САБР – ЖАННАТ ЭШИГИНИНГ КАЛИТИ

         2019 йилнинг якуни ва 2020 йил барча учун синовли давр бўлди. COVID-19 дунё ҳамжамиятини бирлашишга, ҳамкорлик қилишга ва унга қарши ёнма-     ён курашишга мажбур қилди. Нафақат юртимиз, балки жахонга келган бундай синовли вақтларда Яратганни кўпроқ эслаб, унга дуои истиғфорлар айтиш бутун башарнинг олдидаги муҳим вазифага айланди.

         Мана шундай мураккаб вазиятларда инсонпарварлик фазилати Коронавирус пандемиясига қарши курашишнинг маънавий асосларини ташкил этди. Буни шифокорларимизнинг беморликка чалинган юртдошларимизга кўрсатаётган фидокорликлари, бу йўлда хизмат қилаётган соха вакилларининг ҳукумат томонидан қўллаб қувватланиши, саҳоватпешаларимизнинг кўрсатаётган ҳайр-эҳсонлари, имому-уламоларимизнинг қилаётган ҳатму дуоларида кўришимиз мумкин.

         Фидокорлик нафақат халқ дардини кўтараётганлардан, балки ўз уйида оиласи билан карантин қоидаларига қатъий амал қилишни татбиқ этаётган АЁЛЛАРИМИЗДА ҳам кўришимиз мумкин. Бу синовли вазиятда аёлларимиздан ҳам меҳрибон она, солиҳа аёл, оқила устоз, моҳир ошпаз ва тадбиркор уй бекаси бўлиш давр талаби бўлмоқда. Бу йўл эса сабр ва матонат билан янада мунаввардир.

Расулуллоҳ (с.а.в.)الصبر مفتح الفرح , яъни “Сабр барча хурсандчиликлар калитидир” – деб айтганлар. Баъзи бир ривоятларда “Сабр – жаннат эшикларининг калити” деб, ҳам келтирилади. Шунингдек, Абу Ҳурайра (р.а.): “Кимга сабр қилиш неъмати ато этилган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум бўлмайди”. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “…Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар сураси, 10-оят) деб келтирган, деб марҳамат қилганлар.

Айниқса, шаръатимиз биз аёллардан, онажонларимиздан, опа-сингилларимиздан сабрда намуна бўлишлигимизга чақирилганмиз. Сабр шундай бир гўзал фазилатки, у ила мўъмин Қодир Аллоҳга яқинлашиш, унинг неъматларидан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлади. Сабр карвоннинг боши десак, унинг давоми шукрдир. Сабр ва шукр ҳар қандай вазиятда инсонни саодатга етаклайди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ сабрлилар билан биргадир. Расуллулоҳ (с.а.в.) “Бахтли инсон бу фитна-фасодлардан четлаб юрувчи ва мусибатларга сабр қилувчи кишидир”, деганлар. Икки дунё саодатига эришиш мўъмин ва мусулмонларни азал орзуси экан, унга етишишнинг гўзал услуби эса бу сабр ва шукрдир.

Биз аёллардан эса нафақат сабр, балки у билан йўғрилган ҳусни ҳулқ ва гўзал муомалада ҳам бўлишимиз талаб этилади. Аллоҳ таоло шундай қудратли зотки, ҳар бир бандасига берган синов ёки мусибатига яраша муносиб сабр ҳам беради. Шунинг учун бўлса керак Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам “Сабр илк дақиқаларда билинади”, деб айтганлар.

Жамиятни мустаҳкам қўрғонга ўхшатсак, унинг илк бўғини бўлмиш оила эса пишиқ ғиштидир. Оиламиз аъзолари билан уйимизда барчамиз биргаликда Коронавирусга қарши курашиш бу ҳасталикнинг таг замири билан қуриши имконини беради. Шуниси муҳимки, ўзбек муслима аёллармиз нафақат сабр билан оила тебратишлари, балки фарзандлари ва оила аъзоларининг покликка қатъий амал қилишларини назорат қилишлари ва унинг учун муносиб шароит яратиб беришлари шарт. Бунинг ўзи билан чекланмасдан Муборак Рамазон ойларида хатм-ул Қуръонларни қўп қилишлари, ибодатларида дуоларини кўпайтиришлари, ўз устиларида муттасил ишлаб, илм ва малакаларини оширишлари берилган фурсатдан унумли фойдаланиш деб ҳисоблаш мумкин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом таълим

муассасаси директори

Нозима Ибрагимова 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*