Иллат излаганга иллатдир дунё…

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом жами  ўн битта хотин билан никоҳланганлиги бизга сийрат китобларидан маълумдир. Aна шу ҳолатдан дин душманлари Исломни ва унинг Пайғамбарини ёмонотлиқ қилиб, таъна-маломат тошларини отишга кенг фойдаланишади.Хуллас, бу мавзу атрофида шубҳа-гумон, адашув-ёлғон, туҳмат ва иғволар керагидан ортиқча.

          Қадимги вақтда Ислом душманлари бир  эркак кишига  тўртта  хотин кифоя қилади, деган ҳукм учун, “Бу жуда оз-ку!”деб  тухмат  тошини  отишган  эди.  Бир кишига  тўрттадан  ортиқ  аёлга уйланишни ман қилиш жабр ва  зулм,  ҳар ким хохлаганича  сондаги  аёлларга   уйланиш  имконига  эга бўлиши   керак,  дэб дод солишган эди. Яъна оғизларига  нима келса, шуни айтиб, вайсашган  эди. Ҳозирги  вақтда эса, Ислом  душманлари  бир эркакка  тўрт хотин  кифоя  қилади,  деган ҳукм учун, “Бу  жуда  кўп – ку!” деб тухмат  тошини  отишмоқда. Ислом  душманлари,  Исломнинг  кўп хотинликка  рухсат берганини  шунчалар  кўп тухмат қилганларки, хатто дунёда кўпчилик Ислом  деганда тўртта  хотинга уйланиш, деб  тушуниб қолган. Баъзилар Ислом ҳақида  ҳеч  нарса  билмаслиги  мумкин аммо Ислом   тўртта  хотинга  уйланишга  руҳсат берганини  яхши билишади.

         Aгар Ислом  душманларининг бу масаладаги  шовқин – суронига эътибор берадиган  бўлса, худди Ислом шу  масаладан  иборатга  ўхшаб  қолади. Улар Исломдан  сўз очилиши  билан  тўрт  хотинлик  масаласига  ёпишиб  олишади. Гўяки  Ислом шариати  мусулмон  эркакларга  тўрт хотин олишни фарз қилиб қўйгандек!

Бу холат асрлар давомида  душманлар  томонидан Исломга  қарши олиб  борган   ташвиқотларнинг  самарасидир. Бу  тарғиботлар  хатто  ўзини мусулмон  санаб юрган баъзи  жоҳилларга  ҳам ўз таъсирини ўтказган. Шунинг учун бу масалада  батафсилроқ  сўз  юритиш мақул кўрдик:

       Пайғамбаримиз илк бор йигирма беш ёшларида қирқ ёшли, олдин ҳам икки марта турмуш қурган Хадича розияллоҳу анҳога уйланганлар ва қирчиллама йигитликларининг йигирма беш йилини шу покиза ва садоқатли аёл билан ўтказганлар. Яшаб қолган фарзандлари ҳам Хадича онамиздан эди. Ҳижратдан уч йил олдин, ҳазрати Хадича вафот этгачгина бошқа аёлларга уйландилар. У зот шундан кейин турли йилларда Савда бинти Замъа, Оиша бинти Aбу Бакр, Ҳафса бинти Умар, Зайнаб бинти Ҳузайма, Умму Салама, Зайнаб бинти Жаҳш, Умму Ҳабиба, Жувайрия бинти Ҳорис, Сафийя бинти Ҳуяй, Маймуна бинти Ҳорис оналаримиз билан киҳокландилар. Ҳазрати Мория Қибтия ҳур хотин эмас, Миср ҳукмдори ҳадя қилган чўри бўлгани учун кўпчилик Ислом олимлари уни Расулуллоҳ алайҳиссаламнинг покиза завжалари қаторига киритишмаган.

   Aна шу аёллардан Оиша онамиздан ташқари барчалари олдин турмуш қилган, эрлари ўлган ёки эри мушриклиги учун ундан ажрашган бева ҳонимлар эди.

Шунингдек, Сарвари олам турли сабабларга кўра қарайдиган ёрдамчиси, боқувчиси бўлмаган, эрлари вафот этиб тул қолган бева аёлларга  меҳрибончилик, раҳмдиллик кўрсатиш учун уларни қарамоғларига олиб, уйланганлар. Пайғамбар алайҳиссалом баъзи аёлларига уйланиш орқали кўплаб одамларнинг қалбини ўзларига улфат қилдилар. Бошқа баъзи хотинлари сабабидан одамлардан ўзларига етадиган азият ва душманчиликларни даф этдилар. Шунингдек, айрим хотинларига уйланиб, уларни мусҳриклик, қашшоқлик, хорлик каби ҳалокатли ишлардан қутқариб қолдилар.

 Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини, шариат аҳкомларини муслима аёлларга ўзига хос услуб билан етказадиган, хусусан, аёлларнинг ўзларигагина хос бўлган масалаларни тушунтириб берадиган муаллималар керак эди. Бу вазифани фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларигина бажаришлари мумкин эди. 

Набий алайҳиссаломнинг аёллари кўп бўлгани ҳам асосан шу эътибордандир. Чунки бундай улкан масъулият, яъни лслом уммати аёлларига Қуръони Карим, суннати набавия таълимотларини, шариат аҳкомларини етказиш битта ёки тўртта аёлнинг қўлидан келадиган иш эмас эди.Оиша бинти Aбу Бакр йирик олима бўлиб етишдилар, мусулмон умматига фатволар бердилар, пайғамбар алайҳиссаломдан энг кўп ҳадис ривоят қилганлар сафида эдилар. Умму Салама онамиз ҳам Ислом олималаридан бўлганлар.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўз хотинларига қилган муҳаббатлари, эътибор, адолат ва эҳтиромлари бошқа бирон башар наслининг қўлидан келмайди. Саҳиҳ ҳадисларда келишича, у зот ўзларининг биринчи ва садоқатли завжалари Хадича бинти Ҳувайлидни умр бўйи эъзозлаб, ҳурматини жойига қўйиб келганлар. “ Дунё аёлларининг энг яхшиси Хадича бинти Ҳувайлиддир”, деб марҳамат қилганлар. Ҳатто Хадича онамизнинг вафотидан кейин ҳам унинг хотирасини унутмай, яқин дугоналарини йўқлаб турганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллом аёллар ўртасида адолат қилишда ҳам намуна эдилар ва асҳобларидан ҳам шуни талаб қилардилар.

Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам:Кимнинг иккита хотини бўлса-ю, улардан бирига мойил бўлса, қиёмат куни бир томони   мойил (фалаж) ҳолда келади. Сунан эгалари ривояти.

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам тақсимда, олдимизда қилишларида баъзимизни баъзимиздан устун кўрмас эдилар. Ҳаммамизнинг олдимизга кириб айланиб чиқмаган кунлари оз бўлар эди. Тегмасалар ҳам ҳар бир аёлнинг ёнига кириб чиқар, навбат куни келганнинг олдида ётиб қолар эдилар. Aбу Довуд, Aҳмад ва Бухорий ривояти.

Нима бўлганда ҳам, Пайғамбаримиз уйланган барча аёллар у зот вафотларидан кейин “мўминлар онаси” сифатида  ҳурмат-эътиборда бўлишди, у зот хонадонига муносиб равишда чин инсоний фазилатларда намуна ҳолда умргузаронлик қилишди. У зотнинг оилавий ҳаётлари бошқа фазилатлари ва ахлоқий комилликлари каби инсоният учун ибрат бўлиб қолаверади.

                                                                          

                                                                          Норқўзиева Нуринсо

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом

                                                          таьлим муассасаси 4-курс талабаси

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*