Ислом дини бир-бирига зарар етказишни қоралайди

Инсон бошқа жамики нарсалардан мумтоз, ҳамма маҳлуқотлардан энг улуғидир. Инсон улкан иззат ва ҳурматга лойиқдир. Барча илоҳий ва мумтоз асарларда инсон қадри одам зотининг Аллоҳнинг энг буюк мўъжизаси сифатида улуғланиши, ҳар томонлама муносиб қадр-қиммат топишини англатади. Ислом инсонларни бир-бирига зарар етказишликдан ва ўзини ҳам қийинчиликка солишликдан қайтаради. Сўнгги вақтларда, ижтимоий тармоқларда бировнинг жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳақида кўплаб ҳабарларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу жуда ачинарли албатта! Аллоҳ таоло ўз каломида шундай марҳамат қилади: ”Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир”. (Нисо сураси, 93). Аллоҳ таоло бир мўминни ўлдирганнинг жазоси жаҳаннам бўлишини таъкидламоқда.

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда эса қуйидагича марҳамат қилади: “Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган)бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини)қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр” (Фурқон сураси, 68-70). Бошқаларга зиён етказаётган, уларни ўлдираётган кимсалар, Аллоҳ таолонинг шиддатли азобидан қўрқсинлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалок қилувчи гуноҳдан сақланинглар!» деб, уларнинг ичида «Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш», дея зикр этганлар.(Муттафақун алайҳ).Бир жонни ўлдириш катта гуноҳлардан саналиб,ким шу ишни қилса,ўша гуноҳи уни ҳалок қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар икки мусулмон қиличлари билан тўқнашсалар, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам дўзахда», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, бу-ку қотил, бироқ мақтулнинг гуноҳи нима?» деб сўрашди. Шунда у зот: «У ҳам биродарини ўлдиришга иштиёқманд эди», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Имом Абу Сулаймон Хитобий айтадилар: «Бу ҳукм бирон таъвил сабаб билан эмас, балки ўзаро адоват, тарафкашлик ёки дунё, обрў, мансаб туфайли урушганларга тааллуқлидир. Бироқ, кимда-ким боғийларга қарши жанг қилса ёки ўзини ё оиласини мудофаа қилса, бу таҳдиднинг унга дахли йўқ. Чунки у ўзини ҳимоя этиш учун жанг қилишга буюрилган бўлиб, мақсади биродарини ўлдириш эмас. Ахир у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У ҳам биродарини ўлдиришга ҳарис – иштиёқманд эди», деганлар!»

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Огоҳ бўлинглар, кимда-ким Аллоҳ ва Расулининг ҳимоясидаги аҳдлашган жонни ўлдирса, аниқки, у Аллоҳнинг кафолатини барбод қилибди. Бинобарин, у жаннат бўйини тотмайди. Ваҳоланки, унинг бўйи етмиш йиллик масофадан келиб туради”. (Термизий ривояти). Ҳар бир инсон бошқаларга зарар етказишдан, унунг жонига қасд қилишдан ўзини тиймоғи лозим. Акс ҳолда оят ва ҳадисларда келтирилгани каби уни қаттиқ азоб-уқубатлар кутади. Ҳаёт аталмиш азиз неъмат инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан бизларга топширилган имконият ва масъулият ҳамдир. Ҳар инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга ҳиёнат қилмаслиги керак, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган бўлиб, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус таълим

муассасаси ўқитувчиси

Жозиба Жамол қизи

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*