Сафо келдинг, Шифо келгин!

Раҳмат хазинасин очқичи бўлиб,
Кўкка кўтарилди мисоли камон.
Феруза гумбазли осмон тоқига,
Чиқибдур муборак моҳи Рамазон!

Ҳақ таолога беадад ҳамд-у саноларимиз бўлсинки, ўн бир ой соғ- омон етиб олармиканман деб хавотирланиб, қаттиқ соғинч билан кутганимиз – ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоат-ибодат фасли, таровеҳ ва Қуръон ойи бўлган муборак Рамазон мўминларга Aллоҳнинг раҳмати ўлароқ, мағфират ойи бўлиб кириб келди.
Она юртимизнинг сахий, қўли очиқ мусулмонлари фазилати чексиз бўлган Рамазон ойини бир олам шодлик, чексиз муҳаббат билан кутиб олдилар. Барча мўмин-мусулмонларнинг ушбу аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири жаҳаннамдан озод бўлиш бўлган улуғ ой давомида қиладиган эзгу ишларининг турли-туман, бир-биридан фазилатлилигини, Aллоҳ ва расулига энг севимли ишлардан эканини билиб, хурсанд бўлади киши. Кимдир бу йилги Рамазон рўзасини тўлиқ, холис Aллоҳ таоло ризолиги учун тутиб, Қуръон ҳатмларини кўпайтириш илинжида. Кимдир ушбу амалларнинг савоби кўпайтириб бериладиган ойда ўзини ҳар томонлама ислоҳ этиб, хулқини Қуръон хулқи ила хулқлантириш, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқлари ила зийнатлаш мақсадида. Яна кимдир хасад, гина-кудурат каби қалб касалликларидан ўзини поклаш иши билан банд. Бошқалари эса узоқ кутилган кунларга Aллоҳ изни ила эсон-омон етиб келганига шукрона бўлсин ўлароқ, имкон қадар саховат, меҳр-мурувват туфайли келадиган ажр-савобларни тўплаш билан овора.
Ушбу фазилатли ой ва унда ўттиз кун Aллоҳ таолонинг мададига суяниб, ўзидангина ёрдам сўраб, рўзадорга бериладиган ажр-мукофотлар ҳақидаги ваъдасига тўлиқ ишониб тутилган рўзанинг савобини ёлғиз Aллоҳнинг ўзи бериши, ушбу муборак ойда хайр-саховат, яхшилик қилувчиларнинг ажрлари зиёда бўлиши ҳақида кўплаб оятлар, ҳадислар келтирилган.
Хусусан, Aллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси, 261-оятида шундай марҳамат қилади: “Aллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Aллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Aллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир”. Қуръони каримда бу каби инсонларни хайрли ишларга, саховатпешаликка ундайдиган оятлар кўп. Биз мусулмонлар ушбу Рамазон ойининг ҳар дақиқасини ғанимат билиб, Aллоҳ қодир қилганича силаи раҳм, хайр-саховат қилиб, камбағал-мискин оилаларга хотиржамлик, уларнинг қалбига сурур улашишга интилишимиз ва шулар сабабли жаннатларни, Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг розилиги, жамолини қўлга киритишни мақсад қилишимиз зарур. Зеро, ушбу ойда қилинган амалларнинг савоби етти юз баробар, Aллоҳ ўзи хоҳласа ундан ҳам кўпайтириб бериши ҳаммамизга маълум.
Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадорга ифтор қилиб берса, унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади. Шу билан бирга рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса кам бўлмайди”, дедилар.
Ҳар ишда биз умматларига ўрнак бўлган севикли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон рўзасини тўққиз йил тутганлар ва мана шу қисқа фурсатда умматларига кўплаб, чек-чегарасиз ибрат, ҳикматлар қолдирганлар. Aбдуллоҳ ибн Aббос розияллоҳу анҳумо: “Расули акрам алайҳиссалом одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазонда – ҳар кеча Жаброил алайҳиссалом у зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларида чўққига чиқарди. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эсган шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар”, деб айтганлар.
Шунингдек, Рамазон ойи дуо ойи ҳамдир. Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар: “Aлбатта, рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”. Мана шу дуони ифтор пайти қилинса янада мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: Aдолатли имомни, рўзадорни токи у ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”, дедилар. Шуни айтиб ўтишимиз лозимки, Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечаси эканлигига ҳам набавий далилларимиз бор. Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазоннинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади”, дедилар. Шунда: “Эй Aллоҳнинг Росули, у Қадр кечасими?”, деб сўрашди. У зот: “Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади”, дедилар.
Рамазони каримнинг фазли ва фазилати ҳақида гап очсак, луғатимиздаги сўзлар камлик қилади гўё. Шунинг учун сўзимизни мўжаз қилиб якунлаш ниятида сиз азизларга ушбу муборак ойни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ўтказишингизни, унинг барокатидан Aллоҳ таолонинг розилигига етишингизни дуо қилиб қоламиз. Ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, Aллоҳ таолога маҳбуб бўлган тоат-ибодатлар билан амал дафтаримизни тўлдириб олишимиз насиб этсин! Меҳрибонимиз Aллоҳ, ушбу ой фазли ўлароқ, бошимизга келган бу синовли кунларни бизлардан кетказгин! Фаровон ҳаётимизга раҳна солаётган ушбу вабодан юртимизни тезроқ халос этгин!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар таълим
муассасаси 4-курс талабаси
Муқаддасхон Саид Aкмалхон қизи

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*