Инфоқ шукрнинг гўзал кўриниши

Инсонга Аллоҳ таоло томонидан турли хил неъматлар берилади.  Кимгадур бойлик, кимга чирой, кимга эса соғлиқ. Аслида эса бу неъматлар инсонга синов тариқасида яъни инсон бу нарсаларнинг шукрини адо қиладими йўқми деб берилган бўлиши мумкин. Кимки ўзига берилган неъматларнинг шукрини адо қилса Аллоҳ уни унга зиёда қилади, кимки берилган неъматларга шукр қилмай ғулуга кетса Аллоҳ берган неъматларини унинг зарарига қилиши ёки у неъматни ундан олиб қўйиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам берилган неъматларни шукрини доимий адо қилиб туриш керак. Аллоҳ кимга бойлик берса ундан муҳтожларга бериши ва бахллик қилмаслиги лозим. Аллоҳ таоло Иброҳим сурасида шундай марҳамат қилади:

قُلْ لِعِبَادِي الَّذِينَ آمَنُوا يُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُنفِقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً مِنْ قَبْلِ أَنْ يَأْتِيَ يَوْمٌ لَا بَيْعٌ فِيهِ وَلَا خِلَالٌ

  1. Сен иймон келтирган бандаларимга айтгин, намозни тўла-тўкис адо этсинлар. Савдо-сотиқ, оғайнигарчилик йўқ бўлган Кун келмасидан олдин уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан махфий ва ошкор инфоқ қилсинлар. (Иброҳим сураси 31-оят)

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларига  биринчи бўлиб намозни тўла тўкис адо қилишларини айтяпди. Чунки намоз шукрнинг энг гўзал кўринишларидан биридир. Яна унинг гўзал кўринишидан бири инфоқдир. Аллоҳ таоло айтяпдики қиёмат кунигача ризқ қилиб берган нарсаларимдан маҳфий ва ошкора инфоқ қилсинлар чунки қиёмат куни инсонга ҳеч қандай мол-дунё ва ҳеч қандай ошна-оғайнигарчилик  ёрдам беролмайди. У кунда барча инсон ўзи билан овора бўлади. Шундай кунда инсонга фақатгина бу дунёда қилган яхши амаллари ва қилган ҳайр-еҳсонлари фойда беради. Шундай экан охират кунига иймон келтирган ҳар бир банда яхши амалларда ва ҳайр-еҳсонда бардавом бўлиши лозим.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” مَا عَظُمَتْ نِعْمَةُ اللَّهِ عَلَى عَبْدٍ إِلا عَظُمَتْ مَئُونَةُ النَّاسِ عَلَيْهِ ، فَمَنْ لَمْ يَحْتَمِلْ تِلْكَ الْمَئُونَةَ فَقَدْ عَرَّضَ تِلْكَ النِّعْمَةَ لِلزَّوَالِ”

Муъоз  розияллоҳу  анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи шундай дедилар:

“Бир бандада  Аллоҳнинг неъмати кўп бўлса, албатта, унинг зиммасида одамларга беминнат ёрдам ҳам кўпаяди. Ким одамларга беминнат ёрдам беришни кўтармаса, батаҳқиқ, ўша неъматни заволга учратади” (Байҳақий ривояти).

Демак бундан кўриниб турибдики Аллоҳ таоло кимга кўп неъматлар берса унинг зиммасидаги масулият икки бараварга ортар экан. Чунки унинг зиммасида мискин ва фақирларнинг ҳам ҳаққлари туради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Маъориж сурасида шундай марҳамат қилади:

وَ الَّذِينَ فِي أَمْوالِهِمْ حَقٌّ مَعْلُومٌ «24» لِلسَّائِلِ وَ الْمَحْرُوم «25»

“Уларнинг мол-мулкларида маълум ҳақ бордир. Сўровчи ва бечоралар учундир” (24-25-оятлар)

Бу борада тарихдан бизга ўрнак бўлувчи инсонлар кўплаб топилади. Бунга мисол:

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бир куни қаттиқ йиғладилар. “Сизни нима йиғлатмоқда?”  дейишди. “Етти кундан буён меҳмон келмаяпти, Аллоҳ таоло мени хорладимикан, деб қўрқмоқдаман”, дедилар.

Лайс ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи бадавлат уламолардан эди. Бир кунлик даромади минг динорга етар эди. Шунга қарамай, ҳадя ва нафақаларни кўп берганидан у кишига ҳеч қачон закот фарз бўлмаган.

Ушбу воқеалардан ҳам яққол кўриниб турибдики кимга кўп неъмат берилса уни Аллоҳ йўлида чиройли сарфлаши керак.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مُسَاوِرٍ ، سَمِعْتُ ابْنَ عَبَّاسٍ ، ذَكَرَ ابْنَ الزُّبَيْرِ ، فَبَخَّلَهُ ، ثُمّ قَالَ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، يَقُولُ : ” لَيْسَ الْمُؤْمِنُ الَّذِي يَشْبَعُ ، وَجَارُهُ جَائِعٌ إِلَى جَنْبِهِ”

Абдуллоҳ ибн Мусаввир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Ибн Аббоснинг Ибн Зубайрга хабар бериб айтаётганини эшитдим:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас”, деганларини эшитдим”

(Бухорий “Адабул-муфрад”да ривоят қилган).

Бу маънода Имом Ғаззолий Қуйидаги ҳикояни келтирадилар: “Бир киши дўстининг уйига келиб,ешигини қоқди. Уй эгаси чиқиб, унинг нима хожатда келганини сўради. “Тўрт юз дирҳам қарзим бор”, деди у. Уй эгаси тўрт юз дирҳам чиқариб берди ва уйга киргач, укиниб йиғлай бошлади. Хотини унга: “Истамасангиз пулни унга нимага бердингиз?” деди. “Мен уйимга келиб, эшигимни қоқмагунича, унинг ҳолидан хабар олмаганимга йиғлаяпман, деди”.

Шундай экан барчамиз ён атрофимизга эътиборли бўлиб туришимиз керак. Балки қўшниларимиз ҳам нимагадур муҳтожу, биз билмаётгандирмиз.  Аллоҳ таоло барчамизми комил мўмин ва мўминалардан қилсин.

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом

таълим муассасаси 4-босқич

талабаси Муҳамедова Муниса

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*