АНИҚ БИЛМАГАН НАРСАГА ЭРГАШМАНГ!

Маълумки, ахборот технологиялари тараққиёти инсоният учун жуда кўп манфаатларни берди, яшаш учун мисли кўрилмаган қулайликларни туғдирди. Бу технологияларни самараларидан бири бўлган ижтимоий тармоқларсиз бугун ҳаётимизни тасаввур қилолмаймиз. Бизни узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилган бу тармоқлар, асосий суҳбатдошимиз ҳам бу тармоқлар, бу тармоқлар билан бутун дунё кўзимиз ўнгида, илм-маърифат манбаи ҳам бу тармоқлар бўлиб қолмоқда… Лекин шу ўринда ҳамма нарсадан фойдаланишни ўз одоби, қонун-қоидалари борлиги каби тармоқлардаги маълумотлардан, хусусан диний мазмундагиларидан фойдаланишда ҳам эътибор бериш керак бўлган баъзи жиҳатлар борки, буларга бепарво бўлиш натижасида кишининг соғлом эътиқодига путур етиб қолиши, Аллоҳ асрасин, дунё ёки охиратини бой бериб қўйиши ҳеч гап эмасдир.
Бугунги кундаги интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги диний мазмундаги адабиётлар, материаллар, мақола ва маълумотлардан тўғридан-тўғри олиб фойдаланиш учун ҳам кишидан озгина бўлса ҳам илм билан ёндашишни тақозо қилади. Зеро, бу маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, мўътабар манбалар асосида тайёрланган ишончли маълумотлардан кўра кўпроқ оят ва ҳадиси шарифлар нотўғри талқин қилинган, билимсизлик билан ёзилган, мазҳабимиз ва эътиқодимизга зид бўлган, турли шубҳа ва фитналар уйғотадиган ёки ғаразли мақсадларни кўзлаган “диний” маълумотларга дуч келасиз.
Агар бу маълумотларни етарлича таҳлил қила олмас, асл манбаларини кўра олмас эканмиз бундай шароитда юртимиз мусулмонлари идораси уламолари томонидан тавсия этилган, диний мавзу ва масалаларимиз атрофлича баён қилинаётган ишончли сайтлар ва тармоқлар билан кифояланиш лозим бўлади. Негаки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда Исро сураси 36-оятда марҳамат қилиб айтади:
(Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур).
Ушбу оят XIV аср аввал нозил бўлган бўлсада, айни бугунги кунимиз учун ҳам, бундан кейинимиз учун ҳам аҳамиятли бўлиб қолаверади. Аллоҳ таоло яна Ҳужурот сураси 6-оятида айтади:
Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!
Бу оятнинг зоҳир маъноси фосиқ кимсани хабар келтириши ҳақида бўлса ҳам, бугун биз хабарларни оладиган асосий манбаларимиз сайт ва тармоқлар бўлар экан, бу маълумотлар кимлар томонидан, қайси эътиқод соҳиблари томонидан қўйилгани ёки бизгача кимлар орқали етиб келгани, аҳли сунна вал жамоа мазҳабимизга қай даражада мувофиқлигига эътибор қаратиш керак бўлади. Зеро, улуғ тобеинлардан бўлган Муҳаммад Ибн Сийриннинг “Албатта бу илм диндир, динингизни кимдан олаётганингизга қарангизлар!” деган сўзлари жуда машҳурки, бу тавсия бизларни турли “диний” маълумотларга кўр-кўрона эргашиб кетишдан эҳтиёт бўлишга чақиради.
Айниқса минг афсуски, бугун ижтимоий тармоқларда “Рамазоннинг охирги жумасида ўқиладиган махсус намоз”, “Рамазон ойи жума куни бошланса, 15-кунида даҳшатли қичқириқ келиши..” каби ва бошқа кўплаб тўқима ҳадислар тарқалаётганида мўмин-мусулмоннинг одоби бир томондан бундай маълумотларга ойдинлик киритиб, билиб-билмай эргашиб кетишдан сақланишликлари керак бўлса, иккинчи томондан аниқ билмаган нарсамизни бошқаларга тарқатишга шошилмаслигимиз талаб қилинмоқда. Чунки “Саҳиҳи Муслим”да келтирилган бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан “Билиб қўй, ҳар бир эшитганини сўзлайверадиган киши омонда қолмайди” дейилса, бундан кейин келадиган ҳадисда “Ҳар бир эшитганини сўзлайвериш кишининг ёлғончилигига етарлидир” дейилган.
Демак, ахборот асрида бизнинг сўзимиз-сўзлашимизнинг бир томони ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ бўлиб бормоқда экан, дину эътиқодимизни саломатлиги учун ҳам, дунё ва охиратдаги тинчлик-омонлигимиз учун ҳам бундай маълумотларга нисбатан жуда эҳтиётлик билан муносабатда бўлишимиз зарурлигини тақозо қилмоқда.

Адина Сайдаҳмедова –
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*