Хайр ойлар султони, моҳи Рамазон

Яқиндагина кўзларимизни қувнатиб дунё осмонида кўринган Рамазон ҳилоли ўз ўрнини Шаввол ҳилолига бўшатишга ҳозирланмоқда. Рамазон ойи мусулмонлар ҳаётида алоҳида ўринга эга бўлиб, унда нафслар тарбияланади, ибодатларни адо этишда шижоат ортади, Роббимиз Аллоҳ таоло билан алоқалар янада мустаҳкамланади. Кўз очиб юмгунча бир ой ҳам ортда қолиб, келиши узоқ ва кетиши тез бўлган, йил давомида интиқлик билан кутиладиган раҳмат ва мағфират ойи билан хайрлашиш арафасида турипмиз. Маълумки, Рамазон ойида барча мусулмонлар имкон қадар ибодатларга маҳкам бел боғлайдилар. Рўза, таровеҳ намози, қуръон тиловати, кечаларда қоим бўлиш, тасбеҳ, истиғфор ва саловатларда бардавом бўлишга ҳаракат қиладилар. Бир ой давомида инсоннинг руҳи ва жасади давомли ибодат лаззатини ҳис қилади, озуқа олади. Рамазон ойи тугаши билан яна кунлар асл ҳолига қайтса, ибодатларда яна сусткашликлар бошланса, яна мусҳафларга чанглар қўнса, яна шайтонлар ечилиб, маъсиятлар авж олса, яна масжидлар намозхонларни соғиниб йиғласа руҳимиз ҳудди она сутидан бирдан маҳрум бўлган гўдакдек қийналади. Чунки ибодатлар инсон руҳининг озуқасидир. Рамазон ойи Қуръон ойи. Ҳар биримиз бу ойда одатдагидан кўпроқ тиловат қилишга, хатми Қуръонларимиз сонини кўпайтиришга ҳаракат қиламиз. Агар Рамазон ойида бир маротаба хатм қилган киши то кейинги Рамазонгача шу натижадан камайтирмасликка ҳаракат қилса, таровеҳ намозларини 30 кун давомида мунтазам ўқигандан сўнг, уни давомли таҳажжуд намозларига алмаштирса, 30 кунлик рўза амалидан кейин Шаввол ойининг олти куни рўзаси ва ҳар ойнинг душанба ва пайшанба кунлари рўзаси билан ёки ҳар ойнинг ўртасидаги уч кунги суннат рўзалар билан нафсини овутса, бу барокатли ой сабабидан доимий зикрларга боғланган тили ва қалбини яна зиёда зикрлар билан безаса юқорида айтганимиздек руҳимиз учун айрилиқ машаққатини енгиллатган бўламиз. Ҳар Рамазон ойи ҳар бир мусулмон учун ўзидан шундай гўзал мерос қолдириши жуда муҳим бўлиб, ибодатлардаги даража ва юксалишга, Аллоҳ таолонинг муҳаббатига етишга, давомли суннат амалларни тирилтиришга сабаб бўлади. Зеро Қуръони каримда «Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”, деб марҳамат қилинган. (Оли Имрон сураси, 31-оят). Банда ҳаётида суннатни тирилтириши, пайғамбаримиз алайҳиссаломга эргашиши билан Аллоҳнинг муҳаббатига эришади. Бу мақолани ўқиш билан ўқувчида биз шундоқ ҳам нафл рўзалар тутамиз, таҳажжуд намози ўқиймиз, доимий хатми Қуръонлар қиламиз деган эътироз пайдо бўлиши мумкин. Биз бу мақолада эътибор қаратмоқчи бўлган нуқтамиз Рамазон ойида одатидан зиёда қилинган ибодатлар Рамазон тугаши билан яна одатига қайтиб қолмасдан балки кейинги Рамазонгача нафслар шу зиёдаликка ўргатилса ва мунтазам ҳар Рамазон ойи сабабидан шундай ўсиш ва ривожланишга эришиб борилса, ҳадисларда зикр қилинганидек роббимиз Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш йўлига кирилган бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло «Ким менинг валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга уруш эълон қилурман. Бандам Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила Менга яқинлаша олмас. Бандам менга нафллари ила яқинлашишда бардавом бўлса, Мен уни яхши кўрурман. Мен уни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман. Мендан сўраса, албатта, унга берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, уни албатта Ўз паноҳимга олурман. Ҳеч бир нарсада мўминнинг жони ҳақида иккиланганимдек иккиланган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман», деди», дедилар». Бухорий ва имом Аҳмад ривоят қилганлар. Ушбу ҳадиси қудсийдан нафл ибодатларда давомли бўлишнинг аҳамияти қанчалик улуғлиги, бу билан банданинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги даражаси юксалиши маълум бўлади.
Аллоҳ таоло бу Рамазон ойидан гуноҳларимиздан фориғ бўлиб, раҳмати ва мағфиратига лойиқ бўлиб чиқишни, кейинги Рамазон ойига соғ саломатликда етишни жумла мусулмонларга насиб этсин. Амин.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Абдувалиева Комила Абдуқаҳҳор қизи

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*