Рўзага оид фиқҳий ҳукмлар

 

Раҳмат ойи бўлмуш рамазон кириб келди.Барчамиз ушбу барокатларга тўла бўлган муборак ойни муштоқлик билан кутдик.Айни синовли дамларда Рамазон ойининг фазлини,руҳий қувватини ҳис қилиш, Аллоҳ таолонинг раҳматини зиёда бўлишидан умидвор бўлиш бизларга янада куч бағишлайди.

Халқимиз рамазон ойида қилинган ҳар бир яхшиликнинг савоби бир неча баробар кўпайтириб берилишини умид қилган ҳолда ҳаракат қиладилар.

Оналаримиз,опа-сингилларимизнинг  ўзлари  рўзадор бўла туриб, ифторлик ва саҳарликларга турли таомлар тайёрлашлари албатта таҳсинга лойиқдир.Аммо баъзи ҳолларда, таом тайёрлаш асносида уларнинг овқатни тузини билишлик учун татиб кўраётганликларига гувоҳ бўлиб қоламиз.

“Сиз рўзадорсизку?”-деган гапимизга,“Татиб кўрса ҳеч нарса қилмайди.”-деган жавобни оламиз.Тўғри, рўза таом татиб кўрганлик сабабли очилиб кетмайди аммо бу макруҳ ҳисобланади. (Изоҳ:Макруҳ-ман қилинган амал.Макруҳни қилмаган киши савобга қолади.Қилган киши гуноҳкор бўлади.) Шу сабабдан рўзадор кишига макруҳ бўладиган ишларга алоҳида тўхталишни лозим деб билдик.Бу ҳусусда фиқҳий манбаларда ёзилган ҳукмларни келтирмоқчимиз.Рўзадор бирор нарсани мазасини татиб кўриши ёки чайнаши макруҳдир.(Убайдуллоҳ Ибн Масъуд.”Ниқоя Мухтасари Виқоя”-Мовароуннаҳр,1991.-Б.37.) Бу ҳолатларда нарсалар ичкарига кетиб қолиб рўзани бузиш ҳавфи бордир.Яна бошқа инсонлар кўриб роза тутмаган экан деган гумонга бориб қолишлари мумкин.Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Ким Аллоҳга ва оҳират кунига иймон келтирган бўлса туҳмат мақомларига яқинлашмасин”-деганлар.Демак бундай ҳолатлардан ўзимизни эҳтиёт қилишимиз керак бўлади.”Фақатгина,ёш болага зарурат юзасидан овқат чайнаб бериш макруҳ эмас.”Бу ҳукм бироз шарҳни талаб қилади.Агар онани сути фарзандини тўйдиришга етарли бўлмаса ,ёш боланинг оч қолиш эҳтимоли кучли бўлса шу ҳолатдагина она чайнаб беришига руҳсат берилади.(Нажмиддин Муҳаммад Дарконий.Ихтисори ривоя ала Мухтасари Виқоя.-Байрут-Лубнан:Дарул кутуб илмия.1-жилд.) Бу вазиятда ичкарига таомни кетиб қолишидан эҳтиёт бўлиш зарур.Сўнг оғизни сув билан чайиб юбориш тавсия қилинади.

Рўзадорга ўпиш  агар ортидан бирор нарса бўлиш ҳавфи бўлса макруҳдир.”

Бунга қучоқлашиш,ушлаш каби шаҳватни қўзийдиган барча ишлар киради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:”Бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан рўзадорнинг қучоқлашиши ҳақида сўради.Унга руҳсат бердилар.Бошқа биров у зотнинг ҳузурларига келиб сўраган эди ,уни қайтардилар.Қаралса,У зот руҳсат берган киши чол экан,қайтарган шахс эса йигит экан.”(Ўша Манба)Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилган.Саҳиҳ деган.Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан баъзи шаръий ҳукмларни баён қилишда кишиларнинг шахсини ҳам эътиборга олганлари кўриниб турибди.Қари чол кампирини қучоқлагани билан рўзасига путур етадиган даражада шаҳвати қўзғалмаслиги аниқ.Ёш йигит эса бу иши билан рўзаси очиладиган даражага етиши турган гап.Демак,рўзадорнинг бу борадаги ҳукми унинг ҳолига қараб берилади.Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади :”Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам рўзадор ҳолларида ўпар  ва қучоқлар эдилар.У зот ичингизда энг шаҳватига молик эдилар.”(Имом Бухорий ривояти).Демак бу масалада шаҳватга молик бўлиш асосий меёр экан.Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳни шогирдлари Имом Муҳаммад:”Ўпишлик мутлоқ макруҳдир. Чунки бу фитнадан ҳоли эмасдир.Яъни бу шаҳватга олиб борувчи йўлдир”.-деганлар.

Хулоса қилиб айтганда рўзадор одам рўзасини очилиб кетишига олиб борувчи ҳар қандай ишларни қилмасликлари маъқул.

Раҳмат ва мағфират ойи бўлмуш Рамазон онларини юртимизда ҳотиржамликда,оиламиз ва яқинларимиз даврасида ўтказаётганлигимиз Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматидир.Бу неъматлар учун Аллоҳ таолога чексиз шукурлар бўлсин .Барчамизга ушбу ойда кўплаб ажрларга эга бўлишлик насиб этсин.Аллоҳ таоло барча дардмандлар дардига шифои комил ато этсин.Бу йўлда ўзларининг ҳизматларини аямаётган тиббиёт ҳодимларидан, ҳавфсизлик ҳизматидаги мутасаддилардан ва барча масъуллардан ўзи рози бўлсин.Халқимизга эҳсонлар улашаётган саҳоватпеша инсонларимизнинг ажрларини шу ой барокатидан кўпайтириб берсин!

 

Хадичаи Кубро ўрта махсус таълим

муассасаси ўқитувчиси Жозиба Жамол қизи

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*