Қазо адо кабими?

Инсониятни ўзига ибодат этишга буюрган Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамд-у санолар бўлсин. Биз умматига ҳақ билан ботил ўртасини фарқлаб берган ҳабибимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруд-у саловатлар бўлсин!

Бугунги кунимизга келиб, қазо намозларини қандай адо қилиш ҳақида нотўғри талқиндаги хабарлар тарқатилмоқда. Масалага алоқаси бўлмаган асоссиз маълумотлар билан омма мусулмонлари фикрини чалғитмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, улар айтмаган гапни айтди, қилмаган ишни қилди дейиш улкан гуноҳдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадис тўқишни қатъийян ман этиб, бу борадаги ўз муносабатларини очиқ айтганлар:

«Мен ҳақимда қасддан ёлғон сўзлаган киши жаҳаннамдаги жойига тайёргарлик кўрсин!» (Имом Бухорий).  Шу кунларда ижтимоий тармоқларда  “Рамазон ойининг охирги жумасида ўқиладиган махсус намоз  бутун умрлик қазо намозлари ўрнига ўтиши” ҳақида турли миш-мишлар тарқалмоқда. Бу хабарнинг асли уйдирма ва ботил эканлиги ҳақида юртимиз уламолари томонидан кўплаб мақолалар эълон қилинди.

Қуйида эса динимизда қазо намозларга тегишли асл ҳукмлар  қандай эканини кўриб чиқамиз!

Луғатда, қазо – бажариш, ҳукм маъноларини англатади.

Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ:

Қазо истелоҳда – вожиб бўлган ишни вақти ўтиб кетганидан кейин бажаришдир, деганлар.

Аслида адо қилиш – яъни намозни ўз вақтида ўқиш билан, қазо қилиш ўртасида ката фарқ йўқ, чунки иккиси ҳам буюрилган ҳукмдир. Фақат, адо маълум белгиланган вақтда ўқиш бўлса, қазо белгиланган вақтдан кейин (бирор узр, ёки бошқа сабабли) бажаришдир.

Фақиҳ уламоларимиз барчалари киши зиммасига тушган ишни қазосини қилиб бериши вожиблигига иттифоқ қилганлар. Маълумки, вақти тайин қилинган ибодатлар ўз вақтида бажарилмаса, кишининг зиммасига тушиб қолади.

Фатаво ҳиндийя китобида: “Вожиб бўлган вақтида адо этилмаган намозлар, қасддан, унитиб ёки ухлаб қолиб тарк қилинган бўладими, озми ёки кўпми фарқи йўқ, қазо қилиб ўқиб бериши керак бўлади” дейилган. Шунингдек “Қазо, намоз қандай адо қилиниши керак бўлса, ҳудди шу шаклда қилиб ўқилади”, “Фарз намозларини қазо қилиш фарз, вожиб намози қазо қилш вожибдир” дейилган.

Бу  борада бир неча ҳадислар ворид бўлгандир. Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ қолдирилган намозни қилиш борасида иккита боб келтириб:

“Намоздан ухлаб қолиш” ҳақида келган ҳадислар бобида:

 “Абу Қатода родияллоҳу анҳудан ривоят қилинади “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан намоздан ухлаб қолиш ҳақида сўрадилар, у зот “Ухлаб қолишда бепарволик йўқ, бепарволик уйғоқликдадир. Агар бирингиз намозни унутиб қўйса ёки ухлаб қолса эсига тушганида ўқисин” дедидлар”.

Бу мавзу борасида яна Ибн  Масъуд, абу Марям, Имрон ибн Ҳусайн, Жубайр ибн Мутъим, Абу Жуҳайфа,  Абу Саид, Амр ибн Умайя Зу Михбарлардан ҳам ривоятлар бор ва Абу Қатоданинг ҳадислари саҳиҳдир”, деганлар.

Қуръони Каримда “намозни қоим қилинглар” деган буйруқ бор. Бу буйруқни амалга ошириш ҳар бир мукаллафга лозим. Яъни унинг зиммасидаги қарздир. Ҳаммамизга маълумки қарз зиммадан соқит бўлиши учун уни адо этиш лозим. Вақтида адо этмаган киши кейинроқ бўлса ҳам адо этишига тўғри келади.

Яна бир далил, “Ким намоз ўқишни унитса, ёдига келиши билан уни ўқисин” ҳадисидир. Бу ҳадис ҳаволалари билан юқорида нақл қилинди.

Бу ўринда нисён (унитиш)дан мурод мутлақ тарк этишдир, хоҳ қасддан бўлсин, хоҳ беқасд. Чунки араб тилида нисён мутлақ тарк этиш маъносида ҳам ишлатилади. Қурони Каримда мунофиқлар ҳақида: “Улар Аллоҳни унитдилар, бас Аллоҳ (ҳам) уларни унутди” дейилган. Аниқки, бу ерда унутишдан мурод билатуриб Аллоҳни тарк этишдир, ғафлат туфайли ёддан чиқариш эмас. Чунки бундай ёддан чиқариш маломат қилинмайди. Аллоҳ таоло маломат қилишидан маълум бўлдики, у атайин билатуриб эсдан чиқаришдир. Бу эса тарк этиш демакдир.

Чунончи, имом Қуртубий оятнинг тафсирида ёзадилар: “Нисён, яъни эсдан чиқариш бу ерда тарк этиш маъносидир. Оятнинг маъноси “Улар Аллоҳнинг жўнатган буйруқларини тарк этган эдилар, Аллоҳ уларни шак ичида тарк этди, шак ичида қолиб кетдилар”. Худди шундай Имом Шавконий айтадилар:

“Нисён (унитиш) тарк этиш маъносидадир. Яъни, улар Аллоҳнинг жўнатган буйруқларини тарк этган эдилар, Аллоҳ уларга фазлу раҳмат этишни тарк қилди. Бас оятлардаги нисён (унитиш)дан билатуриб юз ўгириш ва тарк этиш мурод бўлганидек, ҳадисдаги нисёндан мурод ҳам тарк этишдир, хоҳ қасддан бўлсин, хоҳ қасдсиз.

Ҳадис охирида “ёдига келганда уни ўқисин” дейилди. Бундан, яъни ёдига келишдан мурод билиш, таважжуҳ қилиш ва эътибор қаратишдир. Мисол учун “мени эсланг” ибораси ишлатилганда ҳам, мени эсдан чиқариб кейин эсланг дегани эмас, балки эътибор қаратинг деган маъно назарда тутилади. Демак ҳадиснинг маъноси “намозни тарк этган киши унга таважжуҳ, эътибор қилганида уни адо этсин”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унитувчи ҳамда ухлаб қолувчи кишини қазо ўқишга бюрдилар, (ваҳоланки улар гуноҳкор ва осий эмас). Демак билиб туриб уни тарк этган киши қазосини ўқиши янада вожиб бўлади. Бу шунга ўхшайдики, Қуръони Каримда “Ота онангга уфф дема” дейилган. Ота онага уфф дейиш раво бўлмагач, уларни сўкиш ва уриш мутлақо жоиз бўлмайди. Ҳудди шундай унитувчи ва ухлаб қолувчи кишига қазо ўқиш лозим бўлгач, уни қасддан тарк этган кишига қазо ўқиш янада зарурроқ ва лозимроқдир.

Имом Нававий айтадилар: “узрли (ухловчи ва унитувчи) кишига қазо лозим бўлгач, узрсиз кишига бадаражаи авло вожиб бўлади. Буни аднони (паст даражадаги нарсани) гапириб аъло даражадаги нарсага танбеҳ қилиш деб айтилади”.

Шу ўринда усулул фиқҳ уламоларининг, “Қазо адо кабидир”, деган қоидаларини тушуниб олишимиз лозимдир.

 Қазо – адо кабидир, дегани, адо қилиш вожиб бўлган иш – масалан намоз ўз вақтида бажарилмай қолган бўлса, намозни ҳудди адо қилинадиган суратда қазо қилинади. Унинг ўрнига бошқа бирор намоз ёки бошқа бирор амал ўтмайди.

Бунга энг машҳур фиқҳий масалани далил қилсак етарлидир:

“Мусофир одам, сафарда муқимликдаги қазо намозларини ўқимоқчи бўлса қаср қилмасдан – яъни тўрт ракатли намозни тўрт ракат ҳолича ўқийди, муқим одам мусофирлик вақтида қазо қилган намозини ўқимоқчи бўлса қаср қилиб – тўрт ракатли намозларни икки ракат қилиб ўқийди”, дейилган. Бундан хулоса қилинадики, ҳар бир намозни ўзига ўхшаши билан қазо қилинади, бирор ракати ҳам қисқармайди.

Аллоҳ таоло барчамизни ибодатларини ўз вақтида бажариб, ҳақ йўлда юрадиган бандаларидан қилсин, амин!

Хадичаи Кубро аёл қизлар ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Абдувалиева Комила

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*