Нажотнинг калити сабрдир

Аллоҳ таоло инсон зотини барча махлуқотдан афзал килиб яратди. Унга акл ва идрок, беҳисоб ва чексиз неъматларини берди. Шу билан бирга, унга бир нечта синов ва имтихонларни бошидан ўтказмоқлигини хам ирода килди. Хақиқий мўмин ва мусулмонлик даьвосини қилган оқил киши ҳаётида учрайдиган барча мушкул ҳолатларга сабр-тоқат қилади ва Парвардигоридан бунинг эвазига кўплаб ажру-савоблар беришини сўраб, дуо ва илтижолар қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломи раббонийнинг Оли Имрон сурасида биз бандаларга марҳамат қилиб айтади:
“Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг ва Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз”.
Қуръони каримда сабр ва унинг фазилати тўғрисида жуда кўплаб ояти карималар мавжуддир. Имом Аҳмад шундай дейди: “Қуръоннинг тўқсон ерида сабрнинг зикри келган. “Сабр қил” калимаси ўн тўққиз марта такрорланган”. Қуръони каримнинг юздан зиёд ўрнида сабрга чорловчи амрлар, сабр қилувчиларга бўладиган улуғ савоблар хақида сўз юритилган. Масалан, Аллоҳ таоло амр қилиб айтадики: “Ва сабр килинг! Албатта, Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое килмайди” (Худ, 115). Бундан ташқари, Аллоҳ таолонинг “Сабр килинглар”, деган амри олти марта зикр килинган. Шунинг учун ҳам уламолар якдиллик билан сабр килиш ҳар бир кишига вожибдир, дейишган. Зеро, имоннинг ярим бўлаги сабр бўлса, қолган ярми шукр қилишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин кишининг сабри ҳақида: “Агар мўмин кишига хурсандчилик етса, шукр қилади. Бу унга хайрлидир. Агар унга бирон зарар етса, сабр килади. Бу ҳам унга хайрлидир” (Имом Ахмад ва Муслим ривояти), дейдилар.
Мўмин киши имон-эътиқодидан келиб чиқиб, ҳаётнинг барча оғир синовларга ва турли хил бало-мусибатлар етган вақтда сабр қилиши эвазига Аллоҳ таолонинг улкан мукофотларига сазовор бўлиши ҳақида Аллоҳ таоло Ўзи бизга таьлим бериб айтади: “Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар беринг. (Улар) ўзларига мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деганларидир” (Бақара,155-157).
Албатта, Аллоҳ таолонинг бизга кўрсатган ҳар бир таълимида ибрат борлиги ва унда биз учун фойда борлигини ҳис қилмоқлигимиз лозимдир. Ушбу ояти каримадан кўринадики, сабр қилиш – улуғ фазилатдир. Сабрнинг маъноси ҳар қандай ҳолат ва вазиятда ҳам инсон ўзини ушлаб ва тўхтатиб туришидир. Унинг яна бир маъноси, бирор нарсани кутиб туришдир. Зеро, сабр килиш нажот, муваффақият ва саодатлар гарови эканини барчамиз яхши билишимиз зарурдир.
Сабр – аччиқ, аммо фойда берувчидир, қаттиқ, аммо зиён-заҳматни даф қилувчидир. Мусибат етган кимса сабр этагини тутган бўлса, у охири муродига етади. Сабр бу шодликлар калитидир, тугунларни ечувчидир. Сабр- ўртоқдир, суҳбати зерикарли, аммо мақсадга олиб борувчидир. Сабр- улфатдир, узоқни кўзлаган, аммо охирида истакка етказувчидир. Сабр секин юрадиган бир – уловдир, аммо манзилга соғ ва омон етказгувчидир. Сабр – туядир, қадами жуда ҳам оғир, бироқ кўзланган бекатига бехатар олиб борувчидир. Сабр – улуғ бир насиҳатгўйдирки, унинг насиҳати жуда ҳам ачитиб гапириладиган насиҳатдир, кишининг табиати ундан озор чекади, лекин унинг насиҳатларига амал қилган киши охирида муродига етади. Сабр буюк бир табибдир, дорилари бадхўр, бемор ундан азоб тортади, аммо унинг сўнггида соғликка эришади.
Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларидан бири ҳам Ас-Собурдир. Аллоҳ таоло осийларни гуноҳи учун дарҳол жазоламайди. Ҳадиси қудсийда “Дарҳақиқат Мен Сабурдирман”, деб ривоят қилингандир. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Одамлардан етадиган озорга Аллоҳ таолодан кўра чидамлироғи йўқ. Одамлар Аллоҳ таолонинг боласи бор, деб ғийбат қилдилар. Шунга қарамай, Аллоҳ таоло уларга сиҳат-саломатликни, ризқларини кенг қилиб бераверди”.
Аллоҳ таоло амрига итоат этувчи бандаларни албатта мукофатлайди. Унинг мукофоти тайин ва аниқдир. Аллоҳ таолонинг “Сабр қилувчилар билан биргаман”,- деган ваъдасидан ҳам тотлироқ яна нима бўлиши мумкин. Айни дамда бутун Ер юзидаги инсонлар бошига хусусан, барча мўмин-мусулмонлар бошига етган ушбу кундаги мусибатларга, албатта, барчамиз чиройли сабр, хушуъ ва хузуъ ила дуою илтижолар ила давомли бўлмоқлигимиз, юқоридаги оят ва ҳадис кўрсатмаларидан таьлим олмоқлигимиз лозимдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қай бир кишига тоъун (вабо) етса ва уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади”. Имом Бухорий “Саҳиҳ”ларида ривоят қилганлар. Бу ҳадис вабодан хоҳ вафот этсинлар, ва хоҳ вафот этмасинлар ҳамма сабр қилган, савоб умид этган ва таваккул қилган кишиларга тааллуқлидир. Демак, барчаларимиз мазкур ояти карима ва хадиси шарифларнинг маъно ва мазмунига мувофиқ ҳаётда дучор бўлинган қийинчиликлар ва дунё мусибатлари олдида сабр-тоқатли, қаноатли, чидамли бўлишимиз ва юқорида Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилган ажру-савоблардан умид қилган ҳолда дуо илтижолар билан сабру тоқатда турмоқлигимиз лозимдир:
– Аллоҳ таолодан сўраймиз, охирзамон пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни мушриклар қамалидан саломат чиқарганинг каби она юртимиз Ўзбекистонимиз ва бутун ер юзи мусулмонларини ҳам бу вабодан саломат чиқаргин;
– Сулаймон алайҳиссалом ҳузурида жин, инсу қушларни тўплаб, тизиб қўйганинг каби, бизларни ҳам ўз уйимизда амрингга итоат этган ҳолимизда муқаррар қилгин;
– Сулаймон алайҳиссаломга қуш тилини ўргатганинг каби бизларга ҳам ўзингни Каломинг тилини ўргатгин ва унга амал қилувчилардан қилгин;
– Сулаймон алайҳиссалом чумолилар водийсига келганларида бир чумоли: “Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари билмасдан сизларни эзиб юбормасин”, деб хитоб қилганида барча чумолилар бошлиқларига итоат этиб, масканларига кириб, нажот топганлари каби, бизларни ҳам бошлиқларимизга итоат этган ҳолимизда ўз уйларимизда муқаррар туриб, нажот топмоқлик неьматини ато этгин;
– Сулаймон алайҳиссалом унинг сўзидан хурсанд бўлгани каби барчаларимизни хурсандлик неьматига мушарраф айлагин;
– Сулаймон алайҳиссалом “Роббим, менга ва ота-онамга берган неьматларингга шукр этишимни ва Сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимни насиб қилгин ва раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин”, деганлари каби бизларни ҳам шундай Сен ўзинг рози бўладиган солиҳ ва солиҳа бандаларингдан қилиб, бу офат ва балолардан саломат чиқаргин;
– Мусо алайҳиссаломнинг тилидан каломи раббонийда “Роббим хаста бўлгувчи менман, шифо бергувчи Сенсан” деб бизга таьлим берганинг каби хасталар бизлармиз, шифокор Ўзингсан, Роббим барча беморларимизга шифо бер, қолганларни саломат ва эмин қилгин. Амин, я Роббал Аламийн.

 

Пошшахон Эшонхон қизи –
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*