ҚУРЪОН ШИФОДИР!

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръонни “даво” деб эмас, “шифо” деб сифатлади. Чунки даво фақат жисмни, танани ва аъзоларни даволайди. Шифо эса руҳни ҳам, танани ҳам даволайди. Руҳни биз қалб деб, маънавий аъзо деб ҳам тушунишимиз мумкин. Хасталикларнинг энг оғири ҳам шу қалб хасталигидир. Негаки, жисмдаги хасталикнинг тузалаётгани ёки тузалмаётгани кўриниб, билиниб туради. Қалбдаги хасталик эса, тузалса соҳибини ўз айбини кўрадиган қилади. Тузалмаса, нафсга енгилиб, ўзини беайб, ҳақ деб билади. Тана хасталиги қалб хасталигичалик оғир эмас. Аллоҳ азза ва жалла ҳадиси қудсийда бандаларининг ташқи кўринишига эмас, қалбига қарашини айтган. Ўтган уламоларимиз барча илмни бир неча йилларда ўрганишганини ва қалбларини эса умрларининг охиригача даволашганини айтишади.
Нўмон ибни Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлингким, албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлади. Қачон, у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлади. Огоҳ бўлингким, ўша қалбдир”, дедилар”.
Аллоҳ таоло Юнус сурасининг 57-оятида бандаларига шундай хитоб қилган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди.
Бу ерда Қуръонинг тўрт хил сифати зикр қилинмоқда:
1. Аллоҳ тарафидан насиҳат.
2. Қалблардаги иллатларга шифо.
3. Тўғри йўлга бошловчи.
4. Мўминларга раҳмат.

Исро сурасининг 82-оятида эса, шифони мўмин бандаларига хослаганини марҳамат қилди. Шунингдек, бу мўмин бандаларининг қадрини кўтарганидир:
وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآَنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ وَلَا يَزِيدُ الظَّالِمِينَ إِلَّا خَسَارًا
(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим (кофир)ларга фақат зиённи орттирур.
Бу дунё турли касалликларга тўлиб-тошган касалхона бўлса, ўша касалхонанинг бош табиби Ҳазрат Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга ҳаммабоп давони Аллоҳ таолонинг Ўзи нозил қилган. “Фуссилат” сурасининг 44 -оятида:
وَلَوْ جَعَلْنَاهُ قُرْآَنًا أَعْجَمِيًّا لَقَالُوا لَوْلَا فُصِّلَتْ آَيَاتُهُ أَأَعْجَمِيٌّ وَعَرَبِيٌّ قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ وَالَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ فِي آَذَانِهِمْ وَقْرٌ وَهُوَ عَلَيْهِمْ عَمًى أُولَئِكَ يُنَادَوْنَ مِنْ مَكَانٍ بَعِيدٍ
Агар, Биз (Қуръонни) ажам тилидаги (араб тилида бўлмаган) Қуръон қилганимизда, албатта, улар: «Унинг оятлари (ўз тилимизда) баён қилинмабди-да. (Муҳаммаднинг ўзи) араб-ку, (нега унга) ажамий (Қуръон тушибди?)» – деган бўлур эдилар»*. Айтинг: «(Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир». Имон келтирмайдиган кимсаларнинг эса, қулоқларида оғирлик (карлик) бордир ва у (Қуръон) уларга кўрлик (омили) бўлур. Улар (гўё) узоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар (каби гаранг)дир .
Қуръони каримда “шифо” сўзи қатнашган олтита оят шифо оятлари дейилади. Иброҳим Ҳаққийнинг “Руҳул баён” номли тафсирида ривоят қилинишича, Абулқосим Қушайрийнинг фарзанди оғир касал бўлиб қолганда унга шифо оятлари ўқилган. Натижада, бемор тезда соғайиб кетган. Шифо оятлари қуйидагилар:
وَيَشْفِ صُدُورَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ
1. Мўмин қавм дилларига шифо- ором беради (Тавба сураси, 14-оят).
وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ
2. Диллардаги нарсаларга шифо (Юнус сураси, 57-оят).
فِيهِ شِفَاءٌ لِلنَّاسِ
3. Унда одамлар учун шифо бордир (Наҳл сураси, 69-оят)
وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآَنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
4. (Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз (Исро сураси, 82-оят).
وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِين
5. Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур (Шуаро сураси, 80-оят)
قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ
6. Айтинг: «(Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир» (Фуссилат сураси, 44-оят).
Мўмин банда ихлос билан шу оятларни ўқиб, шунингдек суннатда ворид бўлган дуоларни ўқиб дам солса, албатта дардига шифо бўлади. Бу ҳам Қуръони каримнинг буюк мўъжизаларидан биридир.

София Абдураҳимова –
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*