ВАҚТ ҚАДРИ

Ушбу мақолага унвон сифатида қуйидаги оятни қўймоқчимиз:
ثُمَّ لَتُسْأَلُنَّ يَوْمَئِذٍ عَنْ النَّعِيمِ۝
“Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз”. (Такасур сураси 8)
Аллоҳ азза ва жалла Қиёмат куни бизларга бу дунёда берган неъматларини ҳисоб-китоб қилиб олишини ояти каримада айтиб ўтмоқда. Инсонга берилган энг олий неъматлардан бири бу-вақт неъматидир.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ : قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” نِعْمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ الصِّحَّةُ وَالْفَرَاغ”. (رواه البخارى)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки неъмат борки, у ҳақда инсонларнинг кўпчилиги бебаҳра қолишади: соғлик ва бўш вақт”, дедилар”. (Бухорий ривояти)
Чиндан ҳам бу икки неъмат инсон учун бебаҳо бўлган неъматлардандир. Афсуски, бугунги кунимизда жуда кўплаб инсонларни ушбу икки неъматдан унумли фойдалана олмаётганликларини кўришимиз мумкин. Хусусан, ёшлар жамиятига кириб борадиган бўлсак, ижтимоий тармоқларда вақтларини ҳаддан ташқари зое кетказаётганликларини гувоҳи бўлмоқдамиз.
Биргина мисол, You Tube тармоғига кириб кузатадиган бўлсак, инсонларга фойдали бўладиган дастурларни кузатувчилари жуда ҳам оз, ёки турли йўналишдаги илм фан янгиликларига қизиқувчиларни жуда озчилик эканига гувоҳ бўламиз. Бунинг акси ўлароқ, инсонларнинг вақтларини беҳудага сарфловчи фильмлар, видео-роликларни кузатувчиларининг сони кўплигини билишимиз мумкин.
Хўш, бу нимага далолат қилади?
Афсуски, бу инсонларнинг на дини ва на дунёси учун фойдасиз бўлган нарсага вақтларини беҳуда сарфлаётганларига далолат қилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
فَوَرَبِّكَ لَنَسْأَلَنَّهُمْ أَجْمَعِينَ۝عَمَّا كَانُوا يَعْمَلُونَ۝
“Бас, Роббинг ила қасамки, албатта, уларнинг ҳаммасидан сўрармиз. Қилиб юрган ишлари ҳақида”. (Ҳижр сураси 92-93)
Қадрли диндошим! Вақт бизга бир маротаба бериладиган неъматдир. Ўхшамай қолса, бошқатдан яшаб кўриш имкониятига эга эмасмиз. Шундай экан, вақтимиздан унумли фойдаланиб қолайлик, унинг ҳар бир лаҳзасидан дунёимиз ёки охиратимизга фойда бўладиган тарзда фойдаланайлик.
Аллоҳ таоло инсонларга бундан 14 аср илгари бундай дея хабар берган эди:
اقْتَرَبَ لِلنَّاسِ حِسَابُهُمْ وَهُمْ فِي غَفْلَةٍ مُعْرِضُون۝
“Одамларга ҳисоблари яқинлашиб қолди. Улар эса, ғафлатда, юз ўгирувчи бўлган ҳолларида” (Анбиё сураси 1)
Бундан 14 аср илгари ҳисоб-китоб кунимизга озгина қолганлигини айтган бўлса, энди “яқинлашиб қолди” деган муддатдан 14 асрни айириб юборадиган бўлсак, жуда ҳам оз фурсат қолди, деганидир. Шундай экан, ҳар бир вақтимиздан унумли фойдаланайлик, соатлаб давом этадиган фойдасиз нарсалар ўрнига қанча саловатлар айтиш мумкин, неча поралаб Қуръони каримдан тиловат қилиш мумкин, Аллоҳ таолони зикр қилиш мумкин, неча ракаатлаб қазо намозларимизни адо этишимиз мумкин, тил ўрганиш, китоб мутолаа қилиш мумкин, ёинки инсонларга фойда келтирадиган қанчадан-қанча ишларни қилиш мумкин. Демак, бизларга омонат қилиб берилган, унинг ҳисоби аниқ қилинадиган вақтимизни бефойда бўлган ишларга сарф қилмайлик.
Азиз диндошим! Аллоҳ таоло сиз-у бизни фақатгина Ўзига ибодат қилишимиз, бир биримиз билан гўзал муомалада бўлишимиз учун яратди.
Шундай экан, ҳаётимизни ҳар лаҳзасини Ўзигагина ибодат қилишимиз учунгина яратган Зотга ибодат билан, теварак-атрофимиздаги инсонларга, жамиятга манфаат келтирадиган ишларга сарф этайлик…

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом таълим муассасаси

4 – босқич талабаси Рамазонова Мадина

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*