ПОРАХЎРЛИК ИЛЛАТИ

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

 Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун  ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг.[1] (188-оят Бақара сураси)

Аллоҳ таоло мусулмонлар бир-бирларининг молларини ботил–ҳаром йўл билан емоқдан қайтади.

Имом Қуртубий, “Оятдаги “ботил йўл билан емаслик”ка ҳаромнинг барча турлари; Қимор, алдамчилик, порахўрлик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топишлик, ҳаром касбларни қилиб мол топишлик ва бошқалар киради деганлар”.[2]

Ҳақсизни ҳақли, янглишни тўғри, ёмонни яхши, нолойиқни лойиқ қилиб кўрсатиш учун бир кимсадан пул олиш порахўрликдир. Бундай ношаръий иш учун воситачи бўлиш ҳам ҳаром амалдир. Ҳадиси шарифларда шундай дейилади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه  قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه و سلم  الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ فِي الْحُكْمِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмда пора берувчини ва пора олувчини лаънатладилар”.

Аҳмад ва Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилишган.

Савбон розияллоҳ анҳудан ривоят қилинишича расулуллоҳ сав пора берувчини ва пора олувчини ва уларга воситачи бўлганни лаънатладилар. (Аҳмад ривояти)

Табароний ривоятида эса “Пора олган ва берган жаҳаннамдадир” дейилган.

 Ўз ишига лаёқатсиз инсонларни ишга олинишлари учун давлат идораларидаги мансабдорларга совға саломлар ёки пул бериш ҳам порахўрликнинг энг ёмон кўринишларидан биридир. Чунки бу бир миллатнинг таназзулига сабаб бўлади.
Бир ўқитувчининг қобилиятсиз талабани имтиҳондан ўтказиб юбориши билимсиз кадрларнинг ишга олинишига сабаб бўлади натижада мамлакатга катта зиён етади. Навбати етиб келмаган инсоннинг ҳужжатларини аввалроқ кўриб чиқилиши учун пора бериши навбати келган бошқа кишиларнинг ҳақларига тажовуз ҳисобланади. Докторнинг пора олиб, соғлом инсонни носоғлом деб, ёки аксинча носоғлом инсонни соғлом деб ташхис қўйиб бериши ҳам жуда  катта гуноҳ бўлиши билан бирга жамиятнинг парокандалигига олиб келади. Ноқонуний ишларга пора олгани сабабидан кўз юмиб кетиш ўз вазифасига хиёнат саналади.

Динсиз киши Аллоҳдан қўрқмагани учун қонуннинг кўзи тушмайдиган жойда ҳар турли разолатни қилаверади. Мусулмон киши эса Аллоҳ уни ҳар доим кўриб турганини билади ва ҳеч қачон порахўрликка қўл урмайди. Агар бирор мусулмон одам пора каби нобоп ишларга аралашиб қолса демак у Аллоҳдан қўрқмайдиган ҳолга келиб қолган бўлади.
Мусулмон киши порахўрлик қилиб фақатгина ўзини гуноҳга ботирган бўлибгина қолмай, ислом динига, инсониятган ҳиёнат қилган бўлади. Чунки порахўрлик халқнинг жисмонан ва маънан таназзулга кетишига сабаб бўладиган ёмон иллатдир.  Ҳар бир ўзини шу юртнинг фарзандиман деган шахс бу каби иллатлардан огоҳ бўлиши ва буларнинг олдини олиш учун ўз  ҳиссасини қўшмоғи лозим. Шаръан гуноҳи кабиралардан ҳисобланиб, миллатнинг ҳалокатига сабаб бўладиган порахўрликни таг-туги билан йўқ қилиш йўлида исломий одоб-ахлоқ қоидаларига катта эҳтиёж сезилади. Ҳақиқий мусулмон ҳақсизлик қилмаслиги билан бир қаторда ҳақсизлик қилинишига ҳам рози бўлмайди. Порахўрлик каби иллатлардан ўзини сақлаши билан бирга фарзандларини ҳам шундай тарбия қилади.

Мамлакатда раҳбарлик қилувчи ҳар бир шахс ўзининг қўл остидагилардан ҳадялар олиши ҳам мумкин эмас. Ҳазрати Умар ра халифалик вақтларида хотини билан бир қишлоққа бордилар. Қишлоқ аёллари халифанинг хотинига турли-туман ҳадялар бердилар. Уйга қайтганларида ҳазрати Умар хотинларига  буларни қаердан олдинг дедилар. Хотинлари қишлоқ аёллари берганини айтдилар. Халифа Умар мен халифа бўлмаганимда сенга ҳадя беришмаган бўларди. Чунки авваллари улар сенга ҳадя беришмасди-ку дедилар ва барча совғаларни байтул молга топшириб юбордилар. Порахўрлик ҳаром пул топиш йўлларидан ҳисобланади. Барча динларда гуноҳ саналиб, барча давлатларнинг қонунларида жиноят ҳисобланади. Шоир нақадар тўғри айтган:

Молу-дунё қанча кўп бўлса ҳисоби бордир

Ҳаромдан топилса гар азоби бордир

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ لَحْمٌ نَبَتَ مِنْ سُحْتٍ

Яъни: “Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди” – деганлар.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга (ишга) юбордилар. Жўнаб кетганимдан кейин орқамдан одам юбордилар. Қайтиб келдим. Шунда У зот: Сенга нима учун одам юборганимни биласанми? Менинг изнимсиз бирор нарсани олмагин. Чунки, у ғулулдир. Ким ғулул олса, қиёмат куни ғулул (ношаръий йўл билан топилган мол-мулк) олган нарсаси ила келур”.

عَنِ ابْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه و سلم  قَالَ: الْقُضَاةُ ثَلاَثَةٌ وَاحِدٌ فِي الْجَنَّةِ وَاثْنَانِ فِي النَّارِ فَأَمَّا الَّذِي فِي الْجَنَّةِ فَرَجُلٌ عَرَفَ الْحَقَّ فَقَضَى بِهِ وَرَجُلٌ عَرَفَ الْحَقَّ فَجَارَ فِي الْحُكْمِ فَهُوَ فِي النَّارِ وَرَجُلٌ قَضَى لِلنَّاسِ عَلَى جَهْلٍ فَهُوَ فِي النَّارِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Ибн Бурайдадан, у ўз отасидан розияллоҳу анҳумо ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қозилар учтадир. Биттаси жаннатда. Иккитаси дўзахда. Ҳаққни таниб у билан ҳукм қилган киши жаннатда. Ҳаққни таниб туриб, ҳукмда жавр қилган одам дўзахда. Ҳаққни танимай, одамлар устидан жоҳиллик ила ҳукм чиқарган одам дўзахда”, – дедилар”.

Абу Довуд ривоят қилган.

Фиқҳ китобларида қозилар ва уларнинг адолатли бўлиши ҳақида кўплаб ҳукмлар келтирилган. Уларнинг ҳаттоки ҳадя олишга ҳам ҳақлари йўқлиги айтилади.

Қози ҳадяни қабул қилмайди. Илло, хусумат иши бўлмаган ўзининг маҳрамидан ва қози бўлишидан олдин ҳадя беришга одатланган одамдан аввалги миқдордаги ҳадяни олса, майли.[3]

Ушбу рухсатдан ташқари ҳолда қози олган ҳадя пора деб эътибор қилинади. Бу эса, катта гуноҳдир.

Қози оммавий даъватлардан бошқа даъватга бормайди.

Агар даъват эгасининг қозихоналик иши бўлса, қози оммавий даъватга ҳам бориши мумкин эмас.

Қози хусуматчилар орасида ўтириш ва қарашни баробар қилади. Улардан бири билан пичирлашиб гаплашмайди, меҳмон қилмайди, кулишмайди, ҳазиллашмайди, унга ишора қилмайди ва ҳужжатни айтиб бермайди.[4]

“Умар ибн Ҳаттобнинг Абу Мусо ал-Ашъарийга мактуби”да:

“Икки томон орасида юзингни, мажлисингни ва адолатингни бир хил қил. Токи, шарафли сенинг жаврингга тамаъ қилмасин ва заиф сенинг адолатингдан ноумид бўлмасин”, дейилган.

        Порахўрликнинг бир қанча кўринишлари мавжуд:

  1. Ҳоким ёки бошлиқ бўлиш учун пора бериш. Бу мутлақо ҳаром бўлиб, берувчига ҳам олувчига ҳам гуноҳдир.
  2. Қози унинг фойдасига ҳукм чиқариши учун берилган пора.

     Берувчига ҳам олувчига ҳам гуноҳ.

  1. Бир инсон унга зиён етказаётган бошлиғи билан орасини ислоҳ этиши учун учинчи кишига берилган пора. Бунда олувчининг ўзига гуноҳ бўлади.
  2. Бир киши ўз моли ва жонини сақлаш учун қўрқаётган одамига пора бериши. Бунда ҳам олувчига ҳаром бўлади.

Пора қабз қилиш билан олувчининг мулкига кириб қолмайди. Берган одам қайтариб олишга ҳақли бўлади. Агар пора берувчи пора олувчи сўрамаса ҳам берган бўлса, у ҳолда ҳукман уни қайтариб олишга ҳаққи бўлмайди. Яъни қозига мурожаат қилганда унинг пулини қайтарилишига ҳукм чиқармайди. Лекин пора олган ўзи виждонан қайтариб бериши лозим бўлади. Бир шахс бошқа бир шахснинг ҳалол бўлган ишларини битказилишида ёрдам берган бўлса, иши битган одам бундан сўнг унга ҳадя берса пора бўлмайди. Лекин ишига ёрдам беришидан олдин ундан пул сўраса бу пора ҳисобланади. Талабаларидан ҳадя қабул қилиш масаласида эса уламолар турли фикрларни айтадилар. Баъзилар баҳога алоқаси йўқ ҳолларда ўз хоҳиши била, устозини яхши кўргани учун ҳадя берса олиш жоиз дейдилар.

Золим одамнинг зулмидан динини, ўз жонини,  молини аҳли аёлини сақлаш учун унга мол бериш пора ҳисобланмайди. Чунки динимиз бу нарсаларни сақлашга қаттиқ буюради.

Набий сав ҳам тили ёмон шоирларнинг зарарини даф қилиш учун уларга мол берардилар. Хаттобий Икрима ра дан мурсал ҳолда ривоят қиладилар:  Икрима айтадилар: “бир шоир расулуллоҳ сав нинг олдиларига келган эди, Расулуллоҳ сав “Эй Билол манавининг овозини ўчир” дедилар. Шунда Билол унга 40 дирҳам бердилар”.[5]

Муаллафатул қулуб яъни қалби улфат қилинганларга закот молидан бериш ҳам бунга мисол бўла олади. Чунки бу иш билан уларнинг қалбларини динга мойил қилиш ёки уларнинг зараридан сақланиш ва бошқа манфаатлар қасд қилинган.

Мусулмон инсон дунёсини ҳам динини ҳам сақлаши учун порахўрликнинг барча кўринишларидан сақланиши лозим бўлади. Жамиятнинг тараққиёти учун эса ҳеч биримиз бу каби ишларга кўз юммаслигимиз лозим.

Хадичаи Кубро аёл-қизлари ўрта махсус ислом таълим муассасаси

 катта ўқитувчиси Ибрагимова Сурайё

 

[1] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси». Т.: Ҳилол-Нашр. 2018

[2] Абу Абдуллоҳ ал Қуртубий. Ал жомеъ лиаҳкамил қуръан. Арриёд.: Дарул аламил кутуб. 2003.

[3] Убайдуллоҳ ибн Масъуд. Ан ниқоя мухтасарул виқоя. Қоҳира.: Дарул ийман лилмаърифа. 2018

[4] Акмалуддин Бобартий “Ал иноя шарҳул ҳидоя”  Байрут.: Дарул кутубил илмийя . 1971

[5] Абдулҳамийд Маҳмуд Таҳмоз “Ал фиқҳул ҳанафийю фий савбиҳил жадийд” Дамашқ.: Дарул қалам. 1999

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*