Жаноза маросимидаги бидъат хурофотлар

Инсон вафот этганидан кейин тириклар қилиши лозим бўлган вазифаларнинг охиргиси дафн амалиётидир. Айни вақтда, бу ҳам фарзи кифоя ҳисобланади.
Фарзлигига далил:
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларидир:
عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ : أَرْبَعٌ لِلْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ : يَعُودُهُ إِذَا مَرِضَ ، وَيَشْهَدُهُ إِذَا مَاتَ ، وَيُجِيبُهُ إِذَا دَعَاهُ ، وَيُشَمِّتُهُ إِذَا عَطَسَ
Ибн Масъуд розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мусулмонни бошқа мусулмон зиммасида тўртта ҳаққи бордир: Касал бўлса, кўргани боради, вафот этса, (дафн ишларига) қатнашади, уни чақирган чоғда ижобат қилади, акса урганда саломатлик тилайди”, деб айтдилар”.
Бухорий ривояти
Шунингдек, бу иш Одам алайҳиссаламдан бошлаб ҳозирги кунгача авлодма-авлод мерос бўлиб келаётгани, буни қилмаслик гуноҳ ҳисоблангани ҳам дафннинг фарз эканига далил бўла олади.
Кифоялиги эса: баъзилар бажариши билан мақсад ҳосил бўлгани боис бошқалардан соқит бўлади.
Баъзи макруҳ ишлар;
 Жаноза ёки дафнни кўпчилик қатнашсин деб кечиктириш ёки жума намозидан кейинга қолдириш. Зотан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маййитни тезроқ элтинг”, деганлар. Лекин дафн иши билан банд бўлиб, жума намозидан кеч қолиш эҳтимоли бўлса, уни кечиктириш мумкин.
 Тобут ерга қўйилишидан олдин ўтириш.
 Тобут ўтаётганда ўрнидан туриш.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом авваллари бу амални қилган бўлсалар-да, кейинчалик ўзлари бундан қайтарганлар. Шунинг учун ҳам тобут олиб ўтилаётган пайтда йўлдаги инсонлар унинг учун ўринларидан туришлари мумкин эмас.
عن علي رضي الله عنه: «كان رسول الله صلّى الله عليه وسلم أمرنا بالقيام في الجنازة، ثم جلس بعد ذلك، وأمرنا بالجلوس رواه أحمد وأبو داود
Али розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга тобут ўтаётганда ўриндан туришни буюрган эдилар. Кейин ўтирадиган бўлдилар ва бизларни ҳам ўтиришга буюрдилар”.
Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.
 Овоз кўтариб гапириш.
 Аёлларнинг эргашишлари.
 Бошқа миллат ва дин вакиллари жанозада қиладиган амалларини, масалан гулдаста кўтариб олиш, оловли нарсаларни кўтариб олиш, исириқ тутатиб олиш.
Энди ҳозирги кунда жаноза ва шунга тааллуқли ишлардаги бидъатларни кўздан кечирамиз.
Ҳозирги вақтда мусибатхоналарда турли бидъат-хурофотларни авж олиши, инсонларни мусибатхона одобларига риоя қилмасликлари натижасида ўзларини ҳам, қазо этган яқинларини ҳам қийин аҳволга солиб қўйишлари, гуноҳга сабаб бўлиш ҳоллари учрамоқда. Шариат аҳкомларига риоя қилмаслик, Қуръонга ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашмаслик инсонларни залолатга етаклайди. Инсонларни илмсизлиги натижасида турли маросимларда жигарлар, қариндошлар ва атрофдагилар орасида бир қатор нохуш ҳолатларни келтириб чиқармоқда.
Бундай ҳолатларни таъзия маросимларида авж олиши, бидъат-хурофотларга кўр-кўрона эргашиш мусибат етган хонадон эгаларини ҳам руҳан, ҳам моддий томондан изтироб чекишига олиб келмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг баъзи туманларида узоқ қариндошларни, таниш-билишларни кутиб, маййитни 2-3 кунлаб сақлаш одати бор.
Вафот этган маййитни 2-3 кун сақлаш одати қаердан келиб чиққан?
Баъзи бир диний илми саёз бўлганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилганларидан сўнг уч кун сақланган, шунинг учун биз ҳам маййитни уч кун сақлашимиз керак, деган фатволарни чиқаришган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўмишдан олдин халифа сайланиши ва бир қатор муҳим масалалар кўрилиши керак бўлган, шунинг учун маййитлари уч кун сақланган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин халифалар, саҳобаларнинг маййитларини уч кунгача сақланганлиги борасида китобларда келтирилмаган. Агар маййитни уч кун сақлаш суннат бўлганида улар албатта фатво беришар эди.
Бундай одатларни ота-боболаримиз қилишган, нега биз қилмаслигимиз керак деган саволлар берилиши табиий. Ота-боболаримиз яшаган замон билан ҳозирги замонни тенглаштириб бўлмайди. У замондаги тараққиёт билан ҳозирги тараққиёт ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси яшайдиган ҳудуд кенг саҳролардан иборат бўлиб, бир оила билан иккинчи оиланинг ўртасида ўттиз-қирқ километрлик масофа бўлган. Жаноза ўқийдиган одамлар ҳам муаммоси, мадраса-мактаб кўрганлар жуда камчиликни ташкил қилиши, гоҳо жаноза ўқийдиган одам йўқлиги, турли машаққатларни келтириб чиқарган. Шу каби нарсалар сабаб бўлиб, майитни уч кунгача сақлашга мажбур бўлишган бўлса ажабмас. Маййит атрофидан одамларнинг қочиб кетмаслиги, узоқ жойдан келганларни оч қолдирмаслик учун, қўни-қўшниларнинг йўқлиги азадорларга бирор жонлик сўйиб, пишириб едиришга мажбур бўлишган. Бунга қўшимча у пайтлар ҳозиргидек тўқлик ва фаровонлик бўлмаган, қориннинг тўйишининг ўзи ҳам катта давлат бўлган. Мана шу каби сабаблар бўлиб, мажбуран шариат аҳкомларидан чиқишга мажбур бўлишгандир. Бугунги кунда аждодларининг аҳволотини тушунмаган, ўша даврга ўзларини қиёслаётганларнинг қилаётган хатти ҳаракатлари ношукрликдан бошқа нарса эмас. Тарихлардан маълумки ўтган даврларда турли юқумли касалликларнинг келиб чиқиши, вабо дардининг тарқалиши ўликларнинг мана шундай уч кунгача саситиб сақланишлик оқибатида ҳам келиб чиққан. Сабаби бир одам оғир юқумли хасталик билан ўлса, у дард бошқаларга юқуши аниқдир. Шунинг учун асло маййитни уч кун музларга кўмиб, азоб бериб уни кўммасдан ушлаб туриш мумкин эмас. Ўлганни тез кўммоқ керак.
Пайғамбаримиз маййитни тезлик билан кўмишни буюриб: “Жанозани тезроқ олиб боринглар, яхши инсон бўлса тезроқ жойига олиб борасизлар, яхшилигига тезроқ етади, ёмон одам бўлса тезроқ ёмонлигига етади” – деб буюрганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Саҳл ибн Абдуллоҳ айтади: “Ким Аллоҳ таоло азобидан қўрқиб, суннатга риоя қилса, Аллоҳ уни бидъат аҳлига бўладиган азобдан қутқаради ва уни жаннатга киргизади”.
Маййитни кўмиб келгандан кейин, 3, 7, 40, 100 ва йил тўлганда, ҳар пайшанба, якшанба кунлари қилинадиган маросимлар ҳақида шариатимизда кўрсатмалар йўқ. Бундай маросимларни ўтказишда имкони бўлмаса ҳам жонлиқ сўйилишини шарт қилиб қўйилиш ҳолатларини учратиш мумкин.
Таъзия бўлган хонадонда дастурхонлар ясатилади. Таъзия бўлган хонадон аёллари эса қаттиқ, баъзи жойларда дод солиб йиғлаш одатлари бор. Ҳолбуки динимизда қаттиқ йиғлашдан қайтарилган.
Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни айтиб йиғлашдан қайтардилар” (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган).
Уч кундан кейин қилинадиган ҳар қандай эҳсонни ҳар ким ўз оила шароитидан келиб чиқиб, хоҳлаган вақтда, қарз-қаволасиз қилса бўлади. Қарамоғида балоғатга етмаган болалар бўлса, эҳсон ўрнига мана шу болаларнинг эҳтиёжига ишлатилса савоби улуғроқ бўлади. Имкони бўлмаганлар эса эҳсон қилишлари шарт эмас.
Мусибатхонада лаганга дон солиш, чопон ёки пальто билан ёпиш, маййитнинг устига пул сочиш, тобутни бўсағага уч марта тегизиш, маййитни уч марта айлантириб, жаноза ўқиладиган жойга олиб келиш бидъатдир.
Маййит чиққан жойдан намозгоҳгача дон, пул сочиш қатъиян ҳаром амаллардир. Дон бизнинг ризқи рўзимиз, нонимиз уни нафақат босиш, ушоғи, донаси ерга тушиб кетса, кўзга суртилади-ку! Ахир ризқимизни оёқ ости қилиб топташимиз оғир гуноҳ эмасми? Бир-биримизни тириклигимизда қадрлайлик, ёрдам берайлик, ўлгандан сўнг мажбуран, одамлар кўрсин учун, риё учун ўзимизни кўрсатмайлик.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Замон охирида бир хил қавмлар пайдо бўладики, улар ҳамма амалларни барчага кўрсатиб, ошкора қилишни ўзларига дўст тутадилар ва махфий равишда сир тутиб қилишни ёқтирмайдилар”, дедилар. Саҳобалар сўрадилар: “Ё, Расулуллоҳ, буни қандай тушунайлик?” Шунда Пайғамбаримиз изоҳ бердилар: “Одам бир-бирини кўролмаслигидан, яъни фалончи ундай қилибди, мен ундан ҳам ўтказиб қиламан дейишидан ёки бир-биридан қўрққанидан шундай қилишади” (Имом Муслим ривояти).
Имомга қўй бериш учун уни одамларнинг олдига кўз-кўз қилиб боғлаш ҳам яхшимас.
Энди буни ҳам тарихига назар солинг. Яна ўша қийинчилик даври, бир имомни неча кунлик йўлдан олиб келишган. Келган имом бир овулда бир ой, икки ой қолиб кетган. Шундай ҳолатда жаноза ўқиган имомни қандай рози қиламиз, одамларга имомни рози қилиш бирор нарса беришни қандай тушунтирамиз, деган саволлар пайдо бўлган. Шунда жаноза ўқиган имомга бериш учун жаноза ўқиладиган жойга қўй боғлаб қўямиз. Жаноза ўқиб бўлингач қўйни имомга тутқазиб юборамиз, одамлар имомни хизмати битта қўй экан деган тушунчага боришади, деган хулоса қилишган. Қолаверса чўпонларда бир дона қўй муаммо бўлмаган. Баъзи жойларда гилам беришган. Сабаб имомга гилам ёки шолча берса, уни масжидга олиб келиб тўшаган, мадрасадаги талабаларга берган. Масжид ва мадрасаларнинг шу нарсаларга эҳтиёжи бўлган. Ўша нарсалар ўз замонида ниҳоятда камёб бўлган. Ҳатто, имом олган қўйини мадраса талабаларини овқатланиши учун берган.
Катта шаҳарларда имомларга қўй бериш, олдига гилам қўйиш ҳоллари бўлмаган. Сабаби, шаҳарда аҳоли кўп, имомларга, мадраса мударрисларига ва талабаларига маош, ҳадиялар бериб боришган.
Бугунги кунга келиб халқ кўпайди. Қишлоқлардаги тараққиёт, шаҳарлардан қолишмаяпди. Маданият ўсди. Халқ орасида бой, камбағал, мискинлар бор. Аксарият халқнинг қўйи йўқ. Улар мажбуран қарз олишиб, қўй сотиб олишлари уларга иқтисодий қийинчиликларни туғдириши турган гап. Шундай экан имомларимиз биринчилардан бўлиб, ўзларини фойдасини ўйламасдан, мен учун аталган қўйни фалончи камбағалга беринг ёки бу ишларни тўхтатинг. Жуда қўй бермоқчи бўлсангиз одамларга кўрсатиб, риё қилмасдан беринг дейишлари керак. Ҳалқни оғир аҳволга тушириб, имомликнинг орқасидан бой бўлишни мақсад қилмасликлари керак. Қози ҳазратлари сиз биринчи ўринда бу ташвиқот ва талабни имомларингиздан бошлашингиз ҳамма нарсани тўғри йўлга тушишга сабабчи бўлади. Баъзи маҳалладаги оғзи катталар содда одамларни алдаб, бу ишларни қилишга мажбурламасинлар. Сизлардаги ҳолат бундан бир неча йил олдин бошқа вилоятларда ҳам бор эди. Имомларнинг жонбозлиги ва ҳаракатлари сабаб кўплаб бидъат ва хурофот амалларга барҳам берилди.
Жаноза намозига келганларга пул тарқатиш масаласида ҳам яна тарихга назар солайлик. Қадимда жанозага келганларга бир тангадан тарқатилар экан. Бу ҳам бўлса одамларни жанозага чақириш ва ўша бир танга эвазига кимнингдир бир кунлик овқати, эҳтиёжини кўтаришган. Рўмол тарқатишда ҳам шу муаммо, кийимлар ҳозирги кундагидек сероб бўлмаган. Битта кийим бир йилгача минг ямоғи билан кийилгани сир эмас. Ана шундай оғир аҳволдаги одамларга ёрдам тариқасида рўмоллар, кийимлар берилган. Қолаверса бу нарсаларни маййит эгасига эмас қишлоқ аҳли, қавму қариндошлар қилишган. Кимдир эчки-қўй етаклаб келган, яна кимдир мато олиб берган, одамлар пул йиғишиб шу ишларни амалга оширишга мажбур бўлганлар. Шаҳарларда эса бу каби бидъат амаллар бўлмаган, сабаби одамлар кўп, танишу нотаниш, масжидларда минглаб одам жаноза намозига қатнашганликлари сабаб бундай ишларга эҳтиёж ҳам тушмаган, уламолар кўп бўлгани боис бу ишларга йўл ҳам қўйишмаган. Бугунги кунда одамларнинг чит рўмолча, бир қадоқ чой, минг сўм пулга эҳтиёжлари борми? Одамларда кийим йўқми, пул йўқми ёки арзимас нарсаларга эҳтиёжлари борми?
Маййит кўмиб келингандан сўнг ўтказиладиган пайшанбалик ва якшанбаликларда. қўй –моллар сўйилиб, баъзи қишлоқларда эртадан кечгача гаплашиб ўтиришлар афсуски бор. Бундай бидъат, хурофот маросимларга ҳам чек қўйиш керак.
Шуни яхши билмоқ керакки, ўтган яқинларга ҳайр-эҳсон қилиш мустаҳаб амал бўлиб, у шариат таълимотига мувофиқ ўтказилгандагина ажру-савобга эга бўлади. Инсон бошига тушган синовларда ёлғиз Аллоҳдан мадад сўраши, ширк амаллардан узоқ бўлиши даркор.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “…Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110 оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни бундай ишлардан қайтариб, ўз ҳадиси шарифларида: “Ислом динида мозорга атаб ҳайвонлар сўйиш йўқдир”, деганлар.
Қабристонларда авлиёларга атаб жонлиқ сўйилиши, азиз-авлиёларнинг қабрларини тавоф қилиш, фарзанд кўриш ниятидаги келин-куёвлар қабристонларда думалаши, соҳиби қабрлардан омад, бойлик тилаб дуо қилиш динимиз кўрсатмаларига зиддир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳаж” сурасининг 26 ва 29 оятларида марҳамат қилади:
“(Эй, Муҳаммад!) Эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳ ўрнини белгилаб бериб, (унга шундай дедик): «Менга бирор нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтимни тавоф қилувчилар, (намозда) тикка турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар (яъни ҳожилар ва намозхонлар) учун тозалаб қўйгин!”.
“Сўнгра (ҳожилар) кирларини кетказсинлар (яъни, эҳромдан чиқиб, соч олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (ҳаж мажбуриятларини) адо қилсинлар ва «Қўҳна уй» (Каъба)ни тавоф қилсинлар!”

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом таълим муассасаси
4-курс талабаси Салиева Бибиойша

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*