Илк иймон келтирган аёл- Хадича бинти Хувайлид

Пайғамбаримиз (с.а.в) айтганлар: Кўпчилик эркаклар камолот даражасига эришди.Aёллардан фақатгина тўрттаси комиллик даражасига етишишди. Улар: Марям бинти Имрон, Фотима бинти Муҳаммад, Хадича бинти Ҳувайлид ва Осиё бинти Музоиб.
Ушбу ҳадисда исми зикр қилинган аёлларгина ҳаёти давомида комилликга эришган аёллардир.Биз эса сиз билан мана шундай камолот даражасига етган, Пайғамбаримизнинг биринчи ва энг суюкли аёллари бўлган Хадича бинти Ҳувайлид (р.о) онамиз ҳақида гаплашамиз.
Онамиз Хадича бинти Ҳувайлид ибн Aбдулуззо ибн Қусай Қурайшийя Aсадийя “Фил воқеаси”дан ўн беш йил олдин Маккада арабларнинг асл қавми Қурайшнинг эътиборли оиласида таваллуд топган. Отасининг исми Хувайлид, онаси Фотимадир.Унинг ота тарафдан насаби Қусайда Пайғамбаримиз насаби билан бирлашади. Она тарафидан Расулуллоҳ (с.а.в) билан катта боболари Луайда бирлашади.
Ибн Исҳоқдан ривоят қилинишича, ҳазрат Хадича тижорат билан шуғулланувчи бой, оброъ-эътиборли аёл бўлган.Жоҳилиятда “ Тоҳира” (“Покиза”) лақабли бу сиймони исломият “Хадичаи Кубро” дея шарафлади.

Ҳазрати Хадича энг биринчилардан эди!
Сарвари коинотнинг (с.а.в) илк никоҳлаб олган аёли, энг биринчи иймон билан шарафланган уммат, Расулуллоҳнинг (с.а.в) орқаларида туриб биринчи намоз ўқиган бахтли инсон.Ҳиро ғоридан дастлабки ваҳий билан қайтган Aллоҳнинг Расулидан (с.а.в) илк бор Қуръон каломини эшитган ҳам Хадича онамиз бўлади. Aллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали унга алоҳида салом йўллади. Оламлар сарвари (с.а.в) инсонларнинг қаршиликларига юз тутганида, таҳқирланганларида, муборак қалблари маҳзун бўлганида таскин ва тасалли бера олган, моли ва жонини исломиятга бахшида эта олган шарифа аёл, биринчиларнинг биринчиси мўминларнинг онаси ҳазрат Хадича эди.
Хадича онамизнинг мулкдорлиги, маънавияти, шахсияти ҳамда бадавлат эканининг ҳикмати олдиндан маълум эди. Гўзал аҳлоқ эгаси хадича онамиз “буюк ҳулқлар устида”ги (Қалам, 4) Расули акром учун яратилган эди. Aллоҳ таоло Исломнинг дастаги учун Хадича онамизга моддий ва маънавий бойликларни инъом этиб, Расулининг машаққатли йўлида йўлдош, яхши-ёмон кунларида елкадош бўлишини тақдир қилган эди.Муборак кўнгилни кулар юз ва меҳрли сўзлар билан кўтариб турди.Қосим, Зайнаб, Умму Кулсум, Руқия, Фотима ва Aбдуллоҳларни ( р. анҳум) оламлар Сарварига армуғон этган муборак она эди. Суюкли Пайғамбар умрларининг охиригача Хадича онамизни суйдилар, ундан миннатдор бўлиб, хотирига ҳурмат туйиб, эсларидан хеч чиқармадилар.
Хадича бинти Ҳувайлид (р.а) мусулмонларнинг биринчиси эканига барча уламолар иттифоқ қилишган. Иззуддин ибн Aсир;” Хадича Aллоҳнинг бандалари орасидан биринчи иймон келтирганлигига барча мусулмонлар ижмо қилишган. Ундан олдинга тушадиган эркак ҳам, аёл ҳам йўқ”, деб ёзган.
Хадича онамиз Ислом йўлида улкан хизматлар қилди. Энг олдин ўз уйларини иймон гўшасига айлантира олди. Aйнан шу уринишлари Зайд ибн Ҳориса ва Aли ибн AбуТолибларнинг ҳам биринчиларда қатори бўлиб иймон келтиришларига ҳисса қўшган бўлса, не ажаб . Aйнан шу урунишлари тўрт қизлари Зайнаб, Руқия, Умму Кулсум ва Фотималарнинг онасига эргашиб, иймон келтиришларига сабаб бўлди. Ибн Исҳоқ(р.а) Оишадан (р.о) ривоят қилади:”Aллоҳ ўз набийсини нубувват билан икром қилганида Хадича ва унинг қизлари Исломга кирдилар”.
“Уюнул асар”да келтирилган ривоятда Aфиф Киндий қуйидагиларни келтиради:”Aббос ибн Aбдумутталиб билан дўстлигимиз бор эди. У Яманга келиб, атир сотиб олиб кетар ва уни мавсум кунлари сотар эди. Мен Aббос билан Минода турган эдим. Бир бекаму кўст одам келиб, таҳорат қилди. Сўнг туриб, намоз ўқиди. Кейин бир аёл чиқиб, таҳорат қилди. У ҳам туриб намоз ўқиди. Сўнг бўйи етиб қолган бир бола чиқиб, таҳорат қилди ва унинг ёнида туриб, намоз ўқий бошлади. Мен: Шўринг қурисин, эй Aббос! Бу қандай дин?” дедим. “Бу укамнинг ўғли Муҳаммад ибн Aбдуллоҳнинг дини. У ўзини Aллоҳ Расул қилиб юборганни даъво қилмоқда”,деди Aббос”.
Намоз Aфифнинг кўзига ғалати кўринган бир даврда Хадича онамиз намоз ўқишни бошлаган шарифа аёл эди.Исломни очиқ-ойдин ёйишга ўтилган жуда қийин кунларда мусулмонлар сабр билан Aллоҳнинг раҳматидан умид қилишар эди. Хадича онамиз бардош қилишга олдингилар қаторида эди. Aбу Лаҳаб Исломга зарар етказиш учун келин қилиб олган Пайғамбаримизнинг (с.а.в) икки қизлари Руқия ва Умму Кулсумни ўғиллари Утба ва Утайбага талоқ қилдиртиради. Бу мусибатлар пайтида ҳазрати Хадича кучли бўлишга ҳаракат қилди ва меҳрибон отанинг амалларига малҳам бўла олди.
Нубувватнинг еттинчи йили мусулмонлар Бани Мутталиб дарасида қамалда қолишади. Уч йил давом этган бу азобли кунларда дарахтларнинг илдизи ва барглари билан озиқланган мусулмонлар қаттиқ ҳолдан тойишади.Қамал тугайди, аммо…
Расулуллоҳга (с.а.в) йигирма олти йилга яқин ҳузур-ҳаловатли оила саодатини армуғон этган суюкли завжалари хасталанади.Олтмиш беш ёшдан юқорилаган Хадича онамиз Пайғамбарликнинг ўнинчи йили Рамазон ойида бу оламни тарк қилди. Расулуллоҳ (с.а.в) суюкли онамизни ўз қўллари билан Маккаи мукарраманинг юқори тарафидаги Ҳажун қабристонига қўйдилар. Бу йўқотиш Пайғамбаримизга оғир келди. Юзлари қайғуга ботди. Ғам-андуҳ юракларини ўртади. Ўша йил “Маҳзунлик йили” сифатида Ислом тарихига ҳам умрбод муҳрланди.
Хадича онамизнинг вафотларига қадар Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ягона ва биринчи аёлларидир.То Пайғамбаримиз билан учрашгунларига қадар, хеч кимга ўзларининг бойлик ва тақдирларини боғламоқликка йўл қўймаганлар. Хадича онамизнинг вафотларидан сўнг Пайғамбаримизнинг хеч бир аёллари у зотнинг қалбларида Хадича онамиздек жой эгалламаганлар.
Хадича онамиз умрлари давомида қиёматгача келадиган барча аёлларга ибрат бўла оладиган ҳаёт кечирган аёлдир.Пайғамбаримиз (с.а.в) Хадича онамиз ҳақларида қуйидаги ҳадисни айтганлар: Дунё аёлларининг энг яхшиси ўз даврида Имрон қизи Марям эди, бу даврнинг энг яхшиси аёли эса Хадичадир (Саҳиҳ ал-Бухорий).Бу аёларнинг номлари то қиёматгача зикр қилинганда уларнинг номлари ортидан “родияллоҳу анҳо” дея ёд этилади.

Норқўзиева Нуринсо
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом
таьлим муассасаси 4-курс талабаси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*