ЗАКОТНИ БЕРИШ ҲУКМЛАРИ

Аллоҳ таоло бизларга дин устунларидан бири бўлмиш молиявий ибодатни адо қилиш ҳақида Ўзининг китобида зикр қилиб шундай дейди:

وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

Ва намозни қоим қилинглар ва закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз” (Нур 56).

Қуръони каримда “закот” сўзи “намоз” билан бирга 27 жойда зикр қилинган. Бунга кўра, намоз ўқиш ҳар бир балоғатга етган инсонга фарз бўлгани каби, бой мусулмонга ва моли нисобга етган, яъни шариат белгилаб қўйган миқдорга етган ҳар бир бандага аслий хожатидан ортиқча молининг 40\1 бўлагини Аллоҳ таоло берган неъматнинг шукронаси сифатида закот бериши лозим бўлади. Яъни, ҳамма нарсадан беҳожат бўлган Аллоҳ таоло йўлига сарф қилади ва закот олишга ҳақли инсонларга берилади.

Исломда закотдан асосий мақсад, инсонни молу дунёдан устун қўйиш, яъни, инсон мол-дунёнинг қули эмас, балки молу дунё инсоннинг қули эканини билдиришдир. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида шундай зикр қилди:

خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِم بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلاَتَكَ سَكَنٌ لَّهُمْ وَاللّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

Уларнинг молларидан закот олинг. Сиз у (закот) билан уларни поклайсиз ва тозалайсиз. Уларнинг ҳаққига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун сокинликдир. Аллоҳ таоло ўта эшитувчи ва билувчи Зотдир”.

Ушбу оятдан бизга, закотнинг худди намоз каби фарз амаллардан эканлигига далолат қилаяпти. Кимки закотни фарзлигига ишонмаса кофир бўлади ва кимки закотни бермаса қаттиқ гуноҳкор бўлади. Юқоридаги оятда تُطَهِّرُهُمْяъни, “поклайсиз” деганда арабларда жисмонан, моддиян покланишга айтилади. Ва وَتُزَكِّيهِمяъни, “тозалайсиз” дейилганда таржимада руҳан ва маънан покланиш тушунилади. Демак, кимки моли нисобга етса ва уни адо қилса жисмоний-моддий ва руҳий-маънавий покланади.

Аллоҳ таоло бир бандасига молу дунё берса ва у банда унинг шукронасига закотини адо этмаса, эрта қиёматда қандай аҳволга тушишини сифатлаб Қуръонда Аллоҳ таоло шундай дейди:

وَالَّذِينَ يَكْنِزُونَ الذَّهَبَ وَالْفِضَّةَ وَلاَ يُنفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ اللّهِ فَبَشِّرْهُم بِعَذَابٍ أَلِيمٍ (34) يَوْمَ يُحْمَى عَلَيْهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ فَتُكْوَى بِهَا جِبَاهُهُمْ وَجُنوبُهُمْ وَظُهُورُهُمْ هَـذَا مَا كَنَزْتُمْ لأَنفُسِكُمْ فَذُوقُواْ مَا كُنتُمْ تَكْنِزُونَ

Олтин ва кумушни тўплайдиган ва уларни Аллоҳ таоло йўлида инфоқ қилмайдиганларга аламли азоб башоратини бергин. Улар жаҳаннам оташи ила қиздирилган ҳолда пешоналари ва ёнбошларига ва орқаларига босилади. “Мана шу тўплаган нарсаларингиз! Бас, ўзингиз тўплаган нарсагизни татиб кўринг!” дейилади”. (Тавба 33-34)

Аллоҳнинг ояти карималари ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида закотни бермаслик  энг катта гуноҳ ва улкан азоб деб келтирилади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимга  Аллоҳ таоло молу дунё берса-ю, у закотини адо қилмаган бўлса, қиёмат куни у унга кўзойнакли илон бўлиб кўринади. Унинг икки тиши чиқиб туради. У қиёмат куни бўйнидан бўғиб олади. Сўнг икки жағ суягидан тишлаб туриб: “Мен сенинг молингман! Мен сенинг тўплаган хазинангман!” дейди, дедилар ва ушбу оятни тиловат қилдилар:

وَلاَ يَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَبْخَلُونَ بِمَا آتَاهُمُ اللّهُ مِن فَضْلِهِ هُوَ خَيْرًا لَّهُمْ بَلْ هُوَ شَرٌّ لَّهُمْ سَيُطَوَّقُونَ مَا بَخِلُواْ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ

Аллоҳ таоло уларга Ўз фазлидан берган нарсада бахиллик қилганларга уни яхши, деб ҳисобламанглар. Йўқ! У улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари билан, албатта, бўғилурлар”( Оли Имрон 180).

Закот қандай ҳолда берилади деган саволга қуйидаги шартлар кўрсатиб ўтилади:

  1. Тўлиқ мулк; 2. Амалда ёки тақдирда ўсувчи; 3. Нисобга етган; 4. Ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши;, 5. Қарздан қутилган бўлиши; 5. Бир йил тўлиқ тўлган бўлиши лозим.

Тўлиқ мулк нима дегани? Инсоннинг қўлидаги мулки шериксиз бўлиши, фақат ўзиники, унга бировнинг ҳеч қандай ҳақи бўлмаслиги ва ундан ҳосил бўлган фойдалари ўзига қайтадиган бўлиши керак. Мисол учун, айтайлик, бир молни сотиб олди, лекин ҳали қўлига теккани йўқ. Унга ўша молнинг закотини бериш вожиб бўлмайди. Чунки мол қўлига етиб келмай қолиши мумкин. Шунингдек, бировнинг ҳузурига гаровга қўйилган молдан закот чиқариш ҳам вожиб эмас. Чунки гаровга олган инсон у молни олиб қўйиши мумкин. Ва яна адашиб қолган ҳайвон, йўқолиб қолган мол, бирор ерга кўмиб, қаерда экани эсидан чиқариб қўйилган мол кабилар қўлда турмаган моллар ҳисобланади ва улардан закот бериш фарз бўлмайди.

Ҳаром молдан закот чиқаришга рухсат йўқ. Чунки ўғри, киссавур, порахўр, товламачи, золим ва шунга ўхшаш ҳаром йўлдан пул топадиган ҳақиқий мулк эгаси эмаслар. Уларнинг қўлларидаги мол ҳаром бўлиб, у молнинг ҳақиқий эгаси мазлум кишилар.

Амалда ёки тақдирда ўсувчи, яъни ўша молдан эгасига фойда кўпайиб туриши ёки фойда кўпайиш имкони бор бўлиши керак. Масалан, чорполардан семириши, кўпайиши ва яна бошқа маҳсулотлар бериш йўли билан бўлади. Тилло кумуш доимо ўсиб турадиган мол, пул тижорат йўли билан кўпайтирилади, шунинг учун ҳам улардан ҳам берилади. Ва яна бир масала борки, нисобга етган пул бир кишининг қўлида бор, лекин у инсон нобакорлиги жиҳатидан ёки қобилиятсизлиги туфайли у пул уйда турибди, ўсмасдан ўша пулдан берадими? Албатта беради. Чунки у пул ўсишга имкони бор, фақатгина пулнинг ўсмаётганига эгаси сабабчи. Пулни савдога ишлатиб кўпайтириш мумкин. Ожизлик мол соҳиби томонидан бўлгани сабабли мол ўсмай турган бўлса, ундан закот олинаверади. Чунки мўмин киши қўлида моли бўлатуриб, уни кўпайтиришдан ожизлик қилиши тўғри келмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ўзингга наф-фойда берадиган нарсага қаттиқ урин. Аллоҳдан ёрдам сўра, ожиз бўлма!”

Нисобга етган, яъни 20 дирҳам олтин – ҳозирги кунда 85 грамм  тилла бўлиб, унинг қиймати  нисоб миқдори ҳисобланади. Закот бойларга фарз қилинган. Моли нисобга етмаган одам бой ҳисобланмайди. Ҳар бир молнинг закотини нисоби, албатта Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан белгилаб берилган. Закот беришлик туфайли закот берувчининг бойлик даражаси тушиб қолмаслиги керак. Шу ҳам эътиборга олинган.

Ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши– ҳожати аслия, бу инсоннинг доим унга эҳтиёжи тушадиган еб-ичиб, кийишга кетадиган нафақа, яшаш жойи ёки ҳунар асбоблари, уй анжомлари, минишга улов, илм китоблари каби нарсалар киради. Шу нарсалардан ҳоли бўлган зиёда дароматдан закот берилади.

Қарздан қутулган бўлиши– агар бир одамнинг нисобга етган моли бўлса ва олган қарзи нисобга етган молининг бир озини  ташкил қилса ҳам у одам бой ҳисобланмайди ва закот бермайди. Агар олган қарзи нисобдаги молга зарар етмайдиган бўлса унда бемалол закот бераверади. Масалан, 40 млн пули бору, лекин 5 млн қарзи ҳам бор. Қарзини бериши билан 35 млн қолади, бу нисоб пулига ҳечам зарар қилмайди, чунки нисоб миқдори ҳозирда 22 млн га яқин  бўлганлиги учун.

Бировга қарзга берилган молнинг закоти ҳақида уламолар шундай дейишган. 1. Қайтариб берилишидан умид бор қарз. 2. Қайтариб берилишидан умид йўқ қарз. 1- ҳолатда қарздор қарзини эътироф қилади, қарзни узишга имкони бор, умид ҳам бор. Унда қарз берган одам ўзига молдан унинг ҳам закотини чиқариб беради. 2- хилда, қарздор қарзни эътироф қилмайди. Қарзни узишга имкони йўқ, умид қилиб ҳам бўлмайди. У ҳолда мол эгаси закот чиқармайди. Мабодо қўлига моли қайтиб келса, ҳанафий мазҳабида ўтган муддатга эмас, балки қўлига қайтиб теккандан бошлаб ҳисоблайди.

Бир йил тўлиқ тўлган бўлиши лозим, яъни қачонки мол закот нисобига етадиган бўлганда ўша муддатни эсда сақлайди ва ҳисоблаб боради. Бир йил тўлса ўша пайт закот беради, шу бир йил ичида моли озайиб ё камайиб туришлиги эътиборсиздир. Агар муддат тўлганда, яъни йилнинг охирига бориб закот моли камайса унда закот беролмайди. Чунки закот шарти бир йил тўлиши керак.

Закот берувчи кишилар: мусулмон, балоғатга етган, ҳур ва ақлли бўлиши керак. Закотнинг фарзлари – ният ва закот олишга ҳақли кишига мулк қилиб беришдир.

Кимларга закот берилиши Қуръони каримда баён қилинган:

إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاء وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللّهِ وَابْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِّنَ اللّهِ وَاللّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

Албатта, садақалар фақирлар, мискинлар, унда ишловчилар, қалблари улфат қилинадиганлар, қуллар, қарздорлар, Аллоҳнинг йўлида ва ватангадо учундир. Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ илмли ва ҳикматли Зотдир”.

Закотни болаларга, хотинга бериш мумкин эмас. Шунингдек, ота-онага ҳам, чунки боланинг моли ота-онакидир. Бу ҳадис билан ворид бўлган. Аммо яқин қариндошларга берса бўлади.

Яна бир савол, закотни ҳар бир молнинг ўзидан чиқариш шартми ёки қийматини берса ҳам бўладими? Бизнинг уламоларимиз фақир-мискинларга унинг қийматини бериш афзалроқ деганлар. Шунингдек, закотни бир неча йилгисини олдинроқ берса ҳам жоиз. Аммо узрсиз кейинга суриш мутлақо жоиз эмасдир.

Хулоса қиладиган бўлсак, юқоридаги шартлар топилган барча мол эгалари шариат кўрсатмасига мувофиқ закотларини беришга шошилишлари керакдир. Негаки, закотнинг асл моҳияти бу дунёда молимизни саломатлигига сабаб бўлса, охиратимизда эса ўзимизнинг саломатлигимизни таъминлайди, иншоаллоҳ.

 

Ибрагимова Фотима

Хадичаи Кубро аёл‑қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*