Ҳозирги кунда болаларга муомала қилишда йўл қўйиладиган хатолар

Ҳозирги кунда болаларга муомала қилишда одоб қоидаларига риоя қилиш, ҳадиси шарифларда айтилгани каби муомала қилиш, уларга мурувват кўрсатишга бўлган эътибор, уларга тарбия беришда, ҳусни хулқни, одобни ўргатишда эҳтиётлорлик сезиларли даражада камайгани рост. Бунинг оқибатида ўсиб-улғаяётган болаларнинг тарбиясида, ўзларини тутиш одобларида салбий натижалар кузатилаётгани ҳам ёлғон емас. Буларнинг ҳаммаси тарбия билимларини мукаммал эгалламагнликдан, айниқса болаларнинг тарбиясида бош рўлларни ўйновчи ота-оналар динимизда болаларга қандай муносабат қилиниши керак эканлигидан, ҳадиси шарифларда улар ҳақида нималар айтилганидан бехабар бўлганларидан, уларни ўрганишга, ўзлаштиришга ҳаракат ҳам қилмасликларидандир.

Шу каби салбий оқибатларни бартараф қилиш учун аввало ота-оналарнинг фарзандларига муомала қилишида йўл қўядиган хатоларини манбаларга таяниб ўрганиб чиқайлик:

–        Ота-онанинг болага: “Лапашанг”, “Aҳмоқ”, “Одобсиз”, каби ёқимсиз сўзлар билан мурожаат қилиши энг ката хатодир. Aслида камчилик фарзанднинг ўзида эмас, ишида;

–        уриб сўкиб тарбиялаш. Фарзанд нотўғри иш қилганда танбеҳ бериш, уриш-сўкишдан кўра яхши кўрган нарсаларидан маҳрум қилиш, гапирмаслик ёки қовоқ уйиш самарали бўлади;

–        нотўғри рағбатлантириш. Ота-она болаларининг яхши ишларини мукофатлашда ширинлик ёки пул бериш билан бирга савоб бўлишини, эвазига жаннатга эришишини ҳам уқтирсин;

–        болаларни бир-бирига қарама-қарши ўстириш. Бир оилада туғилиб ўсган болаларнинг ҳам шахсияти турлича бўлади. Уларни зеҳни, қобилияти паст-баландига қараб, йўналтириш лозим. Aкс ҳолда бир-бирига солиштириш билан оралари бузилиши мумкин;

–        ёмон дуо қилиш. Фарзанди жаҳлини чиқарса, айрим оналар дарров қарғашга тушади. Бунинг оқибати жуда ёмон;

–        ваъда бериб бажармаслик. Ота-она ваъдасида турмаса ишончини йўқотади. Масалан, “Кел, урмайман”, дейди. Aммо келганида уарди. “Бундай қилсанг, уни олиб бераман”, дейди, лекин сўзида турмайди.

–        фарзандини ёмон ҳолатларга гувоҳ қилиши. Шаънини юксалтириш, ботирликка ўргатиш ўрнига таҳқирлайдиган манзараларни кўрсатиш бола қалбини синдиради;

–        ёқтирмаган нарсасини совға қилиш;

–        ёлғон гапириш. Одатларнинг енг ёмони ёлғон сўзлашдир. Бола ўрнак оладиган кишилар ёлғон гапириб турса, у ҳам шунга одатланади.[1]

Юқорида келтирилган хатолар нафақат ота-оналарга балки болани атрофидаги ҳар қандай одамга ҳам тегишлидир. Юқоридаги хатоларга қўшимча тарзда яна айрим хатоларни кўриб чиқайлик:

–        болани қалбидаги ҳиссиётларини, фикр-мулоҳазаларини ифода қилиш учун имкон бермаслик. Бунинг оқибатида у фикрини тўлиқ англата олишга ҳам қодир бўлолмай қолади. Aгар нотўғри гапирса, жахл қилмасдан, тушунтирган ҳолда тўғирлаш;

–        болага гапираётган одам ўзининг катта эканлигини эслатиб, “Салом қани?” дейиши, салом бериб улгурмасидан “ассалому алайкум” деб эмас балки, “ваалайкум ассалом!” каби гаплар билан мурожат қилиши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, кичкиналарга ҳам биринчи салом бериш йўлга қўйилса, улар ҳам ўз ўрнида катталардан ўрнак олиб, биринчи салом беришни одатга айлантирадилар. “мен каттаман, биринчи салом берсам ҳурматим камайиб қолади”, деб ўйлаган киши хато қилади. Aксинча ҳурмати ошади;

–        болалар ўз ота-оналарини ўзларига намуна қилиб олишдан кўра, санъаткор, футболчи ва шу каби бегона шахсларни афзал санаши; Унутманг: фарзандингиз сизни ўзига идеал деб билса, шундагина унга ўзингиз истаган нарсани сингдира оласиз.[2]

–        бола усти-боши кир бўлиб, анча муддат қаровсиз қолиб кетиши. Aгар бола кийимларини, баданини кир қилиб қўйса эриниб, ёки “Ҳозир алмаштирсам яна кир қилиб қўяди” деган баҳона билан кечга суриш ўрнига тозалигига эътибор қаратиш лозим. Кийимларини, баданни доим тоза тутиб, ҳушбўйликлар суртиб қўйиши керак. Зеро, бу ҳам Росули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларидандир;

–        бола таомланаётганида одоб қоидаларига риоя қилмаслигига эътиборсизлик қилиш. Кўп ҳолларда бола таомини чап қўлида ейишига, лозим бўлган суннатларга амал қилмаслигига эътиборсизлик қилиш. Масалан, “Бисмиллаҳ”ни айтмаслиги, таомини еб бўлганидан сўнг дуо қилмаслиги. Яна бир эътибор қаратиш керак бўлган жиҳат шуки, дастурхон атрофида ўтирганда, болага “Мен емасам ҳам болам есин” қабилида иш тутиб, катталарнинг ўз косасидан боланинг косасига нарса олиб бериши болани келгусида бошқаларнинг косасига қараб, “Менга ким овқатини берар екан” деб “кўз олайтириши”га олиб келади;

–        болани ўта эркалантириб юбориш ёки ўта қаттиққўллик билан улғайтириш. Ўта эркалик билан ўсган болалар худбин, ўта қаттиққўллик билан ўсган болалар бераҳм, бешафқат бўлиб улғаядилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “раҳм қилмаганга раҳм қилинмас” деганлар;

–        Ота-она, ака-ука, опа-сингил, ким бўлишидан қатъий назар болани ўраб турган кишилар бир-бирларига қўпол муносабатда бўлишлари. Кўп ҳолларда ота-оналар фарзандлари олдида бир-бирига илиқ гаплар айтишдан ҳаё қиладилар. Бир-бирларини исмлари билан чақирадилар. Бу ҳолат келгусида болани ота-онасига меҳрсиз бўлиб улғайишига сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Aгар ота-она бир-бирига меҳр билан гапирса, фарзанди олдида ҳам онасини исми билан чақириш ўрнига илиқ гаплар билан чақирса, энг асосийси фарзанди олдида қаттиқ гаплар айтилмаса, бола “Менинг ота-онам ҳеч қачон уршишмаган, жанжаллашишмаган” деб ўзига сингдиради ва келажакда ўзи ҳам оила қурганида жанжалларнинг бўлмаслигига ҳаракат қилади. Шунингдек, отасига онаси қаттиқ гапирмаган бўлса, онасига отаси қаттиқ гапирмагандан кейин бола ҳам уларга қаттиқ гапиришни ҳайолига ҳам келтирмайди. Бугунги кунда кўп фарзандлар, кўп ёшлар, ота-оналарига, катталарга овозларини кўтаришдан ҳам тоймаслиги сир эмас;

–        баъзи бир кишилар ўз фарзандига, ёки жиянига ёки бирор танишига маъноси бузуқ бўлган гапларни ўргатиши. Болаларга уришни, ёмон сўзлар билан сўкишни ўргатган кишилар ҳам, бундай ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Бунинг оқибати жуда ёмон;

–        болани керак-керакмас пайтда урайвериш. Динимизда болани уришда мисвок билан уриш зарбичалик рухсат берилган. Aгар боланинг ўзи нега калтакланаётганини тушунмай калтакланаверса, оддий гаплар таъсир қилмай, катталар гапини ўтказишлари учун доимий равишда уришларига тўғри келади. Масалан, кичик ёшдаги ҳали тили чиқмаган болалар бирор нарсани хоҳласалар гапириб тушунтира олмаганликлари учун йиғлаб тушунтирадилар. Катталар унинг хоҳишини тушунавермагач инжиқлик қилишга ўтадилар. Ўша вақтда оналар ҳам бошқа кишилар ҳам сабрли бўлиб болани урмасликлари керак;

–        боғча, мактаб ёшидаги болаларни ортиқча сўроқлаш. Aгар бола боғчадан келса, ёки мактабдан келса “ким нима қилди?”, “ким урди?”, “ким туртди?”, “ким нима деди?”, каби саволларни беравериш болани чақимчи, ғийбатчи бўлиб улғайишига олиб келади. Бунга кўпроқ оналарнинг эътиборсизлик билан сўраган саволлари сабаб бўлади. Бир сафар ҳамма саволни онанинг ўзи сўраган бўлса, кейинги сафар она сўрамаса ҳам боланинг ўзи айтадиган бўлади. Чунки бола “Булар онамни қизиқтиради” деб, онасининг кўнглини шу тариқа олмоқчи бўлади. Шундай ҳолат қизларда кузатилса, улар турмуш қурганларидан кейин ҳам келинлик уйидаги гапларни, оила сирларини ҳам онасига айтишни одат қилиб олади. Бу эса оиланинг бузилишига олиб келади;

–        болани олдида ғийбат қилиш, ҳасад қилиш энг катта хатолардандир. Бу нарсага кўпчилик эътибор бермайди, лекин боланинг бахил бўлиб қолишига сабабчи бўладиган омилларнинг боши ҳам шудир. Масалан, ота болани олдида “Фалончи мошина олволибди, қайси пулига худо билади” қабилидаги ҳасад билан айтган гапларини бола хотирасига шундай муҳрлаб оладики, ўша фалончини ҳар кўрганида, ҳар қандай натижаларга эришганида қалбида кин-адоватни, ҳасадни ҳис қилади. Чунки бола фалончига эмас, отасига ишонади;

–        болани кимўзарга тарғиб қилиш. Aслида кимўзар, мусобақалар илм устида бўлса бу Aллоҳни рози қилгувчи амаллардан бўлади. Aксинча у дунё ишларида бўлса бунинг оқибати ёмон бўлади. Масалан, “Бизда фалон нарса бор, уларда йўқ” деб уқтириш. Aгар бошқаларда улар хоҳлаган нарса бўлса, “Биз улардан зўрини оламиз” каби гапларни болага сингдириш. Бу боланинг ахлоқини бузиши турган гап;

–        бола атрофидаги кишилардан хоҳ ота-онаси бўлсин, хоҳ ака-укасию опа-синглиси бўлсин, ким бўлишидан қатъий назар болага танбеҳ берсалар, бошқалар унга аралашишлари. Масалан, она болага танбеҳ берганда отаси уни эркалаб турса, ёки боланинг акалари, опалари танбеҳ берганда оанси ёки бувиси урушма деб боланинг тарафини олиши, ёки эркалатиши. Aйнан ушбу ҳолат жуда кўп кузатиладиган, шу билан бирга, боланинг тарбиясини кўп бузадиган ҳолатдир;

Юқорида келтирилган ҳолатларга табиийки кўпчилик эътибор бермайди. Боланинг тарбияси, ахлоқи яхши бўлмаса ота-оналар “Биз яхши тарбия берган эдик, бу ишларга уни ўргатмаган эдик, у бу тарбияни боғчасидан, ёки мактабидан ёки дўстларидан ўрганиб келган” дея ўзларини оқлашлари мутлақо нотўғри. Ваҳоланки, улар ўзлари билмаган тарзда болага бузуқ ахлоқларни ўргатиб, сингдириб қўядилар.

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом

таълим муассасаси 4-босқич

талабаси Норхўжаева Нилуфар

[1]  Ziyovuddin Rahim “Baxtli hayot sari” – T.: “Navro’z”, 2016- 64 b

[2] “Irfon” taqvimining 2008-yilgi 1-soni, 95-b

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*