Недан бу кўз ёшланар!

Кўз ёши бу аслида қалбдан тўкиладиган маржон, сўзсиз қалб изҳори , Яратганнинг неъматидир аслида. Кўзларнинг ёшланмаслиги эса қалбнинг ўтмаслашиб гўё саҳрога айланиб бораётганидан нишона. Ҳар бир нарсани яратган Оллоҳ уни маълум бир ҳикмат ва вазифа учун яратади. Хўш қачон йиғлаш керак ва нима сабабдан?
Қуръони каримда кўзёш тўкиш билан боғлиқ бир неча оят келади. Мўминнинг йиғлаши кулишидан кўп бўлиши кераклиги ҳақида Аллоҳнинг тавсияси бор: “Бас, ўзларининг касб қилган нарсалари (яъни, кофирликни танлаганлари) жазосига улар(бу дунёда) оз кулсинлар, (сўнгра охиратда) кўп (абадий) йиғласинлар!” (Тавба сураси 82-оят мазмуни). Кўз ёши қўрқув ва тафаккурдан келса, инсонга олийлик ва маънавий юксаклик бахш этади. “Кўз ёш тўкиш гўзал экан, ёш тўкайлик”, деб ҳар йерда ва ҳар замон йиғлаш тўғрими? Ҳар турли ибодатнинг ичига фасод солган нафс ва шайтон йиғига ҳам аралашсачи?… Йиғига риё ва сумъа аралашсачи? Ҳозирги умматнинг кўз ёши нима учун тўкилмоқда ? Фано ҳаёти учунми ёки охират учун ? Охират учун дейдиган бўлсак риёга борган бўлмаймизми? Ахир азаларда ёқа йиртиб хушидан айрилаёзган , йиғиси дарё бўладиганлар ўлимни ҳақ билиб, тафаккур этиб йиғлаяптилар дея оламизми? Афсуски йўқ. Гувоҳи бўляпмизки, уларнинг аксари фақат марҳум ва унинг яқинларига бўлган “дил изҳори”дан ўзга нарса эмас. Хўш ислом шариати бунда қандай кўрсатма беради? Суннати набавийда бу борада ҳам тавсиялар келганми?
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёш тўкканлар, яширин йиғлаганлар. Яширин йиғлашни тавсия этганлар. Чунки, ошкора йиғига кишининг нафси аралашиши мумкин.
Ҳадиси қудсийда кўз ёш ҳақида.
Ҳадиси қудсийда бир томчи кўз ёшининг минг олтин садақа қилишдан ҳам фазилатли экани баён қилинган: “Сенинг Аллоҳдан қўрқиб бир томчи кўзёш тўкишинг, албатта, минг динар садақа қилишингдан ҳам Менга севимлидир” (“Руҳул-баён “, 3/476
Ҳадиси шарифларда йиғи ҳақида.
Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрни келганида тишларининг оқи зўрға кўринар даражада табассум қилганлар. Қаҳқаҳа отиб асло кулмаганлар. “Агар сизлар мен билганимни билганларингизда, оз кулар ва кўп йиғлар эдиларингиз” (Доримий. “Сунан”, 2619). “Муҳаммаднинг нафси қўлида бўлган Зотга қасам, агар сизлар мен кўрганларни кўрганларингда, албатта, оз кулар ва кўп йиғлар эдингиз!” Саҳобалар сўрашди: “Ё Расулуллоҳ! Нимани кўрдингиз?» Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат этдилар: “Жаннат ва жаҳаннамни кўрдим!” (Муслим “Саҳиҳ”, 646).
“Етти тоифа кишилар бор, соя бўлмаган қиёмат кунида Аллоҳ уларни соялантиради: одил бошлиқни; ёшлиги Аллоҳга ибодат билан ўтганни; чиққанидан қайтгунига қадар қалби масжид билан боғлиқ бўладиган одамни; Аллоҳ учун бир-бирларига муҳаббат қўйган зотларни – улар Унинг учун тўпланадилар, Унинг учун айриладилар; ёлғиз қолганида Аллоҳни зикр қилиб кўзёш тўкканни; чиройли ва обрўли бир аёл ўзига чақирганида “Мен Аллоҳдан қўрқаман”, деганни; садақани яширин қилган, ҳатто ўнг қўли берганида сўл қўли билмаган(одамни)” (“Муватто”). Кўзёш тўкиш фақат инсонга хос эмас. Бошқа мавжудотлар, жумладан, жинлар ҳам, бўлак жонли ва жонсизлар ҳам йиғлайди. Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илк паллаларда хурмо ёғочига суяниб хутба ўқир эдилар. Кейин минбар тайёрланди. У Зот минбарга чиқиб хутба ўқийдиган бўлдилар. Қуриган хурмо ёғочи эса бу айрилиққа чидаёлмади, гўдак йиғиси каби овоз билан йиғлади. Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушдилар, келиб, гўдакни қучоқлагандек дарахтни қучоқладилар… Шундан сўнг ёғоч тинчланиб, йиғисини тўхтатди. Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Агар мен уни қучоқламаганимда, албатта, қиёматга қадар йиғлаган бўлар эди”
Инсонни ҳатто олий даражаларга қадар етаклайдиган воситалардан бири кўз ёши экан, демак уни ўз ўрнида яъни дуоларда, тавбаларда қўллаш кўпроқ жоиз бўлади. Айниқса дунё узра синов бўлган ҳозирги замон ҳодисалари бизни янада ҳассос бўлиб Оллоҳга боғланишимизга ундайди. Бундай улуғ неъматни ўз ўрнида қўллаш ақл эгалари учун айни фурсатдир!

Хадичайи Кубро аёл- қизлар ислом таълим

муассасаси 3-курс талабаси Мирзаева Гулҳаё

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*