Мусофирнинг намозида саждаи саҳв кайфияти

Мусофирнинг намозда саждаи саҳв қилишининг бир неча кўринишлари бор. Масалан:
Иккинчи ракъатдан кейин қаъдага ўтириб, сўнг эсидан чиқиб, туриб кетса, ушбу ҳолда агар унинг тиззалари ердан узилмасдан ёки узилса ҳам, тўлиқ ёйилмасдан олдин эсига тушиб, қайта ўтирса, саждаи саҳв вожиб бўлмайди.

Агар қиёмга яқин бўлиб ёки рукуъларни қилиб, ҳали сажда қилмасдан туриб эсига тушиб, қайтиб ўтирса, ташаҳҳуд ўқимасдан, бир томонга салом беради. Сўнг саждаи саҳв қилиб, ташаҳуд, саловот ва дуолардан кейин намозини тугатади.

Агар учинчи ракъатга сажда қилганидан кейин ёдига тушса, тўртинчи ракъатни ҳам қўшиб, сўнг саждаи саҳв қилиб, намозини тамомлайди. Унинг бу намозидаги биринчи ва иккинчи ракъатлар фарз, кейинги ракъатлар нафл бўлиб қолади.

وَإِنْ قَعَدَ فِي الرَّابِعَةِ ثُمَّ قَامَ عَادَ وَسَلَّمَ وَإِن سَجَدَ لِلخَامِسةِ ضَمَّ إلَيها سَادِسَةً لتصير الركعتان له نفلا وسجد للسهو.

«Агар тўртинчи ракъатдан кейин қаъдага ўтирса, сўнг туриб кетиб қолса, қаъдага қайтади, саждаи саҳв қилади ва салом беради. Агар бешинчи ракъатга сажда қилса, кейинги икки ракъат нафл бўлиши учун олтинчи ракъатни ҳам қўшиб қўяди ва саждаи саҳв қилади» (Раддул мухтор).
Мусофирга қаъдаи увло фарз бўлиб, у қаъдаи увлога ўтирмаса ва учинчи-тўртинчи ракъатларни ўқиса, унинг намози нафл бўлиб қолади. Саждаи саҳв билан намозининг фарзи ўрнига қайтмайди.

الْحَاصِلَ بِتَرْكِ الْقَعْدَةِ لَا يَنْجَبِرُ بِسُجُودِ السَّهْوِ.

«Қаъдаи увлога ўтирмагандан кейин саждаи саҳв билан унинг намози тўлиқ бўлиб қолмайди» (Раддул мухтор).

Масбуқ (биринчи ракъатдан бошқа ракъатда қўшилган одам) мусофир имом саждаи саҳв қилишидан олдин туриб кетса, намозини ўша ракъатнинг саждасини қилмасдан олдин имом саждаи саҳв қилса, ўша заҳоти имомга эргашади.

وَلَوْ لَمْ يُتَابِعْ الْإِمَامَ فِي سُجُودِ السَّهْوِ وَقَامَ إلَى الْقَضَاءِ لَا يَسْقُطُ عَنْهُ وَيَسْجُدُ فِي آخِرِ صَلَاتِهِ.

«Агар имом мусофир бўлиб, у саждаи саҳв қилса, муқим муқтадий ҳам унга эргашади. Агар имомга эргашмай муқтадий туриб, қолган ракъатларни давом эттираверса, унга намозининг охирида саждаи саҳв қилиши вожиб бўлади» (Оламгирия).

الْمُقِيمُ خَلْفَ الْمُسَافِرِ كَالْمَسْبوقِ فِي أَنَّهُ يُتَابِعُ الإِمَامَ فِي سُجُودِ السَّهْوِ ثُمَّ يَشْتَغِلُ بِالإتْمَامِ.

«Муқим муқтадий мусофир имом билан саждаи саҳв қилди, дейлик. У туриб, ўзи ўқиётган ракъатларида ҳам саҳв қилса, намозининг охирида яна бир саждаи саҳв қилиши вожиб бўлади» (Шомий).
Муқим муқтадий ёки масбуқ намозларида икки марта саҳв қилса, бир марта саждаи саҳв қилиши кифоя бўлади.

وَلَا سُجُودَ عَلَيْهِ إنْ سَلَّمَ سَهْوًا قَبْلَ الْإِمَامِ أَوْ مَعَهُ، وَإِنْ سَلَّمَ بَعْدَهُ لَزِمَهُ لِكَوْنِهِ مُنْفَرِدًا حِينَئِذٍ بَحْرٌ، وَأَرَادَ بِالْمَعِيَّةِ الْمُقَارَنَةَ وَهُوَ نَادِرُ الْوُقُوعِ كَمَا فِي شَرْحِ الْمُنْيَةِ.

«Муқим муқтадий мусофир имом билан салом бериб юборса, агар имомдан олдин ёки у билан баробар салом берган бўлса, саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Мабодо имомнинг саломидан бир оз кейин салом берса, саҳв саждаси вожиб бўлади. Одатда муқтадийлар имомдан кейин салом берадилар» (Раддул мухтор).

Масбуқнинг ҳам ҳукми шундай.

Мусофир саҳв саждасини қилганидан кейин намоз ичида муқимликни ният қилди, дейлик. Бу ҳолатда унинг намози тўрт ракъат бўлиб, намозининг охирида яна бир марта саждаи саҳв қилиши вожиб бўлади. Чунки саждаи саҳвнинг ўрни намознинг охиридадир.

لَوْ نَوَى الْإِقَامَةَ بَعْدَ مَا سَجَدَ لِلسَّهْوِ يَلْزَمُهُ أَرْبَعُ رَكَعَاتٍ وَيُعِيدُ سُجُودَ السَّهْو

«Саждаи саҳв қилгандан кейин иқоматни ният қилса, унга тўрт ракъат ўқиши лозим бўлади ва саждаи саҳвни қайтариб қилади» (Фатвои ҳиндия).
Мусофирнинг бирор транспортда кетаётиб, бир сажда оятини бир неча марта ўқиши ёки эшитишининг ҳам бир нечта кўринишлари бор.
Агар сажда оятини бир ҳайвоннинг устида нафл намоз ўқиётиб такрор ўқиса, бир марта сажда қилса, кифоя қилади. Намоздан ташқарида эса неча марта ўқиса, ўшанча марта сажда вожиб бўлади. Агар самолёт ёки кемага ўхшаш транспортда ўтириб, неча марта такрор ўқиса ҳам, бир марта сажда қилиш вожиб бўлади.

وَانْتِقَالُهُ مِنْ غُصْنِ ) شَجَرَةٍ ( إلَى آخَرَ وَسَبْحُهُ فِي نَهْرٍ أَوْ حَوْضٍ تَبْدِيلٌ ) لِلْمَجْلِسِ فَتَجِبُ سَجْدَةٌ أَوْ سَجَدَاتٌ ( أُخْرَى ) بِخِلَافِ زَوَايَا مَسْجِدٍ وَبَيْتٍ وَسَفِينَةٍ سَائِرَةٍ وَفِعْلٍ قَلِيلٍ كَأَكْلِ لُقْمَتَيْنِ وَقِيَامٍ وَرَدِّ سَلَامٍ، وَكَذَا دَابَّةٌ يُصَلِّي عَلَيْهَا لِأَنَّ الصَّلَاةَ تَجْمَعُ الْأَمَاكِنَ وَلَوْ لَمْ يُصَلِّ تَتَكَرَّرُ

«Бир дарахт шохидан бошқасига ўтиши, дарёда ёки ҳовузда сузиши мажлисни ўзгартириш ҳисобланади. Шунинг учун бир бор ўқиса битта сажда, бир неча бор ўқиса, бир неча сажда вожиб бўлади. Масжид, уй, ва юриб турган кемаларнинг бурчакларининг хилофи ўлароқ ва оз ҳаракат, масалан, бир-икки луқмани ейиш, ўриндан туриш, саломга алик олиш каби. Шунингдек, ҳайвоннинг устида намознинг ичида сажда оятини такрор-такрор битта сажда лозим бўлади. Чунки, намоз бир неча жойларни жамлайди. Агар намоз ўқимаса эди, ҳайвоннинг юриши битта жой деб ҳисобланмаган бўлар эди» (Раддул мухтор).

Сафардан қайтгандан кейинги шукр саждаси мустаҳабдир. Мусофирнинг сафардан соғ-омон қайтиб келиши Аллоҳнинг неъматларидан биридир. Шунинг учун бу неъматга сажда қилиш мустаҳабдир. Юқорида санаб ўтилган барча саждалар намоз ўқиш макруҳ бўлмаган вақтларда қилинади.

أَنَّ مَنْ تَجَدَّدَتْ عِنْدَهُ نِعْمَةٌ ظَاهِرَةٌ أَوْ رَزَقَهُ اللَّهُ تَعَالَى وَلَدًا أَوْ مَالًا أَوْ وَجَدَ ضَالَّةً أَوْ انْدَفَعَتْ عَنْهُ نِقْمَةٌ أَوْ شُفِيَ مَرِيضٌ لَهُ أَوْ قَدِمَ لَهُ غَائِبٌ يُسْتَحَبُّ لَهُ أَنْ يَسْجُدَ شُكْرًا لِلَّهِ تَعَالَى مُسْتَقْبِلَ الْقِبْلَةِ يَحْمَدُ اللَّهَ فِيهَا وَيُسَبِّحُهُ ثُمَّ يُكَبِّرُ أُخْرَى فَيَرْفَعُ رَأْسَهُ كَمَا فِي سَجْدَةِ التِّلَاوَةِ، كَذَا فِي السِّرَاجِ الْوَهَّاجِ.

«Бир кишига янги неъмат келса ёки Аллоҳ унга фарзанд, мол ато қилса ёки йўқотган нарсасини топиб олса ёки ундан қийинчилик дафъ бўлса ёки касали тузалса ёки ғоибдаги кишиси қайтиб келса, Аллоҳ таолога қиблага юзланиб шукур саждасини қилиши мустаҳаб саналади. Саждасида Аллоҳга ҳамду санолар айтади. Сўнг такбир айтиб, тиловат саждаси каби бошини саждадан кўтаради. Сирожул ваҳҳожда шундай дейилган» (Фатвои ҳиндия).

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси 4-босқич

талабаси Хакимова Маҳмуда

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*