МИСВОК

   Аллоҳ таоло ер юзига чиқарган жамики наботат оламини доривор хусусиятли қилиб яратган. Ер юзи ва сув остида кўкарган гиёҳ фақатгина ўзига хос доривор хислатига эга. Улардан оқилона фойдалана билиш ўзимизни, интилишимизга боғлиқ. Уларни гўзаллигини билиш, улардан завқлана олиш керак бўлади. Чунки, табиат инсонларга қувонч бағишлайди ва руҳий қувват беради.

Маълумки, оғизни поклашда мисвок ишлатиш суннат амаллардан ҳисобланади. “Набий (с.а.в.) “Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, албатта, уларни ҳар намоздан олдин мисвок қилишга амр этар эдим”-деганлар. Аллоҳ расули (с.а.в) умматларига буюрган ҳар бир амал албатта фойда ва ҳикматлардан холи эмас. Ҳозирги илм-фан тараққий этган замонда Қуръон ва Суннатдаги кўплаб мўъжизалар ўз исботини топиб келмоқда. Ислом уммати эса Қуръон ва Суннатдаги буюрилган амалларга ҳеч бир исбот талаб қилмай амал қилиб келмоқдалар. Набий (с.а.в) умматларига тавсия қилган мисвокнинг айрим фойда ва ҳикматлари борки буни билиш фойдадан холи бўлмайди албатта. Ҳаким ат-Термизий ҳазратлари бундай деган эканлар: “Мисвокни биринчи ишлатишингда тупугингни ютгин. Чунки, у махов, песлик ва ўлимдан бошқа барча дардларга фойда беради. Ундан сўнг тупугингни ҳаргиз ютма. Зеро, у васвасани келтириб чиқаради”. Ишлатиб бўлгандан сўнг мисвок ювиб қўйилади. Бир қаричдан зиёда узун қилинмайди. Уни ётқизиб қўйилмайди, балки, тикка қилиб қўйилади. Зарарли дарахтдан мисвок қилиш макруҳ, заҳарлисидан эса мисвок қилиш ҳаром бўлади. Райҳон ва анор шохчаларидан мисвок қилишнинг макруҳлигини бир қанча уламолар зикр қилганлар. Энг афзали арок дарахти, сўнг зайтун дарахтидир. Имом ат-Табароний ривоят қилган: “Муборак дарахт бўлмиш зайтундан бўлган мисвок қандай ҳам яхши! У менинг ва мендан олдин ўтган Пайғамбарларнинг мисвогидир”. Мисвокнинг манфаатларидан баъзиси шуки, у ўлимдан бошқа барча дардларга шифодир. Ўлим олдидан шаҳодат калимасини эслатгувчидир. “Шурунбулолиййа”да келтирилган: Мисвок ишлатиш соч-соқолнинг оқаришини кечиктиради, кўз нурини кучайтиради. Энг яхши фойдаси ўлимдан бошқа касалликларга шифо бўлишидир. Мисвок Сирот кўприги устидан ўтишни тезлатгувчидир.

Ибн Қайюм ҳам мисвокнинг қуйидаги фойдаларини санаб ўтган:

  1. Оғизни хушбўй қилади.
  2. Милкни мустаҳкамлайди.
  3. Балғамни кўчиради.
  4. Кўзни равшан қилади.
  5. Тишнинг дарз кетишига йўл қўймайди.
  6. Ошқозон фаолиятини яхшилайди.
  7. Овозни тиниқлаштиради.
  8. Таом ҳазм бўлишига ёрдам беради.
  9. Нутқ талаффузини енгиллаштиради.
  10. Ибодатга рағбатни кучайтириб, зиқлик каби нохушликлардан асрайди.
  11. Уйқуни қочирсада, аммо толиқиш нелигини билдирмай кишини ғайратлантиради.

Мисвокдан фойдаланувчилар тишларнинг доғларини кетказувчи энг яхши восита эканлигини ҳамда уларни тиш чўткалари билан ишлатилса, тишлар янада оқ ва ярқироқ бўлишини таъкидлашади. “Агар сиз новдачадан фойдалансангиз, бу жуда осондир”,-дейди стоматологлар. Уни юмшатиш учун бошида новдачани секинлик билан чайнанг. Сўнг, тишларингиздаги тозалашга киришинг.

Хадичаи Кубро аёл‑қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси ходими

Мухитдинова Ферузахон

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*