РЎЗА КАФФОРАТИГА ДОИР ФИҚҲИЙ ҲУКМЛАР

Каффорат луғатда ўчириш ва яшириш маъноларини билдиради.
Шариатда эса қул зод қилиш ё рўза тутиш ёки мискинни таомлантиришдан иборат бўлган махсус феълни ният билан амалга оширишдир.
Унинг сифати: У вожиблиги жиҳатидан жазо, адо этилиши жиҳатидан эса ибодатдир.
Унинг вожиблиги далили:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صلي الله عليه و سلم فَقَالَ: هَلَكْتُ يَا رَسُولَ اللهِ قَالَ: وَمَا أَهْلَكَكَ؟ قَالَ: وَقَعْتُ عَلَى امْرَأَتِي فِي رَمَضَانَ قَالَ: هَلْ تَجِدُ مَا تُعْتِقُ رَقَبَةً؟ قَالَ: لاَ قَالَ: فَهَلْ تَسْتَطِيعُ أَنْ تَصُومَ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ؟ قَالَ: لاَ قَالَ: فَهَلْ تَجِدُ مَا تُطْعِمُ سِتِّينَ مِسْكِينًا؟ قَالَ: لاَ قَالَ: ثُمَّ جَلَسَ فَأُتِيَ النَّبِيُّ صلي الله عليه و سلم بِعَرَقٍ فِيهِ تَمْرٌ فَقَالَ: تَصَدَّقْ بِهَذَا قَالَ: أَفْقَرَ مِنَّا فَمَا بَيْنَ لاَبَتَيْهَا أَهْلُ بَيْتٍ أَحْوَجُ إِلَيْهِ مِنَّا فَضَحِكَ النَّبِيُّ صلي الله عليه و سلم حَتَّى بَدَتْ أَنْيَابُهُ ثُمَّ قَالَ: اذْهَبْ فَأَطْعِمْهُ أَهْلَكَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
“Ҳалок бўлдим, эй, Аллоҳнинг Расули!” – деди.
“Сени нима ҳалок қилди?» – дедилар.
“Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим”, – деди.
“Қул озод қилишга нарса топа оласанми?” – дедилар.
“Йўқ”, – деди.
“Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?” – дедилар.
“Йўқ”, – деди.
“Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?” дедилар.
“Йўқ”, деди.
Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. Ул зот (ҳалиги одамга):
“Мана буни садақа қилиб юбор”, – дедилар.
“Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақийрроққами? Аллоҳга қасамки, у(Мадийна)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ”, – деди.
Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра:
“Бор! Уни аҳлинга таом қилиб бер”, – дедилар.
Бешовлари ривоят қилишган.
Рўзасини бузган рўзадор каффорат бериши вожиблиги шу ҳадисдан олинган.
Каффорат энг аввал қул озод қилиш билан амалга оширилади.
Каффорат бериши вожиб бўлган одам қул озод қилишга қодир бўлмаса, кетма-кет, орасини узмай олтмиш кун рўза тутиши лозим. Бунга ҳам қодир бўлмаса олтмиш мискинни тўйдиради.
Каффорат кимнинг зиммасига вожиб бўлади?
Каффорат рамазон кунлари рўзасидан бирор бир кунини қасддан, биров тарафидан мажбурланмаган ва ўзи мажбур бўлиб қолмаган ҳолатда бузган мукаллафга вожиб бўлади. Бунда ушбу куннинг рўзаси ниятини кечаси қилган бўлиши ва ўша куни унга оғизни очишига рухсат бўладиган ёки рўза тутишни ман қиладиган бирор ҳолат дуч келмаган бўлиши шарт. Ниятни кечаси қилиш деганда шомдан кейин бомдод намозининг вақти киргунча ният қилиб олиш тушунилади. Оғиз очишга рухсат бўладиган ҳолат эса ўзи тарафидан бўлмаган содир этилмаган бирор касалликнинг юзага келишидир. Рўза тутишни ман қиладиган ҳолатлар эса аёллардаги ҳайз ва нифосдир. Аёл киши рамазон рўзасини қасддан бузса ва шу куни унинг ҳайз ёки нифоси келса, ундан каффорат соқит бўлади.
Юқоридагилардан шу нарса маълум бўладики, кафорат вожиб бўлиши учун бир қанча шартлар мавжуд бўлиши лозим. Чунки каффоратлар ислом шариатида жазо саналиб, улар шубҳа сабабли соқит бўлади. Каффоратнинг вожиб бўлиши учун қилинган гуноҳ шубҳадан ҳоли даражада содир этилган бўлиши шарт.
Шартлар қуйидагича:
1. Рамазоннинг бузилган рўзаси кечаси ният қилинган бўлиши шарт. Наҳори шаръийнинг ярмигача қилиб олинган ният билан тутилган рўзани бузган одам каффорат ўтамайди, қазосини тутади.
2. Оғзини очиб юборишидан олдин унутиш кўринишларидан бирортаси содир этилмаган бўлиши керак. Масалан рўзадор унутиб еб-ичиб қўйса ёки унутиб аёлига яқинлик қилиб қўйса, сўнг рўзадорлигини эслаб қолса ва рўзам бузилди деб яна еб ичса ёки яқинлик қилса каффорот вожиб бўлмайди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи унутиб еб ичганларнинг рўзаси бузилади деганлари учун бу ҳам каффоротни кетказадиган шубҳа саналади.
3. Оғизни очиб юборишда мажбурланган бўлмаслиги лозим. Кимни оғиз очишга мажбур қилинса унга каффорот вожиб бўлмайди, қазосини тутиб беради.
Мажбурликнинг даражаси фиқҳ китобларида “Икроҳ” бобида ўрганилади. Унга кўра ҳақиқиқий мажбур бўлиб қолиш қудрати етадиган бир кишининг бошқа бир инсоннинг жонига ёки бирор аъзоларига талофат етказиш билан таҳдид қилиши орқали бўлади. Яъни бир қудрати етадиган киши бошқа ожиз кишини рўзасини очишга мажбур қилади, агар очмаса уни ўлдириш ёки аъзоларига талофат етказиш билан қўрқитади.
4. Агар рўзани бузиш жимоъ сабабидан бўлса, жимоънинг комил бўлиши шарт қилинади. Шу сабабли агар шариатда гуноҳ саналсада ўлик аёлга яқинлик қилиш, хали жуда кичик ва иштаҳа тортадиган ёшга етмаган қизга яқинлик қилиш, ҳайвонга яқинлик қилиш каби ишларда жимоъ комил ҳисобланмагани учун каффорат вожиб эмас. Жимоъдан олдинги ишлар, ўпиш, қучоқлаш, ушлаш кабиларни қилиш билан агар маний тўкилса ҳам каффорат вожиб бўлмай, қазо вожиб бўлади. Чунки бу ишларда рўзадорнинг жинояти тўлиқ бўлмай, қосир ҳисобланади. Рўзадор инсон бундай ишлардан қаттиқ сақланиши лозим. Агар рўзадор инсон яқинлик қилса ёки қилинса, гарчи инзол (маний тўкилиш) бўлмаса ҳам каффорат вожиб бўлади, унинг комил бўлиши учун инзол шарт эмас.
5. Рўзадор тарафидан рўзани бузиш ейиш ё ичиш сабабли содир этилган бўлса, каффорат вожиб бўлиши учун одатда озуқаланиш, даволаниш ёки лаззатланиш учун еб-ичиладиган нарсани истеъмол қилган бўлиши шарт. Шунинг учун хом гўштни ейиш сабабли ҳаттоки у ўлакса бўлса ҳам каффорот вожиб бўлади. Думба, чарви, қуритилган гўшт, хом буғдой ейиш, ёмғир томчисини, қор парчасини ютиб юбориш, аёлининг тупугини ютиб юбориш кабилар ҳам қазо ва каффоротни вожиб қилади. Одатда инсонлар емайдиган ва ундан жирканадиган нарсаларни ейиш сабабли қазо вожиб бўлади, каффорот эмас. Ғизо ёки унинг маъносидаги нарсани шаръий узрсиз ейиш рўзани бузиб, қазо ва каффоратни вожиб қилади. Одатда озуқа сифатида танаввул қилинадиган барча нарсалар ғизога киради. Дори, папирос, афюн, наша ва шунга ўхшаш нарсалар ғизо маъносидаги нарсаларга киради. Ушбу ҳолатларда рўзасини очган одам ҳам қазосини тутади, ҳам каффоротни адо қилади.
Тош ютиб юборса, ёки хом гуруч, хамир ёки ун еса фақат қазо вожиб бўлади. Чунки булар одатда инсонлар тановул қиладиган нарсалар эмас. Бир дафъада кўп тузни оғизга солиб ютиб юборса қазо вожиб бўлади. Агар секин-секин, оз-оздан еса қазо ҳам каффорат ҳам вожиб бўлади. Тупроқ ейиш одати йўқ бўлган одамнинг тупроқ ейиши сабабли ҳам фақат қазо вожиб бўлади. Кесакхўр одам бу ишни қилса қазо ва каффорот вожиб бўлади. Агар пишмасидан олдин еб бўлмайдиган мевани еса ҳам каффорат эмас қазо вожиб бўлади. Бунга ёнғоқ ва шунга ўхшаган мевалар мисол бўла олади. Агар темир, мис, тилла ва кумушга ўхшаган нарсаларни ютса, қазо вожиб бўлади.
6. Бировнинг ғийбатини қилганидан, қон олдирганидан, шаҳват билан ушлаганидан ёки ўпганидан, қучоқлашиб ётганидан, мўйлабини мойлаганидан кейин “рўзам очилиб кетди” деган ўй билан қасдан еб-ичиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорат адо қилади. Фақиҳ “рўзанг очилибди” деб фатво берса, бундан мустасно. Ушбу фатао каффоратни соқит қилиб юборадиган шубҳа ўрнига ўтади. Чунки оми одамнинг ҳукми унга фатво берган одамнинг бўйнида бўлади. Унда фақат қазо тутади, каффорат вожиб бўлмайди.
Каффоратнинг миқдори.
1. Қул озод қилиш
2. Олтмиш кун ёки икки ой кетма-кет рўза тутиш
3. Олтмиш мискинни тўйғазиш
Рамазон рўзасини қасддан бузган одам бир қулни озод қилса зиммасидан каффоротни соқит қилган бўлади. У қулнинг мўъмин, кофир, эркак, аёл, катта ё кичиклигининг фарқи йўқ. Агар қул озод қилишдан ожиз бўлса, кейинги каффорот турини ўтайди. Икки ой кетма-кет рўза тутаётганда ҳайит кунлари, ташриқ кунларига тўғри келишидан сақланади. Чунки бу кунларда рўза тутиш мумкин эмас. Агар рўза тутишни қамарий ойларнинг бошида бошласа, икки қамарий ойда эллик саккиз кун бўлса ҳам жоиз саналади. Чунки қамарий ойлар ҳар иккиси йигирма тўққиз кунлик бўлиши мумкин. Агар каффоратни кун билан санаб тутадиган бўлса олтмиш кун тўлиқ тутиши шарт. Ушбу олмиш кун ичида узр биланми, узрсизми оғзини очиб юборса қайтадан бошлайди. Ҳаттоки бир кун қолган бўлса ҳам. Аёлларнинг ҳайзи келиб қолиши сабабли каффоратни қайта бошланмайди. Нифосда эса янгидан бошлайди. Ҳайз тугаши биланоқ ўртада бирор кунни қолдирмай давом эттиришлари шарт. Агар ҳайздан поклангандан сўнг бир кунни узр сабабли ёки узрсиз қолдирса, каффоратни қайтадан бошлайди.
Касаллиги ёки ўта қарилиги сабабли рўза тутиб адо қилишдан ожиз бўлган инсонлар олтмиш мискиннинг қорнини тўйғазиш билан каффоротни ўтайдилар. Мискинга бериладиган таомнинг миқдори фитр садақасининг миқдори билан бир хил бўлади. Ярим соъ буғдой ёки бир соъ арпа ёки бир соъ хурмо бўлиши мумкин. Бир соъ ҳанафий мазҳабида 3800 граммга тўғри келади. Мискинларга кундузги ва кечки таом берса ёки унинг қийматини берса ҳам жоиз бўлади.

 

Хадичаи Кубро аёл -қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси

катта ўқитувчиси Ибрагимова Сурайё

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*