ИСЛОМ ФИҚҲИГА КЎРА МАҲКАМАДА ШОҲИДЛИГИ ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИГАН ВА ҚАБУЛ ҚИЛИНМАЙДИГАН ГУВОҲЛАР

Ислом динимиз ўзининг шомиллиги барча масалаларни қамраб олганлиги, ҳамма муаммоларга ечимлар тақдим қилганлиги билан ўзининг илоҳий ва охирги шариат эканлигини ҳар замон ва маконда тасдиқлаб туради. Шариатимизни, айниқса фиқҳ илмини ўрганган, буюк фиқҳий олимлар ёзиб кетган асарларни мутоала қилиб чиққан инсон, ислом шариатининг нақадар адолатли эканлигини, ҳеч кимнинг ҳаққи зое бўлиб кетмаслигини, чиқарилган қонунларнинг барчаси Аллоҳ таоло тарафиданлиги,  бунда фақатгина башариятнинг манфаатлари кўзланган эканлигини кўради. Ибодат масалалари, оилавий ҳақ-ҳуқуқлар, муамолотлар, маҳкама масалалари ҳар бири шу даражада аниқлик ва инсонларни ҳимоя қилиш асосига қурилганлигини гувоҳи бўлади. Ислом шариатининг қозилик ва маҳкамага оид ишлари фиқҳий китобларнинг энг катта қисмини ташкил этади. Инсонларнинг ҳақларини олиб бериш, ҳимоя қилишнинг аҳамияти қанчалик катталигини билдириш учун Қуръон ва ҳадисларда кўплаб буйруқлар, ҳукмлар ворид бўлган. Динимиз таълимотларида ҳаттоки энг яқин қариндошлар ўртасида ҳукм чиқаришга тўғри келиб қолганда ҳам адолатни маҳкам ушлашга  чақирилади, акс ҳолда жаҳаннам аҳлидан бўлиб қолиш мумкинлиги билан огоҳлантирилади.

Маҳкамалардаги энг аҳамиятли омиллардан бири бу гувоҳлардир. Улар бир инсоннинг ҳаётини издан чиқариб юборилишига ёки ҳақиқат қарор топиб, ҳақлар ўз эгасига қайтарилишига, ҳақиқий айбдор маълум бўлишига сабабчи бўлишлари мумкин. Шу сабабдан ислом фиқҳи гувоҳларни ҳар тарафлама ўрганада ва уларнинг гувоҳликка яроқли ёки гувоҳлиги ўтмайдиган кимсалардан эканлигини ўрганиб, шунга кўра ҳукм чиқаради.

Аллоҳ таоло: Ва эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладигон гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. У (аёл) лардан бирорталари адашса бирлари бошқаларининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар…», деган.[1]   

«Шоҳидлик» бизнинг тилимизда  «гувоҳлик» деб ҳам аталади. Бу сўзнинг луғатдаги маъноси бир нарсанинг айни ўзини кўриб ёки билиб туриб хабарини айтишни англатади. Тахмин ва чамалашнинг тескариси бўлади. Шариат истилоҳида эса − “Гувоҳлик бировнинг бошқанинг ҳаққи тўғрисида хабар беришидир”.

Гувоҳликнинг рукни – шаҳодат яъни, гувоҳлик лафзини ишлатишдир. Гувоҳлиги қабул бўлиши учун гувоҳлик берувчида қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак:

  1. Ҳурлик
  2. Оқиллик
  3. Балоғатга етиш
  4. Мусулмонлик
  5. Адолатли бўлиш. (Катта гуноҳлардан четда бўлиб, кичик гуноҳларни давомли қилмаган бўлиши).

Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида:

«Ва сиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар», деган (2-оят).

Гувоҳлик бериш сабабли кишиларнинг турли ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Гувоҳлик беришнинг ҳукми ҳолатга қараб бир неча хил бўлади:

  1. Фарз.

Даъвогарнинг талаби ила билган одамнинг зиммасида гувоҳлик бериш вожиб бўлади.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Гувоҳликни беркитманг! Ким уни беркитса, унинг қалби гуноҳкордир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни билувчи зотдир», деган (283-оят).

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар», деган (282-оят).

Агар ҳаққ эгаси гувоҳ борлигини билмаса ва гувоҳ ўзининг гувоҳлик бермаслиги оқибатида ҳаққ зое бўлишидан қўрқса, талаб қилинмаса ҳам, гувоҳлик бериши лозим бўлади.

عَنْ زَيْدِ بْنَ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه و سلم قَالَ: أَلاَ أُخْبِرُكُمْ بِخَيْرِ الشُّهَدَاءِ الَّذِي يَأْتِي بِشَهَادَتِهِ قَبْلَ أَنْ يُسْأَلَهَا. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ.

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга шоҳидларнинг энг яхшиси ҳақида хабар берайми? У сўралмасидан олдин шоҳидлигини келтирадиган кишидир», – дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

  1. Макруҳ.

Ҳаққ эгаси гувоҳ борлигини билиб туриб талаб қилмаса ва гувоҳ ўзича гувоҳлик берса, унинг гувоҳлиги макруҳ бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Одамларнинг қайсиси яхши? – деб сўралди. Ул зот, менинг асрим, сўнг улардан кейин келувчилар ва сўнг улардан келувчилар. Кейин эса, бир қавмлар келурки, уларнинг бирининг шоҳидлиги қасамидан олдин, қасами шоҳидлигидан олдин бўлур», – дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Одамларнинг яхшиси менинг асримдир, сўнгра улардан кейингилари, сўнгра улардан кейингилари, деб уч марта, сўнгра улардан сўнг бир қавм келурки, семирурлар ва семизликни яхши кўрурлар, сўралмасдан туриб шаҳодат берурлар», дейилган.

  1. Ҳаром.

Ўзи кўрмаган ва билмаган нарса ҳақида гувоҳлик бериш ҳаромдир. Буни «шаҳодатуз зур»–«ёлғон гувоҳлик», дейилади.

Хурайм ибн Фотик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бамдод намозини ўқидилар. Ортларига бурилиб ўринларидан туриб:

«Ёлғон гувоҳлик Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилди», – деб уч марта айтдилар. Сўнгра:

«Бутлардан бўлмиш ифлосликдан четда бўлинг! Ёлғон гапдан четда бўлинг! Аллоҳга мойил бўлган, Унга ширк келтирувчи бўлмаган ҳолингизда» оятини қироат қилдилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Ҳаддларда гувоҳликни беркитиш афзалдир.[2]

Бир мусулмон инсоннинг жазо олишидан сақлаб қолиб унинг ўзига бундай  манфур ишларни қилмасликка чақириш унинг тўғри йўлга қайтишига сабаб бўлиши мумкин

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир мусулмонни сатр қилса, Аллоҳ уни бу дунё ва охиратда сатр қилади», деганлар.

Имом Муслим ривоят қилган.

Гувоҳлик бериш нисоби бир неча даражага бўлинади:

Гувоҳликнинг нисоби:

  1. Зинода тўрт эркак кишидир.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

«Аёлларингиздан фоҳиша (зино) қилганларига ўзларингиздан тўртта гувоҳ келтиринг», деган (15-оят).

Аллоҳ таоло «Нур» сурасида:

«Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир», деган (4-оят).[3]

  1. Қасос ва бошқа ҳаддларда икки эркак кишидир.
  2. Бокиралик, туғиш ва аёлларнинг айблари каби эркакларга хос бўлмаган нарсаларда бир аёл кишидир.

Абдурраззоқ «Мусоннаф»да Зуҳрийдан қилган ривоятда:

«Суннат бўлиб қолган нарса, аёллардан бошқа кўра олмайдиган аёлларнинг туғиши ва айбларида аёл кишининг гувоҳлигидир», дейилган.

  1. Булардан бошқаларда икки эр киши ёки бир эр ва икки аёл кишининг гувоҳлигидир.

Никоҳ, талоқ, вакиллик, васият, ражъат, насаб, молиявий муомалалар ва шунга ўхшаш нарсаларда икки эр киши ёки бир эр ва икки аёл кишининг гувоҳлиги кераклиги қуйидаги ояти каримадан олинган.

Барча гувоҳликларда адолат ва шоҳидлик лафзи шартдир. Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг наздида, қози барча ҳолатларда гувоҳнинг ҳолидан сўрайди ва шунга фатво берилади.

Имом Дора Қутнийнинг «Сунан» китобларининг тўртинчи жузъида «Умар ибн Ҳаттобнинг Абу Мусо ал-Ашъарийга мактуби» сарлавҳаси остида:

«Мусулмонлар бир-бирлари учун одилдирлар. Магар ҳадд урилган ёки ёлғон гувоҳлик ила мужарраб бўлган ёхуд бировнинг уруғига ўзини нисбат беришда муттаҳам бўлган бундан мустасно. Албатта, Аллоҳ ички сирларни билишни Ўзига олган ва сизга ҳужжатларни қайтарган», дейилган.

Демак, ҳадд урилган, ёлғон гувоҳлик бергани сабабли айбланган ва бировнинг уруғига ўзини нисбат беришда муттаҳам бўлганлар адолатли эмас. Катта гуноҳлардан четда бўлган, кичик гуноҳларни қилишда бардавом бўлмаган, солиҳлиги бузуқлигидан, тўғри иши хатосидан кўп бўлган одам адолатлидир.

Фақиҳлар кўплаб фиқҳий қоидаларга асосланган ҳолда гувоҳлиги қабул қилинадиган ва ва қабул қилинмайдиганларни айтиб ўтганлар.

Қуйидаги кишиларларнинг гувоҳлиги ислом фиқҳига кўра маҳкамаларда қабул қилинади:

  • Хаттобиядан бошқа аҳли ҳаволарнинг.

«Аҳли ҳаво» деганда ҳавойи нафслари гапига кириб ақийда бўйича Аҳли сунна ва жамоатга хилоф қилган фирқалар тушунилади. Улар ёлғончиликлари учун эмас, эътиқод масаласида фосиқ бўлганлари учун, гувоҳликлари қабул қилинади. Улар дийнда ҳаддан ошиб, чуқур кетган тоифалардир. Дунёвий муомалаларда ёлғон гапирмасликлари билан танилганлар.[4]

Хаттобийлар рофизалардан бўлган бир қавмдир. Улар Муҳаммад ибн Ваҳб ибн Хаттоб деган одамга эргашганлар бўлиб, даъвогар «ҳақман» деб қасам ичса, унинг фойдасига гувоҳлик берса бўлаверади, дейдилар. Яна улар ўзларига қарши бўлган инсонларнинг зиддига ёлғон гувоҳлик бериш жоиз деб биладилар.

Аҳли ҳаво куфр даражасига етмаган бўлиши шарт.

Имом Молик: «Аҳли ҳавонинг гувоҳлиги қабул қилинмайди», деган.

Имом Шофеъий: «Аҳли ҳаводан қадарийлар, жаҳмийлар ва рофизаларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди», деган.

  • Зиммийнинг ўзига ўхшаш зиммийга ва омонлик сўраганга гувоҳлиги қабул. Агар миллати ва дини ҳар хил бўлса ҳам. Яҳудий ва насронийлар каби.

Зиммий мусулмонлар билан шартнома асосида уларнинг юртида яшаётган ғайридийндир. Мусулмонлардан ҳимоя сўраб келган ғайридийнни «омонлик сўраган» дейилади.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رضي الله عنه: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه و سلم أَجَازَ شَهَادَةَ أَهْلِ الْكِتَابِ بَعْضِهِمْ عَلَى بَعْضٍ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобнинг баъзиси баъзисига шаҳодат беришига ижозат бердилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

  • Омонлик сўраганнинг ўзига ўхшаганга берган шаҳодати, агар бир диёрдан бўлсалар, қабул қилинади. Юртлари бошқа бошқа бўлса, қабул қилинмайди.
  • Дийнда душман бўлганнинг гувоҳлиги қабул қилинади.
  • Диёнат юзасидан душманлик адолат юзасидан бўлиши кўзда тутилади. Дўстнинг дўсти фойдасига берган гувоҳлиги қабул қилинади. Лекин уларнинг дўстлиги бир бирининг уйига унинг изнисиз кириб, молидан бемалол фойдалана оладиган даражага етган бўлса, у ҳолда унинг фойдасига берган гувоҳлиги қабул қилинмайди.
  • Катта гуноҳлардан четда бўлган ва кичикларида бардавом бўлмаган ҳамда тўғрилиги ғолиб бўлган одамнинг гувоҳлиги қабул бўлади.Кичик гуноҳларда бардавом бўлиш уни катта гуноҳга айлантириб қўяди. Уламолар катта ва кичик гуноҳлар хусусида бир неча хил гап айтганлар. Энг кучли ва тўғри гапга биноан: «Гуноҳи кабийра–ҳадд жазосига лойиқ, яъни, шариатда жазоси белгилаб қўйилган гуноҳ ёки дўзахга киришга, лаънатга ва ғазабга сазовор қиладиган гуноҳлардир». «Гуноҳи сағийра (кичик) эса–бу дунёда ҳаддга лойиқ эмас, у дунёда дўзах, лаънат ва ғазаб ила қўрқитилмаган гуноҳлардир». Ушбу таъриф орқали гуноҳи кабийра билан гуноҳи сағийра орасидаги фарқни очиқ-ойдин билиб олиш мумкин. Катта гуноҳларни қилиш ва кичик гуноҳларда бардавом бўлиш дийнни писанд қилмаслик бўлгани учун, бу ишларни қилганларнинг адолати қолмайди ва гувоҳликлари ўтмайди.
  • Фосиқ одам агар тавба қилган бўлса ва унинг тавбасининг асари зоҳир бўладиган даражада вақт ўтган бўлсагина унинг гувоҳлиги қабул қилинади.
  • Ўғрилик қилгани учун қўли кесилган одам агар чин тавба қилган бўлса унинг ҳам гувоҳлиги яроқли ҳисобланади. Расулуллоҳ сав нинг қўли кесилгач тавба қилганодамнинг гувоҳлигини қабул қилганлари ривоят қилинган.
  • Ака ва укаларнининг бир-бирларига гувоҳликлари ўтади. Шунингдек бир инсон ўз амакиси, эмикдошлик ёки қдачилик сабабидан маҳрам бўлганларининг фойдасига ҳам зарарига ҳам гувоҳлик берса қабул қилинади.
  • Лекин ота-она ўз фарзандалари фойдасига, ёки аксинча фарзандлар ўз ота-оналари фойдасига, эр-хотинларнинг бир-бирларининг фойдасига берган гувоҳликлари қабул қилинмайди. Саййиднинг ўз қули ва қулнинг ўз саййиди фойдасига гувоҳлиги ўтмайди. Лекин ушбу инсонларнинг бир-бирларинин зиддиган берган гувоҳлиги ўтади.Чунки улар ўртасида доимо узвий манфаат бор бўлади. шу сабабдан ҳам ушбу инсонлар бир-бирларига закот бера олмайдилар[5]
  • Хатна қилинмаган одамнинг гувоҳлиги қабул қилинади. Бир одам, катта ёшда мусулмон бўлгани сабабли хатна қилинмаган бўлса, адолатли бўлади ва шаҳодати қабул қилинади. Узрсиз хатна қилинмаган одамнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Хатна шофеъийлар ва ҳанбалийлар наздида вожиб, ҳанафийлар ва моликийлар наздида суннатдир. Бола туғилганига етти кун ўтгандан бошлаб хатна қилинса бўлаверади, деган уламолар ҳам бор. Баъзилар етти ёшдан ўн ёшгача хатна қилинса, яхши бўлади, деганлар.[6]
  • Бичилганнинг гувоҳлиги қабул қилинади.

رَوَى ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ فِي «مُصَنَّفِهِ» عَنِ ابْنِ سِيرِينَ: أَنَّ النَّبِيَّ صلي الله عليه و سلم أَجَازَ شَهَادَةَ عَلْقَمَةَ الْخَصِيِّ عَلَى ابْنِ مَظْعُونٍ.

Ибн Абу Шайба Ибн Сирийндан қилган ривоятда:

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алқама номли бичилган кишининг Ибн Мазъунга қарши гувоҳлигини қабул қилганлар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам шундай қилганларини Абу Нуъайм ривоят қилган.

  • Валади зинонинг гувоҳлиги қабул қилинади.

وَعَنْ أَنَسٍ عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه و سلم قَالَ: الْمُؤْمِنُونَ شُهَدَاءُ اللهِ فِي اْلأَرْضِ. أَخْرَجَهُ الْبُخَارِيُّ.

 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қидинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўминлар Аллоҳнинг ер юзидаги гувоҳларидир», – дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

  • Омилларнинг гувоҳлиги қабул қилинади.«Омил» султоннинг харож, закот, садақа йиғиш учун тайин қилган хизматчисидир. Улар зулмкор бўлмасалар, гувоҳлари қабул қилинади.Лекин омилларнинг султоннинг фойдасига берган гувоҳликлари қабул қилинмайди. Чунки улар султоннинг зулмидан қўрқиб унинг фойдасига гувоҳлик беришлари эҳтимоли кўп. Музораа шартномасида ишлаётган деҳқоннинг ер эгасининг фойдасига беран гувоҳлиги қабул қилинмайди. Касби анча паст саналадиган инсонлар агар адолатли бўлсалар уларнинг гувоҳлиги қабул қилинаверади. Улар жуда кам иш ҳақи олса ҳам, уларннинг адолатли эканлиги машҳур бўлса, мақбул бўлади.

Қуйидагиларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди:

  • Аъмо – кўзи ожиз кишининг.

Аммо, фақат эшитиш билан собит бўладиган гувоҳликлар аъмодан ҳам қабул қилинади. Шунингдек, соқов кишининг тушунарли ишора билан берган гувоҳлиги ҳам қабул бўлади.

  • Мамлук – қул кишининг.
  • Қазф учун дарра урилганнинг, тавба қилса ҳам, гувоҳлиги қабул қилинмайди. Илло, кофирлик вақтида дарра урилгандан кейин мусулмон бўлса, бундан мустасно.

«Қазф» сўзи луғатда қаттиқ жисмни отишга, масалан, тош отишга нисбатан ишлатилади.

Шариатда эса, бировни зинода айблашга «қазф» дейилади. Яъни, иффатли кишига «зино қилди» деган бўҳтон тошини отишдир.

Аллоҳ таоло қазф қилувчиларни Қуръонда «Ана ўшалар фосиқлардир» деган. Фосиқларнинг гувоҳлиги қабул бўлмаслиги маълум ва машҳур.

  • Дунё сабабли душман бўлганнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.

 Бу каби душманлик ёлғон тўқишга сабаб бўлиши эҳтимоли кучли.

  • Хожанинг қулига ва мукотабига гувоҳлиги қабул қилинмайди.
  • Шерикнинг шериги фойдасига ўзлари шерик бўлган нарсадаги гувоҳлиги қабул қилинмайди.

لِمَا أَخْرَجَهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَعَبْدُ الرَّزَّاقِ عَنْ شُرَيْحٍ أَنَّهُ قَالَ: لاَ تَجُوزُ شَهَادَةُ الاِبْنِ ِلأَبِيهِ، وَلاَ الأَبِ ِلابْنِهِ، وَلاَ الْمَرْأَةِ لِزَوْجِهَا، وَلاَ الزَّوْجِ ِلامْرَأَتِهِ، وَلاَ الشَّرِيكِ لِشَرِيكِهِ فِي شَيْءٍ بَيْنَهُمَا.

Ибн Абу Шайба ва Абдурраззоқлар келтирган ривоятда Шурайҳ қуйидагиларни айтган:

«Ўғилнинг отаси, отанинг ўғли, хотиннинг эри, эрнинг хотини, шерикнинг ўзаро нарсадаги шериги фойдасига гувоҳлиги қабул қилинмайди».

  • Беҳаё ишларни қиладиган хотинчалишнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Аммо, овози ва баъзи қилиқлари аёлларникига ўхшайдиган, лекин шу муносабат ила беҳаё ишларни қилмайдиганларнинг гувоҳлиги қабул бўлади.

  • Айтиб йиғлашни касб қилиб олган аёлнинг гувоҳлиги ҳам қабул қилинмайди.

Биз «айтиб йиғлашни касб қилиб олган аёл» деб номлаган шахс арабчада «ноиҳа» дейилади. У, бировларнинг мотамида мардикор сифатида, пул эвазига йиғлаб беради. Пул учун ёлғон тўқиши эҳтимоли борлигидан, унинг гувоҳлиги ҳам қабул қилинмайди.

  • Қўшиқчи аёлнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Чунки, аёл кишининг оҳанг ила овозини баланд кўтариши ҳаромдир. Ҳаром ишни қилиб юрган одамнинг гувоҳлиги қабул бўлмайди.

  • Маст қилувчи нарсаларни давомли истеъмол қилувчининг гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Бу ҳол унинг ўша нарсаларни ичаётганини ёки мастлигини одамлар кўриши билан белгиланади.

Бунадан ташқари маст қилувчи ичимликни ичмаса ҳам ичадан одамлар билан бир мажлисда ўтираверадиган одамнинг ҳам гувоҳлиги қабул қилинмайди.

  • Қушларни ўйнатадиган одамнинг гувоҳлиги ҳам қабул қилинмайди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه و سلم رَأَى رَجُلاً يَتْبَعُ حَمَامَةً فَقَالَ: شَيْطَانٌ يَتْبَعُ شَيْطَانَةً. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам каптарни ўйнатиб юрган одамни кўриб:

«Шайтон шайтоннинг ортидан юрибди», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

«Қуш ўйнатадиган» дейилганидан, қуш боқса-ю, ўйнатмаса, гувоҳлиги қабул бўлиши англанади. Уйда қуш боқиш мубоҳдир. Бу инсоннинг гувоҳлиги қабул қилинмаслигига сабаблардан бири у инсон томда ва баланд жойларда юриб аёлларнинг авратларига кўп ҳолларда назари тушиб қоладиган инсон бўлгани учундир.

  • Танбур чаладиган ёки одамларга қўшиқ айтиб берадиганнинг гувоҳлиги ҳам қабул қилинмайди.

Аммо, ўзи учун айтса, бировга эшиттирмаса, жоиз. Насийҳат ва ҳикматли шеърларни ўқиса, бўлади.

  • Ҳаддга – шаръий жазога лойиқ жиноят қилганнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Бу каби ишлар ила инсон фосиқ бўлади ва фосиқнинг гувоҳлиги қабул бўлмайди.

  • Ҳаммомга иштонсиз кирадиганнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Чунки, у авратини очиш ила ҳаром иш қилди. Ҳаром иш қиладиганлар ёлғон гувоҳлик беришдан қўрқмайдиган бўлади.

  • Рибохўрнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.
  • Закотни адо этмайдиган, ҳажга имкони бўлиб бормайдиган, жамоат намозини, жумани тарк қиладиган, рақсга тушаверадиган, бахил, мутаассиб ва маст қилувчи ичимликлар ва моддаларни қабул қиладиганларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.
  • Нард ва шахмат ила қимор ўйнаган ёки иккисини ўйнаб намозни ўтказиб юборганнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Бу тасарруфотларнинг барчаси ҳам шариатда ҳаром қилинган ишлардир.

  • Йўлга сиядиган ёки унда таом ейдиганнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Бу ишни уялмай қиладиган одам ёлғон гапиришдан ҳам уялмайди.

  • Салафларни очиқ сўкадиганнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.

«Салаф» деганда, саҳобалар, тобеъиийлар ва дийнда уларнинг йўлидан борганлар кўзда тутилади.

  • Хос ишчининг ўз иш берувчиси фойдасига берган гувоҳлиги ўтмайди.
  • Хос шогирднинг ўз устози фойдасига берган гувоҳлиги ҳам қабул қилинмайди. Чунки бу инсонлар ўртасида ҳам ўзаро манфаат кўриш эҳтимоли кўп.
  • Ҳибс қилинган маҳбус қамоқхонада бўлиб ўтган ҳодисада гувоҳлик берса унинг гувоҳлиги мақбул эмас.
  • Аёллар ҳаммомида бирор воқеа содир бўлсаўша ердаги аёлларнинг гувоҳлигининг ўзи етарли бўлмайди. Лекин аёллар ҳаммомида бирор инсон ўлдирилса уларнинг гувоҳлиги қабул қилинади. Аслида ҳад масалаларида аёлларнинг гувоҳлиги етарли бўлмас эди. Лекин ҳаммаомда аёллардан бошқалар бўлмагани учун заруратан, бировнинг қони бекор кетмаслиги учун қабул қилинади.[7]
  • Ҳадд ва қасосга оид ҳукмлар содир бўладиган ҳолатлар аёл кишиларнинг табиатига мос келмайди ва одатда улар бу каби ишлардан четда бўладилар. Шунинг учун, аёлларнинг гувоҳлиги мазкур ишларда ўтмайди. Айни шу ишларда уларнинг қозилик қилишлари ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Бошқа ишларда қозилик қилишлари жоиз. Чунки, бу ишларда уларнинг гувоҳлиги ҳам қабул.

Ислом фиқҳида инсон манфаатлари биринчи даржага қўйилади. Бир инсоннинг ҳаётига тааллуқли бўлган энг кичик масалани ҳам жуда аниқлик ва адолат билан ҳал қилинишини таъминлайди. Шу каби ишларнинг амалга оширилишида гувоҳларнинг ўрни жуда муҳим. Ислом шариатида гувоҳларнинг сони кўп бўлиши эмас уларнинг гувоҳликка яроқли шахслар экани аҳамиятлидир. Маҳкамага келтирилган гувоҳлар қозининг махсус гуруҳи тарафидан “тазкия” деб аталадиган амалиёт орқали тафтиш қилинади. Бу тафтиш ишида гувоҳнинг яшайдиган жойи, маҳалласи, у савдо қиладиган бозори, у намоз ўқийдиган масжиди аҳлидан унинг насли насаби, ахлоқи росгўй ё ёлғончилиги каби барча масалалар яширин ёки ошкора аниқлаштирилади. Бу тафтиш гуруҳи тарафидан  гувоҳликка яроқли деб топилсагина у инсоннинг маҳкамаларда берган гувоҳлиги қабул қилинади.  Бу ишларнинг барчаси ҳақиқатнинг юзага чиқиши ва инсон ҳақ-ҳуқуқлари зое бўлиб кетмаслиги учун амалга оширилади.

 

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

 катта ўқитувчиси Ибрагимова Сурайё

 

[1] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси». Т.: Ҳилол-Нашр. 2018

[2]Убайдуллоҳ ибн Масъуд. Ан ниқоя мухтасарул виқоя. Қоҳира.: Дарул ийман лилмаърифа. 2018

[3] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси». Т.: Ҳилол-Нашр. 2018

[4] Акмалуддин Бобартий “Ал иноя шарҳул ҳидоя”  Байрут.: Дарул кутубил илмийя . 1971

[5] Абдулҳамийд Маҳмуд Таҳмоз “Ал фиқҳул ҳанафийю фий савбиҳил жадийд” Дамашқ.: Дарул қалам. 1999

[6] Акмалуддин Бобартий “Ал иноя шарҳул ҳидоя”  Байрут.: Дарул кутубил илмийя . 1971

[7] Абдулҳамийд Маҳмуд Таҳмоз “Ал фиқҳул ҳанафийю фий савбиҳил жадийд” Дамашқ.: Дарул қалам. 1999

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*