гуноҳ қилганидан сўнг шунчаки ер юзига ташлаб қўймади, унга муҳлат берди ва қандай тавба қилишни ўргатди:
“Бас, Одам ўз Роббисидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” .
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: “Одам алайҳиссалом Аллоҳ таолога тавба қилгач, фаришталар бундан мамнун бўлишди. Жаброил ва Микоил алайҳисаломлар Одам алайҳиссаломнинг олдига келиб: “Эй Одам! Аллоҳ берган, кўзларингни қувонтирган бу тавба сенга муборак бўлсин”.
Одам алайҳиссалом сўради: “Эй Жаброил, бу тавбадан сўнг менинг мақомим қаерда бўлади?” Аллоҳ таоло унга ваҳий қилди:
“Эй Одам! Машаққат ва азоб уқубатни зурриётларигга мерос қилдим, уларга тавбани мерос қилди. Кимки Менга дуо қилса, худди сенга жавоб берганимдек, унинг дуосига ҳам жавоб бераман. Кимки Мендан мағфират тиласа, унга бахиллик қилмайман. Эй Одам, Мен дуогўйга энг яқин ва дуоларни ижобат қилувчи Зотдирман. Тавба қилувчиларни хушнуд ва жилмайган ҳолларида қабрлардан чиқариб, маҳшаргоҳда тўплайман, уларнинг дуолари мустажобдир” .
Одам отамизнинг тавбасини қабул қилган Роббимиз, Одам алайҳиссалом зурриётларининг ҳам тавбаларини қабул қил!
Одам отамиз дуо қилган калималар ила дуо қиламиз, илтижоларимизни қабул қилгин: “Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз” , дея Сенга илтижо қиламиз Роббим!
Масжидларимиз минораларидан “Намозга шошилинг”, “Нажотга шошилинг” дея чақириқ бўлсада, бирорта намозхон масжид томон боролмаса, мана бир неча жума ўтган бўлса ҳолимиз шу Роббим!
Ўзинг биз ожиз бандаларинг ҳолини ислоҳ қил, яхшилик томон ўзгартир!
!Бизларни Рамазонга чиройли ҳолда етказ, Байтларинг Ўзингга сажда қилувчилар билан тўлсин, азонлар, дуолар, таровиҳ тасбеҳлари кўнглимиз яйратсин Роббим!
Ўзинг бизга кушойиш бер, бу вабоингни ер юзидан кўтар, биз ожиз бандаларингни оғир синовларинг билан синама…
Жумаларни бизга муборак қил, тавбаларимизни қабул қил, дуоларимизни ижобат қил, барча офатларингдан офият бер….

Дилдора Махмудова –
Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*