ЗИРОАТ МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ ЗАКОТИ

Ислом шариатида зироат бойликларидан ушр ёки ушрнинг ярмини чиқариш фарзлигига ижмоъ қилинган. Ушр сўзи “ўндан бир” деган маънони англатади. Ушрнинг ярми эса йигирмадан бирдир. Шу сабабдан мусулмонлар орасида зироатнинг закотини ушр деб аташ одат бўлиб қолган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
«Ва сизга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан инфоқ қилинглар», деган («Бақара» сураси, 267-оят) деб буюрган.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло ердан чиққан нарсаларни умумий зикр қилган, бирортасини қайдламаган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи юқоридаги оятни далил қилиб, зироат маҳсулотларининг барчасидан закот берилади, деганлар. Закот чиқариш исломдаги энг гўзал ва манфаатли молиявий ибодатлардан биридир.
Мухтасарул виқоя китобида шундай дейилади:
“Оз бўлса ҳам ердан чиққан нарсалардан, агар уни оқин сув ёки ёмғир суғорган бўлса, ушр берилади.”
Қуръони каримда ушбу оят ҳам зироат маҳсулотларидан закот чиқаришга далил бўлади:
«Ва ҳосилини йиққан кунда ҳаққини беринг», деган («Анъом» сураси, 141-оят).
Солим ибн Абдуллоҳ отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Осмон, булоқлар ёки ёмғир-ла суғорилганлардан ушр, сув қўйиб суғорганлардан ушрнинг ярми», – дедилар». Бухорий ва «Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳадисда зироат маҳсулотларининг сақлаб қўйса бўладиган, бўлмайдиган, қурийдиган, қуримайдиган деган сифатлари келтирилмаганини ва шу сабабли ҳар қандай зироат маҳсулотидан закот чиқарилади, уларда нисобнинг ҳам аҳамияти йўқ дейдилар. Яъни, озми кўпми барибир закотини чиқариш фарздир дейдилар. Бу гапни Иброҳим Нахаъий, Ато ибн Аби Рабоҳ, Умар ибн Абдулазиз ва бошқалар ҳам айтганлар. Улар закот фарзлиги тўғрисидаги оят ва ҳадисларда нисоб ҳақида сўз йўқлигини ҳужжат қилиб келтирадилар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаблари ушбу масалада ҳар томонлама кучли ҳисобланади. Бошқа мазҳабларда эса зироат маҳсулотлари закоти ҳақида бироз фарқли ҳукмларни айтадилар.
Моликий ва Шофеъий мазҳаблари одамларга қут бўладиган, яъни, ўз ихтиёрлари ила овқат қилиб оладиган нарсалар ва сақлаш мумкин бўлган зироат маҳсулотларидан закот берилади, бошқаларидан берилмайди, дейдилар. Шунингдек, олма, анор, нок, шафтоли, полиз экинлари ва шунга ўхшаш кўп турса айниб қоладиган маҳсулотлардан ҳам закот олинмайди.
Ердан чиққан нарсалардан ерга ишлов бериш билан ўстирилмайдиганларида, масалан ўтин, ўт-ўлан, хашак, қамишга ўхшаган нарсаларда ушр йўқлигига барча уламолар иттифоқ қилганлар. Табиий ҳолатда оқиб келадиган сув ила суғорилган экинлардан олинган зироатдан ушр (ўндан бир) закот чиқарилади.
Агар зироат маҳсулотини катта пақир ёки чархпалак ила суғорилса, ушрнинг ярми, яъни йигирмадан бири берилади. Бунда зироат учун қилинган харажат чиқариб ташланмайди.
Бу ҳукмларнинг далили ҳадиси шарифда келган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Анҳорлар ва булутлар суғорган нарсалардан – ушр (ўндан бир), сув чиқарувчи ҳайвон ила суғорилгандан – ушрнинг ярми», – дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Зироатларнинг закоти ердан чиққан нарсага тааллуқли бўлади, закот берувчининг зиммасига тааллуқли бўлмайди, шунинг учун бу закотнинг вожиб бўлиши учун ақл, балоғатга етганлик ва ҳур бўлиш шарт қилинмайди. Ёш боланинг, мажнун кишининг еридан, вақф ерларидан, ижрага берилган ерлардан ҳам зироат закоти чиқарилади. Зироат маҳсулотларининг закоти уни йиғиб олинаётган кунда вожиб бўлади. Агар зироатга бирор офат етадиган бўлса, закот соқит бўлади. Агар деҳқон ўз зироатини пишмасидан олдин сотиб юборган бўлса, унинг закоти харидорга вожиб бўлади. Пишгандан сўнг сотиб юборса, деҳқоннинг ўзига вожиб бўлади.
Абу Ҳанифанинг икки шогирдлари Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг наздларида эса зироатлардан закот чиқариш учун маълум нисобга етиши керак. Икки имом сабзовотлардан ва зираворлардан яъни укроп, кашнич, зира каби маҳсулотлардан ҳам закот чиқарилмайди дейдилар. Улар ўз сўзларига қуйидаги ҳадисни далил қиладилар:
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Беш васақдан камда садақа йўқ. Беш заваддан камда садақа йўқ. Беш увқиядан озда садақа йўқ», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Васақ оғирлик ўлчови бўлиб, бир васақ 130.6 кг бўлади. Беш васақ эса 653 кг бўлади. Демак, зироат маҳсулоти 653 килограммга тенг бўлганда нисобга етган бўлади. Завад – оз сонли туяга ишлатиладиган сўз. Туянинг сони бештага етганда битта қўй бериш вожиб бўлади. Увқия – кумуш пулнинг ўлчовидир. Бир увқия қирқ дирҳамга тенгдир. Кумуш пул икки юз дирҳамга етганида нисобга тенглашган бўлади.
Ҳозирги кунда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг сўзларини олиш ҳамма учун, айниқса, фақирлар учун жуда ҳам манфаатли бўлади. Мўъмин банда ўзининг молида камбағалнинг ҳаққи борлигини доимо ёдда сақлаши, уни адо этишга ҳарис бўлиши лозим. Шу билан бирга, закот бермасликнинг турли йўлларини қидирмаслиги аксинча, уламолар ўртасидаги ихтилофли масалаларнинг ҳам энг эҳтиётли тарафини олиши керак бўлади. Бир масалада закот берилмайди ва берилади деган фикрга дуч келганда эҳтиётан ва фазл учун берилади деган тарафини олгани ўзи учун фойдадан холи бўлмайди.

Баҳодирова Сора –
Хадичаи Кубро аёл- қизлар ўрта махсус ислом

таълим муассасаси 4-курс талабаси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*