Улуғ айём кунларида хайр-саховат ва кўмак ишларида бардавом бўлайлик

Рамазон – тарбия ойи. Нафсимизни турли камчиликлардан поклаш, вужудимиздаги савобли ишлар, меҳр-оқибат, меҳр-мурувват, барчага фақат ва фақат яхшилик соғиниш каби фазилатларни камолига етказиш фурсати.
Бу ғанимат лаҳзалардан бақадри имкон фойдаландик. Очлик сабаб мискин ва муҳтожларнинг ҳолини бир оз ҳис қилдик. Қалбимизда уларга нисбатан меҳр-мурувват, хайр-саховат ҳислари жўш урди. Олот, Қоракўлдаги бўронларни, Сардобадаги тошқинларни, тождор вирус пандемияси зарбаларини биргаликда, бир халқ бўлиб, янада кучга тўлиб енгиб ўтмоқдамиз. Бирлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз, ўзаро меҳр-оқибатимиз, меҳр-мурувватимиз давомли бўлсин. Хайр-саховат, ўзаро оқибат ва кўмак ишларида ҳамиша ҳозиргидек собит қолайлик.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бизни яна бир бор ҳамжиҳатликка чақирдилар. Рамазон ҳайитини оиламиз даврасида нишонлашимиз зарурлиги алоҳида таъкидланди. Зеро, бугунги синовли онларда барча ибодатларимиз оиламиз даврасида бўлмоқда. Муфтий ҳазратнинг бу фатволарини тўғри англаш, орамизга фитна ва қўрқув солишга уринаётган, турли ғаразли кучларнинг алдовларига учмаслик ҳар бир мўмин-мусулмонинг муқаддас бурчидир. Зеро, ҳанафий мазҳаби таълимотидаги “Зарарни даф қилиш”, “Қийинчиликни тарк этиб, енгиллик томонга ўтиш”, “Кучли зарурат айрим ҳолларда ман қилинган ишга ҳам рухсатни пайдо қилади” каби ҳаётий қоидаларга аждодларимиз асрлар давомида амал қилганлар. Ва бу диёрдан ислом илмларининг турли соҳаларида пешқадам олимлар етишиб чиққан. Уларнинг орасида Бухоролик олимлар фаолияти алоҳида диққатга сазовордир.
2020 йилда ISESKO ташкилоти томонидан Бухоронинг ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши бежиз эмас. Зеро, ислом илмларининг қайси соҳасини олиб қараманг, бухорийлар қўшган алоҳида ҳиссага гувоҳ бўласиз.
Бухорога ҳанафий мазҳабини олиб келган Абу Ҳафс Кабир Бухорий даврида Мовароуннаҳрдаги илк мадраса бунёд этилди. Катта-ю кичикка бирдек илм ва эзгулик улашгани, атрофдагиларга саховат ва кўмакда намуна бўлгани учун халқ орасида ҳожатбарор имом дея шарафланган Абу Ҳафс Кабир ва унинг шогирдлари сабаб илм-фан тараққий этиб, Бухоро ислом илмлари қуббаси деган шарафга сазовор бўлди.
Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий сабаб ҳадис илми тараққиётининг энг юқори чўқкисига чиқди. Бу аср ҳадисшуносликнинг олтин асри бўлиб тарихга кирди.
Бухорода ҳам диний, ҳам дунёвий арбоблар даражасига кўтарилган Бурҳонуддин Маҳмуд Бухорийнинг бобоси Бурҳон Кабир бошчилигидаги Оли Моза сулоласи бу даврда маданият, фан ва таълим ҳамда фиқҳ илми ривожига улкан ҳисса қўшдилар. Сулола вакиллари “Хизонат ал-кутуб” номли кутубхона ташкил этдилар. Манбаларда мазкур оиланинг олти минг фақиҳга ҳар йили 4000 минг Бухоро динори хажмида маблағлар эҳсон қилгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилган диний-маърифий соҳада асрга татигулик ислоҳотлар амалга оширилди. Шу жумладан, бухоролик алломалар меросини тиклашда ҳам салмоқли ишлар қилинди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 март қарорлари билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари томонидан Бухоронинг табаррук илм маскани Мир Араб мадрасасига олий мадраса мақоми берилди. Бухорода Тасаввуф мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Етти пир қадамжолари обод этилиб, таълимотига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган азизлар, улуғлар ўгитларида таъкидланган меҳр-мурувват, хайру саховат борасидаги ибратлари ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллади.
Хожаи Жаҳон номи билан шарафланган Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийнинг: “Олийҳиммат бўл, Ҳақ таъоло сенга нимаики берган бўлса Худонинг халқига нисор эт” дея таъкидлаганлар. Аллоҳ ато қилган молу мулкни атрофдагиларга мунтазам ҳадя қилиш – саховат ва кўмакнинг олий намунасидир.
Абдухолиқ Ғиждувонийдан “Тариқат одоби”, “Васиятнома” каби асарлар бизга мерос бўлиб қолган. Улардаги гўзал панду насиҳатларни ўқиган қиши улкан маънавий озуқа олиши шубҳасиз. Ул зотнинг шеърий ҳикматларини марҳум устоз Садриддин Салим Бухорий ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган:
Қалбларни топгучи ғамхор бўлғайсен
Айбларни ёпгучи саттор бўлғайсен
Аллоҳ ризосини тиласанг, эй дўст
Эл билан адабда ҳушёр бўлғайсен!
Эл корига яраш, кишиларнинг ёмонлигини яшириб, яхшилигини ошириш, атрофдагилар билан ҳамиша гўзал одоб билан муомала қилиш, хайру саховатли бўлиш, мискин кўнгилларга шодлик улашиш Аллоҳ ризолигига, икки дунё саодатига етакловчи фазилатлардан экан.
Бугун улуғ айём кунларида билиб-билмай жиноят йўлига кириб, ўз қилмишидан пушаймон бўлган, жазога маҳкум бир гуруҳ юртдошларимизга Президентимиз фармонлари билан авф эълон қилинди. Бир инсонни тўғри йўлга солиш дунёдаги энг савобли ишлардан, инсоният тарихида ўтган пайғамбарлар, авлиёлар умрларини бахшида этган гўзал фазилатлардандир. Улуғ айём кунлари Президентимиз эълон қилган авф сабаб қанча-қанча отасини кутаётган болалар қалбларида қувонч, фарзандига илҳақ бўлган ота-оналар кўзларида бахт ёшлари, ёлғиз боши билан оила тебратаёган муштипар опа-сингилларимиз дилларида ёруғ дунёда саодатига бўлган умид, ишонч қайта мужассам.
Ҳа, айни дамларда юртимизда чинакамига меҳр-оқибат, меҳру саховат, меҳру мурувват муҳити ҳукмрон. Хаста кўнгиллар шод, муҳтож хонадонлар меҳр ила обод! Давлатимиз раҳбарининг меҳр-шафқатга йўғрилган қарорлари, “Саховат ва кўмак умумхалқ ҳаракати” каби ташаббуслари миллионлаб юртдошларимизга намуна бўлмоқда. Янги-янги марралар сари интилишимизда дилимизга ишонч, вужудимизга куч бағишламоқда. Бу куч, бу салоҳият бизни шу юрт, шу миллат, шу она Ватан – Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида янада фаол ҳаракат қилишга унлайди.
Ҳамжиҳатлигимиз, ўзаро меҳр-оқибатимиз, меҳр-мурувватимиз давомли бўлсин, дея Яратганга илтижо қиламиз. Хайр-саховат, оқибат ва кўмак ишларида собит қолайлик. Муборак ойнинг бетакрор таровати, мислсиз саховати, гўзал тарбияти-ю маънавий камолоти ойларга эмас, йилларга, йилларга эмас умримизга татисин, ҳаётимиз мазмунига айлансин. Шунда ибодатларимиз, савобли амалларимиз қабул, дуоларимиз мустажоб, тараққиётимиз бардавом, турмушимиз янада фаровон бўлажакдир!

Меҳринисо Саиджалолова
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ислом таълим муассасаси
Ахборот-ресурс маркази раҳбари

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*