РАМАЗОНДА ЯХШИЛИКЛАРГА ШОШИЛАЙЛИК!

Муборак рамазон ойининг рўзаси Ислом динининг беш шартларидан биридир. Диннинг устини намоз бўлса, руҳнинг устуни рўзадир. Рўза руҳ шифосидир. Ҳар бир илоҳий амрда бир ҳикмат бор. Рўзанинг ҳикмати ёлғиз Аллоҳга аёндир. Лекин, шу нарса аниқки, Рамазон – раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Рўза исоннинг жасадига ҳам, унинг руҳига ҳам файз бағишлайди, уни қайта тирилтиради. Моддий ва маънавий зарарлардан ҳимоя қилади.
Инсоннинг энг катта бахтсизлиги ўз нафсининг ҳохиш истакларига тобе бўлиб қолишдир. Рўза инсонни бундай тобеликдан сақлайди. Рўза инсонда сабрни, қалбида Аллоҳга таваккулни ва руҳини тетиклаштирувчидир. Нафснинг истак ҳохишлари инсонни адаштиришни мақсад қилган шайтоннинг энг кучли қуроллари ҳисобланади. Рўза бу қуролини яроқсизлантиради. Шу сабабдан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойи кирганда – шайтон занжирбанд қилинади” –деганлар.
Рўза пайтидаги очлик ва чанқоқ хисси бечораларни тушуниш, муҳтожларга раҳм-шафқат қилиш, ёрдам бериш кераклигига сабаб бўлади. Доим тўқ юрган одам, очлик нима эканлигини билмайди, очликни билмаган оч юрган одам ҳолатини тасаввур қила олмайди. Кўп еган ва ошқозони доимо тўлиб юрадиган одамнинг юраги ишдан чиқиб, аҳлоқи ёмонлашади. Бу инсонни адашиб кетишига, бошқаларни камситишга, бадҳулқликка, хаттоки зулм қилишгача етаклайди. Рўза тутишлик эса буларни ҳаммаси учун қўрғон вазифасини адо этади. Бой мусулмонни ёрдами камбағалларнинг унга нисбатан меҳрини уйғонишига сабаб бўлади ва бу нарсаларнинг ҳаммаси ўзаро бирдамликни келтириб чиқаради. Рамазон ойи келганида Пайғамбаримиз солаллаҳу алайҳи васаллам саҳоватлари янада ошиб тошиб кетар экан. Биз ҳам жанобнинг умматлари эканмиз, у зотдан ўрнак олиб, рамазон кунлари оиламизга, қариндош уруғларга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таьминланган оилаларга, беморларга, қарияларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам беришимиз керак. Чунки бу амаллар, айниқса, ушбу муборак ойларда кўп савоб оладиган ишлардир.
Маълумки, ислом динида иқтисодий масалага алоҳида эътибор қаратилган. Жамиятда иқтисодий тенглик ҳукм суриши учун иқтисодий жихатдан етарли имкониятга эга шахслар ўзларининг бу соҳадаги ночор биродарларига молиявий ёрдам қилиб туришлари керак. Исломда фарз, вожиб қилинган закот, садақаи фитрдан ташқари, ихтиёрий хайр-эҳсон қилиб туришга кенг тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло муборак шарифи бўлган Қуръони каримнинг Бақара сурасининг 261-оятида шундай деб марҳамат қилади:
مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُ حَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир.
Демак, камбағал кишига ёрдам берган киши Аллоҳнинг йўлида мол сарфлаган бўлади. Яна Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун битта эмас, то 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда.
Албатта, ўзи касб қилиб, қийналиб топган мол-мулкни бировга бериш осон иш эмас. Бунинг учун маълум даражада фидокорлик, ўзидан, нафсу ҳавосидан кечиш талаб этилади. Сиртдан қараганда, нафақа қилган киши нафақа олган кишига фойда келтирганга ўхшайди. Аслида эса, энг катта фойда нафақа қилувчига бўлади. Жумладан:
1. Аллоҳнинг амрини амалга оширади;
2. Кўпдан-кўп савобга эга бўлади;
3. Охиратда жаннатга киради;
4. Бу дунёда инсонларнинг эҳхтиромига, муҳаббатига сазовор бўлади.
Аллоҳнинг йўлида сарфланган молнинг савобини тўлиқ олиш учун камбағалларнинг кўнглини кўтариш, уларни хурсанд қилиш, ҳурмат қилиш ва асло уларга миннат қилмаслик, озор бермаслик билан мукаммал бўлади. Мўмин банданинг риёсиз, миннатсиз ва озорсиз, ихлос билан қилган эҳсони оз бўлса ҳам, кўп ажр-савобга эга бўлаверади. Аллоҳ йўлида қилинган эҳсон берганни ҳам, олганни ҳам, билганни ҳам хурсанд қилади. Ҳаммага ўз даражасида фойда келтиради. Айниқса, муборак Рамазон ойида бу фойдалар янада зиёдалашади.
Ҳозирги даврда пандемия – бу нафақат битта шаҳар ёки мамлакатда, балки бутун дунё бўйлаб тарқалган ва кўплаб одамларга таъсир қилган юқумли касалликнинг тарқалиши оқибатида бутун дунёда бўлаётган вазиятлардан ҳамма хабардор бўлиб турибти. Мана шундай вазиятда фақатгина фарз бўлган закот чиқариш эмас, балки ҳар вақтики, мўмин-мусулмонларнинг ёрдамга эҳтиёжи бор қатламига ёрдам қилинишига эҳтиёж ошган. Шундоқ экан барчамиз имкон даражасида юқорида васф қилинган кишилардан бўлиш учун ҳаракат қилмоғимиз лозим. Имкон даражаимиз буни кўтармаса, муборак Рамазон ойида ўз уйимизда хатми Қуръонлар, зикрлар, яхши ниятлар билан дуо қилиб ўтиришимиз энг мақбул ва маҳбуб йўлдир. Қилаётган ҳар бир ишимизни у қандай бўлишидан қатьий назар, чин ихлос, покиза қалб ила, Аллоҳ кўриб турганини ҳис қилиб бажарсак, Аллоҳга ҳақиқий ибодат қилган бўламиз. Шунда қилган барча ишларимизда барака бўлади. Чунки, Аллоҳнинг баракаси хақиқий соф қалбларгагина бўлади.
Бир инсон рамазондан кейин рамазондаги чиройли аҳлоқларни тарк этиб, рамазондан олдинги ҳолига – паст савиясига тушиб қолса, бу – тутган рўзалари, қилган тоат-ибодатларининг қабул бўлмаганлиги аломати экан, бундан Аллоҳ асрасин. Қабул бўлганлигининг аломати эса ҳолатининг янада яҳши ҳолга ўзгаришидир, иншаллоҳ. Рамазондан олдинги ҳолидан фарқли, рамазондан кейинги ҳолати жуда ҳам чиройли бўлишиимизга интилишмиз керак!
Барчамизга бу гўзал ойнинг хайру барокатидан фойдаланиб, Аллоҳ севган тавфиқ аҳли, солиҳ бир мўьмин ҳолига келишимиз насб этсин. Ёмон хулқларимизни тарк этиб, гўзал аҳлоқларга эришишни насб айласин. Аллоҳ таоло барчамизни муборак Рамазон ойларида, ғафлат уйқусидан уйғотсин, ориф, огоҳ қулларидан қилсин. Умримизни ўзининг ризоси йўлида кечиришга муваффақ айласин, тавфиқни рафиқ этсин, хос бандаларидан бўлишимизни насиб қилсин. Ҳаммамизни жаннати ва жамолига мушарраф этсин. Амин!

Гулобод Қурбонова –
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом
таълим муассасаси етакчи ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*