ЭҲСОНГА ШОШИЛИНГ!

COVID-19 бутун дунёда тарқалаётганига қарамай, тан олиш керак-ки, сайёрамизнинг тозаланишига  катта таъсир кўрсатаяпти. Бутун дунё мутахассислари  атроф-муҳит тозалигини сақлаш бўйича қатор муаммоларни еча олмаётган бир пайтда, Қодир Зот кичик бир кўзга кўринмас вирус орқали  Ер сайёрамиз  иқлимини ижобий томонга ўзгаришига ёрдам берди. Бунга Италия Венецияси каналларидаги сув мусаффоланиши, Бразилияда дарахтларнинг аёвсиз кесилиш темпи пасайганлиги, Хитойда ҳавони кескин тозаланганлиги яққол мисолдир. Мажбурий изоляция ўз навбатида, катта ифлосланиш билан ажралиб турадиган йирик саноат шаҳарларида ҳаво сифатини яхшиланишига олиб келди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотларининг маълумотига кўра, бу 7 миллионга яқин одамнинг ҳаётини сақлаб қолишини таъкидлади.

Бутун дунё экологияси тозаланаётган кезда, мамлакатимизнинг аҳолисининг ҳам ўз-ўзини мажбурий изоляция қилиши муборак Рамазон ойида жисмонан ва руҳан тозаланиш имкониятидир. Халқимиз мусулмонлари шу вақтдан унумли фойдаланиб, уйда бўш ўтирмасдан Қурьони Каримни арабий ёки ўзбек тилидаги маънолари таржималарини ўқишлари, Қурьон амрларини англаб, моҳиятини тушунишлари, ҳадис ва бошқа китобларни мутолаа қилишлари мумкин. Иншааллоҳ, уларни англаб, амал қилиш орқали бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳнинг розилигига эришилади.

Айни мураккаб пандемия даврида, Ватанимизга ҳам турли синовлар келди. Яқиндагина Бухорода бўлган ҳолатдан кейин кечагина Сирдарёдаги вазият ҳар бир фуқарони ўйлантирган бўлса ажабмас. Юз берган нохушликлар инсонни фикр юритишга ундаши лозим. Муқаддас Рамазон ойида гуноҳларимизни тан олиб, тавба қилишимиз, эҳсонларни кўпайтиришимиз, ибодатларда собит туришимиз керак. Зеро, Рамазон ойида қилинган ибодатнинг даражаси улуғ, ажр-мукофотлари улкандир.

Кимки яхшилик истагида бўлса, ҳар бир яхшилик эҳсондир.  Эҳсоннинг энг яхшиси эса зарур пайтда муҳтожга қилинган эҳсондир. Кечагина ижтимоий тармоқларда Сирдарё аҳлига етган мусибатни бир тану-бир жон деб қабул қилган юртдошларимиз қўлларидан келганча ёрдамга шошилдилар. Ким кийим-кечак билан, ким ўрин-кўрпа билан, ким озиқ-овқат билан, ким пул билан, ким етказиб бериш билан ва ҳоказо. Яна мақтовга лойиқ ишлардан шуни кўрдик-ки, ўнлаб инсонлар уй-жойлар билан уйсиз  қолганларга беминнат ёрдам таклиф қилдилар. Аллоҳ барча эҳсонлардан рози бўлсин, ваъда қилганидек улуғ ажрларидан баҳраманд қилсин.

Мана шу эҳсон карвонига биз ҳам қўшилайлик, берилажак  улуғ ажрларидан баҳраманд бўлиш бизга ҳам насиб қилсин. Юқорида саналганидек, ким кийим-кечак билан, ким ўрин-кўрпа билан, ким озиқ-овқат билан, ким пул билан, ким етказиб бериш, шунингдек, ким маънавий жиҳатдан, яъни дуолар билан, бир-бирларини яхшиликка ундаш билан, истиғфорлар билан, бир-биримизга далолат қилиш билан ҳам эҳсон қилишимиз,  улуғ ой шарофатларидан баҳраманд бўлишимиз муқаррар бўлган имкондан фойдаланиб қолишимиз мумкин. Бу кунлар ўтиб кетгач, бу имкониятни истасакда, тополмай  қолишимиз мумкин. Аллоҳ бизга уммон-уммон ажрлар олишимизга имкон бераётгани учун шукрлар қилиб, айни кунларда ҳақиқий муҳтожларга эҳсон қилайлик.

Ана шу кезларда мусулмон сифатида ҳар биримизнинг қандай банда эканлигимиз намоён бўлади.  Синов даврида Аллоҳнинг ризоси учун меҳр-мурувват, яхшилик,  саҳийлик ва эҳсон қилишга шошилинг.

Ушбу ожизона ёзган мақоламизни ҳам буюк Аллоҳ катта эҳсонлардан деб қилсин, Рамазонда берилажак улкан ажрлари билан сийласин! Амин!

        Раҳматуллаева Шаҳзода

Хадичаи Кубро аёл‑қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*