САБР ЗИЁДИР

Сабр Ислом динимизнинг энг асосий ва керакли  хулқларидан биридир. Сабр инсон ҳаётининг барча жабҳаларида лозим бўладиган хислатдир.

         Сабр луғатда “қамамоқ, маън қилмоқ, тўсмоқ” маъноларини англатади. Қуръон каримда сабр 90 та ўринда зикр қилинишининг ўзи бу сифатнинг қадри қанчалик баланд эканлиги англатади.

         Бақара сураси 153-оятда:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ (153)

         “Эй иймон келтирганлар! Сабр  ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”.

         Сабр энг олий фазилатлардан, сабр туфайли зафарга эришилади, унинг меваси ниҳоятда тотли бўлади. Сабр – нафснинг юксак хулқларидан бири. Расулуллоҳ алайҳиссалом сабрни уч турга бўлиб, ибодатга чидам, гуноҳдан сақланишдаги чидам ва мусибат-машаққатларга сабр қилишга буюрганлар.

Сабрнинг турларидан бири синов ва мусибатларга сабр қилиш дейилди. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: “Эй бандаларим, Мен бандалар ичидан бир мўмин кишини (бирон мусибат етказиб) имтиҳон қилсам, у Менга ҳамд айтиб синовимга сабр қилса, у ўша жойидан турганида онаси туққан кундагидек хато-гуноҳларидан пок бўлиб туради”.

Ҳақиқатан ҳам, инсонга бирор хасталик келиши билан дарров “оҳ-вой”га тушади, тузалгунча сабр қилолмай ўзини ҳар томонга уради. Бирор ишга киришса, тезроқ ҳал бўлишини истайди. Бошқалар манфаатини ҳатлаб бўлса ҳам ўзининг иши тезроқ битишини хоҳлайди. Аллоҳ  раҳматидан ноумид кимсалар бошларига сал мусибат ё синов келса бесабрлик қилишади. Фиғон чекиб, қисматларидан нолишга тушади. Аслида бундай ҳолатларда сабр-бардошни шиор қилиб олиш зарур. Ислом мўмин-мусулмонларни доимо сабрли бўлиш, Аллоҳ тақдир этган нарсаларга кўнишга чақиради. Чунки, сабр мўминларнинг энг мақталган фазилатидандир.

Имом Мусоҳибий: “Неъматлар бир меҳмондир, уларни иззат-икром этиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмондир, уларни иззат-икром этиш эса сабр билан бўлади” дедилар.

 “Сабр қилиш” деганда асосан машаққатларга, бошига тушган қийинчилику синовларга сабр қилиш тушунилади. Аллоҳ таоло бандаларни сабр қилишга чақириб шундай деган:

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ (155) الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ (156) أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ

  1. Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. 156. Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар. 157. Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир.

            Катта масъулият қийинчиликларини кўтара олиш учун турли синовлардан ўтиш керак. Қийинчиликларда, синовларда одам тобланади. Ушбу оятда ўша синовлардан баъзилари саналгандир.

 Қўрқинч деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади. Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир нав синовидир. Шунингдек, мол-мулкка ўғри олиш, офат етиши ёки золимларнинг тажовузи туфайли нуқсон етказиб ва жонга, яқин кишиларни, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан нуқсон етказиб ҳамда меваларга офат етказиш, баракасини кетказиш билан нуқсон етказиш билан синаб кўрамиз, дейди Аллоҳ таоло. Бошга шундай синов келган, мусибат етган банда нима қилса яхши бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб кўрсатма бермоқда:

«Албатта, биз Аллоҳникимиз», яъни, барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи, нимани, қачон, қандай тасарруф қилишни Ўзи  билади.

«Ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», яъни, эртами-кечми барибир, Унга қайтишимиз бор. Бизга етиб турган мусибат ҳам Унинг Ўзидан. Биз сабр қилишимиз лозим ва шундай қиламиз ҳам. Шу боис, истиржоъ айтишга кўп-кўп савоблар ваъда қилинган. Оятдаги “саловат” мағфират, “раҳмат” эса азобдан омонлик бериш маъносини англатади.

Аллоҳ таоло ким мўмину ким мунофиқ, ким холису ким риёкор эканини билдириш учун синайди. Фаровон замонида ҳамма бирдек кўриниб, кўплар хайру саховат ишларини амалга ошириши мумкин. Бунда ким аслида қандай эканлиги билинмай туради. Аммо қийинчилик етиб, мусибатга дучор бўлинганда эса ҳақиқат ошкор бўлади. Ҳақиқий  мўмин синовларди тобланиб, қалби покланади ва сабр-тоқати боис Аллоҳнинг розилиги ва юқори мақомларга эришади.

    Мусибатга чиройли сабр қилиш ўша мусибатнинг зарарини  камайтириб, банданинг фикру хаёлидан нохуш хотира кўтарилишига ёрдам беради. Зеро, Аллоҳ  сабр қилувчилар билан биргадир.

   Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусибатга чиройли сабр қилса, Аллоҳ унга уч юз даража ёзади. Бир даража билан иккинчи даражанинг ораси ер билан осмон ораси кабидир”.

   Демак, сабр қилишлик натижасида тоғ-тоғ манфаатлар  умид қилинса, сабрсизлик оқибатида эса бир қанча офатлар келиб чиқади, шулардан:

  1. Банда бу билан Аллоҳнинг тақдирига норози бўлган бўлади;
  2. Динннинг комиллиги бўлган сабр сифатидан бебаҳра саналади;
  3. Улуғ ажр-мукофотдан ва гуноҳларнинг мағфират қилинишидан бенасиб бўлади.
  4. Мусибат етганда дод-вой қилиб, ўзини ўққа-чўққа уриш киши фикрини чалғитиб, руҳий ва тиббий ҳолатига ҳам таъсир кўрсатади;
  5. Бу ҳолат тушкунлик, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлишга олиб боради.

Бугунки кунимизда ҳам юртимизда бўлиб турган турли нохуш ҳолатларда юртдошларимиздан улкан сабр-бардош, итоат, хайру саховат, холислик, ҳар бир нарсада  теранг фикр билан иш юритиш, ўз манфаатидан ўзгаларни устун қўйиш, қийинчиликларни енгишда бирдамликда бўлишларини тақозо қилмоқда. Шунингдек,  сабр ойи бўлган бу муқаддас Рамазон ойида хамиша бир-бирларимизни сабрга чақириш, қўллаб-қувватлаш, яхшиликка умид, Аллоҳнинг розилигини топиш каби динимиз кўрсатмаларига қатъий амал қилишимиз энг зарурий талаблардан бўлмоқда.

 

Мухамедходжаева Санобар

Хадичаи Кубро аёл‑қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*