Рамазондан рамазонгача – қалбларни поклаш мавсуми

Аллоҳ таолога беҳисоб шукурлар бўлсинки, ўн бир ойга чўзилган соғинч ва муштоқликдан сўнг, ниҳоят, ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, қалбларда сокинлик, оилаларда файз барака, таровеҳу Қуръон ойи бўлмиш муборак Рамазон Ойининг йигирма саккизинчи кунлигини ҳам ўтказмоқдамиз.
Ҳозирда дунё бўйлаб ҳукм сураётган синовли кунлар юртимизга ҳам соя солганига икки ярим ойлардан ошди. Анча уйда қолиб оила даврасида янада иноқлашиб, бир биримизни яхшироқ таниб, битмаган ишларимизни ҳам анча тартибга келтириб олгандик. Бошланишида бу ҳол ноодатий бўлганиданми инсонлар анча саросимага тушишганди. Секин аста масъулият ҳис қилина бошланди, тарғибот ишлари кучайди, “Уйда қолинг” шиори остида уйдан чиқмасликка даъват этилди. Вақт баҳона қилиб юрганлар учун Аллоҳга ибодату, тавба тазарруга имкон очилди. Тафаккур, неъматларга шукроналик ортди. Мана шу кайфиятда моҳи Рамазонни ҳам кутиб олдик. Биз сабрли, иродали халқмиз. Ҳар бир ишни ўта ҳикмат билан бажарувчи Зот юртимизга яна синов юборди. Кучли шамол… Бу сизга нимани эслатмоқда? Воҳа ҳудудларида юз берган бу офат оз бунча талофат келтирмади. Икки соат мобайнида бўлиб ўтган ишлар ҳаммани довдиратиб қўйди. Ўзимизни осмон билгандик… Қанчалик ожизлигимизни билдик, Раббимизга муҳтожлигимизни билдик, Аллоҳнинг Жабборлигини кўрдик ва Мавломизнинг Ғофур ва Ҳалимлигини ҳам биламиз. Бу балоларни билиб билмай қилган гуноҳаларимизга каффорат бўлишидан умид этдик.
Кўп ўтмай сув балоси билан ҳам юзлашдик… Кўпчилик уй жойидан ажралди. Эндигина гуркираётган экин майдонлари бутунлай талофат кўрди. Ажаб синовлар! Мулк Аллоҳникидир, манзил макон ҳам, қайтиш ҳам фақат унгадир. Кўзлар ёшланмасликнинг иложи йўқ.
Беихтиёр олдинги йилларда Рамазоннинг қанчалик неъматларга сероб, масжидларнинг таровехларда лиммо-лим бўлиши, ифторликлар хуллас, қанчалик юқори шукуҳда ўтганлиги кўз олдимиздан ўтади. Рамазондан рамазонгача нима кунларни бошимиздан ўтказмаймиз.
Аллоҳ шукр қилганга неъматларни зиёда қилиб беради. Аслида ушбу кунларимиз ҳам неъмат. Негаки, ғафлатда, дунёга шўнғиб, охиратни унутувчилардан бўлмаслигимиз учун берилган бир муҳлатдир.
Рамазон ойида саховатни янада кенг қилиб, бир биримизга, айниқса, мусибатдан танг қолган юртдошларимизга ёрдам қўлини чўзиш улкан фазлдир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Дуоларда бардавом бўлайлик… Рамазон дуо ойи. Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти).
Агар бу дуо рўза пайтида, айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” (Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Ишоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти
Аллоҳдан сўраймизки, кейинги рамазонгача ўлик қалблар тирилса, соим бандалар сафи кенгайса, кўзларимиз дунё ғами билан эмас , охират ғами билан ёшланса, бир-биримизга янада меҳрибон, мурувватли бўлсак, фақат ўз ғамимизни эмас, балки халқ ғамини ҳам бир муддат ўйлаб, ёрдам қўлини чўзсак, Аллоҳим бизни яна байтига чақирсаю, лаббайкаллоҳ дея пешвоз чиқсак.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом таълим муассасаси
3-курс талабаси Мирзаева Гулҳаё

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*