ЖАҲОН ОТИН УВАЙСИЙ

ҲАЁТИ
Увайсий (тахаллуси: исми Жаҳон) (1779 — Марғилон —1845) — шоира, маърифатпарвар.  Увайсий оилада хат-саводини чиқариб, аввал халфа, сўнгра онасининг ёнида мактабдорлик қилган. Акаси Охунжон ҳофиздан шеърият илмини ўрганган, тез орада шоира, отин сифатида танилган. У айниқса, арузни, муаммо (шеърда фикрни яшириб ифодалаш) санъатини мукаммал эгаллаган. Саройда Нодира ва бошқа хотин-қизларга шеърият илмидан дарс бериб, устозлик қилган. Дилшод отиннинг маълумот беришича, Увайсий Нодира билан Конибодом, Хўжанд, Ўратепа, Тошкент, Андижон каби шаҳарларга борган. 1842 йилда Бухоро амири Насруллахон Қўқонни эгаллагач, Марғилонга қайтиб, умрининг охиригача шу ерда яшаган.

ИЖОДИ

4 девон тузганлиги маълум. Лекин бу девонларнинг асл қўлёзмалари топилмаган. Увайсий мумтоз ўзбек шеъриятининг барча жанрларида ижод қилган. Навоий, Фузулий ва бошқаларнинг асарларига мухаммаслар боғлаган. Шоиранинг адабий меросида 269 ғазал, 29 мухаммас, 55 мусаддас, 1 мурабба, чистон, 3 достон, тугалланмаган бир манзума бор. Ижодининг ғоявий мавзу доираси теран ва кўп қиррали.

Шоира адабиётда тараққийпарвар намояндаларнинг қарашлари асосида майдонга келган инсон тақдири, шахс эрки ва маърифатпарварлик ғояларида латиф ва дилкаш асарлар яратган, асарларида инсонни эъзозлаш, одамларни табиат ва ҳаёт ноз-неъматларидан баҳраманд бўлишга ундаш, дўстлик, вафо ва садоқат ҳақидаги улуғвор ниятларини Қуръон оятлари, ҳадислар ва тасаввуфий талқинлар билан асослаган ҳолда ижодий баркамолликка эришган. Унинг шеърларида тариқатнинг талаб ва қоидаларига тааллукли бўлган талқинлар кўп учрайди:

Фано мардумларини сирридин ҳеч кимса йўқ огоҳ,
Қабиҳ гуфтор мардумдин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.

ЛИРОЭПИК АСАРЛАРИ

Увайсий ҳаётлик давридаёқ нафис лирикаси билан машҳур бўлган ва замондошларининг эътиборини қозонган. Лирик шеърларидан ташқари, унинг «Шаҳзода Ҳасан», «Шаҳзода Ҳусан» каби лироэпик асарлари ва «Воқеоти Муҳаммад Алихон» каби тарихий достонлари мавжуд. Шоиранинг лироэпик достонлари ислом тарихи билан боғлиқ воқеалар асосида яратилган.

 УВАЙСИЙ ИЖОДИ БУГУНГИ КУНДА

 Унинг хаттотлар томонидан кўчирилган 3 нусха қўлёзма девони Ўзбекистон Фанлар Академияси Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Андижон университети кутубхонасида сақланади.

НАШР ҚИЛИНГАН АСАРЛАРИ

Увайсий. Девон. – Тошкент: 1963 й.

Увайсий. Кўнгил гулзори. – Тошкент: 1983 й.

ИЖОДИДАН НАМУНАЛАР
Увайсийман

Меҳнату аламларга мубтало Увайсийман,
Қайда дард эли бўлса, ошно Увайсийман,

Истадим бу оламни, топмадим вафо аҳлин,
Барчадин юмуб кўзни муддао Увайсийман.

Уз дилинг тааллуқдин, банд қил худо сори,
То дегил кеча-кундуз: “Мосиво Увайсийман!”

Кечалар фиғонимдин тинмади кавокиблар,
Арз то само узра можаро Увайсийман.

То кўриб хароботин таъна этма, эй зоҳид,
Бир нафас эмас холи иқтидо Увайсийман.

Фақр боргоҳига қўйса гар қадам ҳар ким,
Бош агар керак бўлса, жонфидо Увайсийман.

Вайсий бериёзат деб саҳл тутма, эй ориф,
Ишқ аро ниҳон дарди бедаво Увайсийман.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*