АБУ БАКР КОСОНИЙ – БУЮК ФИҚҲ ОЛИМ

  Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан, Ҳалаб аҳлидан ҳанафий фақиҳ, муҳаддис ва усулий олим, имом Алоуддин Абу Бакр Косоний ўз ўрнига эга бўлган дунёга машҳур аждодларимиздан бири ҳисобланади. У ўз даврида ҳанафий мазҳабининг ҳамда ҳадис илмининг энг йирик намоёндаларидан бири эди, Ҳалаб ва Раққа шаҳарларидаги ҳанафия мадрасаларининг мударриси бўлган. Алоуддин Косоний ҳанафий мазҳабининг энг нуфузли китоби бўлмиш «Бадоеъус-саноеъ фи тартибиш-шароеъ» номли асарнинг муаллифидир. Машҳур ҳанафий олими Мустафо Зарқо имом Алоуддин Косонийнинг «Бадоеъус-саноеъ фи тартибиш-шароеъ» китобини ҳанафий фиқҳининг энг буюк асари деб атаган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида маънавий-маърифий ислоҳотларни янада кенгайтириш, айниқса, буюк аждодларимизнинг илмий, адабий меросини чуқур ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, Наманган заминидан етишиб чиққан, диний ва дунёвий билимларда юксак мақомга эришган Алоуддин Косонийни чуқур эҳтиром билан тилга олди.

Алоуддин Косоний ёшлигидан илм талабига қаттиқ берилиб, Қуръони Каримни ёд олган, Бухорога сафар қилиб, етук олимлардан илм олган. У ерда буюк ватандошимиз фиқхшунос олим  Алоуддин ас-Самарқандийнинг ҳузурида илм таҳсил қилиб, унинг кўплаб китобларини, хусусан, «Туҳфатул фуқаҳо», «Шарҳи Таъвилот фи тафсири Қуръанил азим» каби асарларини бевосита унинг ўзидан ўрганган. Усулул фиқҳ ва фиқҳ илмларида катта мартабаларга эришган, шунингдек, ҳадис илмида ҳам пешқадамлардан бири бўлган.

Имом Косонийнинг Ҳалабдаги фаолияти

Мовароуннаҳр юртидан чиққан буюк фақиҳ, маликул уламо Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний Фарғона вилоятидаги Косон шаҳрида таваллуд топган. Ўткир зеҳни, илмга иштиёқи билан бошқалардан ажралиб турган Алоуддин илм излаб, Бухорога боради ва у ерда шайх Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандийнинг қўлида фиқҳ илмини чуқур ўрганади. Устозининг «Туҳфатул фуқаҳо» асарига ёзилган «Бадоеъус-саноеъ» номли шарҳи бутун дунёга машҳурдир. Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий ниҳоятда гўзал, оқила ва олима қизи Фотимани Абу Бакр  ал-Косонийга никоҳлаб беради.

Косоний мазкура олима, солиҳа завжаси билан Рум юртига, сўнгра Ҳалабга сафар қилади. Косоний Ҳалабга подшоҳ Нуриддин Маҳмуд Занкийнинг ҳузурига элчи бўлиб борган эди. Лекин Косоний юксак илмий салоҳияти туфайли подшоҳнинг алоҳида эҳтиромига сазовор бўлди ва подшоҳнинг таклифига кўра умрининг охиригача Ҳалабда қарор топди.

Имом Косоний Ҳалабдаги Ҳалавийя мадрасасида илмий ишларини, хусусан фиқҳ борасида кенг фаолиятини олиб борди.

Буюк Аллома ҳижрий 587 йили вафот этгач, ўзининг васиятига кўра Иброҳим Халил алайҳиссалом мақомига, завжасининг ёнига дафн қилинди.

Имом Косоний Ҳалабда эканлигида рўй берган воқеалар

– Ҳалабда имом Косоний билан боғлиқ таниқли шахслар

– Ҳалабнинг Косоний билан боғлиқ тарихий обидалари: Ҳалавия мадрасаси, Солиҳлар мақбараси

-Имом Косоний Ҳалаб муаррихлари хотирасид4. Имом Косоний Ҳалабда яшаган даврда рўй берган воқеалар

Имом Алоуддин Косоний Ҳалабга риҳлат қилган пайтда у ерда ҳижрий 541 йилдан буён султон Нуриддин Абулқосим Маҳмуд ибн Занкий ибн Оқсунқор ҳукмдор эди.

550 йилда бошланиб, етти йил давом этган зилзила туфайли Шом ўлкасининг кўпгина шаҳар-қишлоқлари вайрон бўлади. Шундан кейин Султон Нуриддин Занкий Ҳалабдаги мадраса ва работларни янгилашга киришади, уларга илм аҳли ва фақиҳларни жалб қилади. Ҳалавийларга тегишли бўлган мадраса 543 йил янгилангач, бу мадрасага дастлаб Бурҳонуддин Абу Ҳасан Алий ибн Ҳасан Ҳанафийни таклиф қилиб, мударрисликни унга топширади. Ундан кейин Алоуддин Абдурраҳмон ибн Маҳмуд Ғазнавий, унинг вафотидан сўнг ўғли Маҳмуд мадрасага раҳбар бўлган. Ундан кейин Ҳалавия мадрасасига қирқ жилдлик «Ал-Муҳит» номли машҳур фиқҳий асарнинг муаллифи Розиюддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Сарахсий раҳбарлик қилган бўлиб, ундан кейин бу лавозимни Алоуддин Косоний эгаллаган.

Шунингдек, Нуриддин Занкий шофеъий мазҳабига мансуб Асруния мадрасасини ҳам янгилаб, унга Шарафуддин ибн Абу Асрунни раҳбар этиб тайинлаган, Нафарий мадрасасини ҳам таъмирлаб, унинг раҳбарлигини Қутб Нийсобурийга топширган, Ғадоирий масжидига ҳам вақф мулкларидан ажратган.[1]

Ҳалаб шаҳридаги илмий уйғониш Сайфуддавла Ҳамадоний давридан бошланган. Ўша вақтдан бошлаб Ҳалабда китоблар ва илмий асарлар кўпая бошлади. Нуриддин Занкийнинг даврига келиб, илмий уйғонишнинг кўлами янада кенгайиб, турли йўналишлардаги китоблар ёзила бошлади. Бу давр илм аҳли ва уламолар учун гуллаб-яшнаш даври бўлган. Султон Салоҳиддин Айюбий даврига келганда унинг фарзандлари, набиралари ва қариндошлари, ҳаттоки қуллари унинг изидан бориб, Ҳалабда мадрасалар сони кескин ошган ҳамда бу шаҳарда илм-фанда буюк уйғониш бўлиб, Ҳалаб илм-маърифатда исломий мамлакатларининг “онаси”га айланган[2].

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, имом Алоуддин Косоний Ҳалабда яшаган давр илм ва уламолар учун олтин давр бўлган эди. Султон Нуриддин Занкийнинг сиёсий мақсадлари Дамашқ ерларини бирлаштириш ҳамда уларни салбчилардан ҳимоя қилишдан иборат бўлган. У ўзининг ҳукмдорлиги даврда мана шу мақсадга катта эътибор қаратган, бир неча бор салбчилар билан тўқнаш келиб, улардан баъзи ерларни қайтариб олишга муваффақ бўлган[3].

Ҳижрий 565 йилнинг 12 шавволида зилзила яна такрорланиб, 5000 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, Ҳалаб жомеъ масжиди ёниб кетган, атрофидаги бозорлар ҳам қўшилиб ёнган. Султон Нуриддин Занкий бу ерларни 564 йили янгилаган эди[4].

Нуриддин Занкий қайта таъмир ишларини бошлаб, катта қўрғонлар ичидан пастроқ деворлар қурдирган бўлиб, бу деворлар кичик дарвозадан Ироқ дарвозасигача, Ироқ дарвозасидан Шариф қалъасигача, Наср дарвозасидан Жинон дарвозасигача, Арбаъин дарвозасидан Наср дарвозасигача давом этган[5].

Шунингдек, Баълабакка, Ҳумс, Ҳамоҳ, Борий ва бошқалар ерлардаги қалъа ва деворлар ҳам қайта тиклаб, таъмирлаб чиқилган.

567 йилда Султон Нуриддин Салоҳиддин Айюбийга мактуб ёзиб, Мисрда хутба қилиш вазифасини озидийлардан аббосийларга ўтишини талаб қилади. Салоҳиддин узр айтади, аммо Султон Нуриддин ўз гапида туриб олади. Шу пайтга келиб Озид вафот этади, хутба қилиш эса аббосий Мустадиъга ўтади[6].

Салоҳиддин Айюбий икки марта Ҳалабга юриш қилишни режа қилади, аммо отаси ва тоғаси уни бу мақсадидан қайтарадилар ва Султон Нуриддинга итоат қилиш кераклигини уқтирадилар. Султон Нуриддин Занкий Мисрга киришга тайёргарлик кўриб турган пайтида, 569 йил 11 шаввол, чоршанба куни вафот этади. У вафот этгач, юртда нарх-наво ошиб кетади. Султон Нуриддиндан кейин унинг 11 ёшлик ўғли Султон Исмоил тахтни эгаллайди. Бу даврда Ҳалаб қалъасига Нуриддиннинг озод қилган қули Жамолиддин Шозбихат волийлик қилади. Мана шу шахс Ҳалабда Абу Ҳанифанинг асҳоблари учун мадраса қурдиради.

570 йили шийъа ва суннийлар орасида фитна чиқади, икки томон Ҳалабни ўз вакилига топширишга уринади. Орада қон тўкилиб, Ҳалабга амир Лоло Мужоҳид Ёқут волий этиб сайланади[7].

572 йил Ҳалаб Салоҳиддин Айюбий томонидан қамал қилинади, ўртада сулҳ тузилади ва Салоҳиддин Мисрга қайтади. 577 йили подшоҳ Исмоил вафот этади, ундан сал аввал Мусил волийси Сайфуддин Ғозий ҳам вафот этган эди. Султон Исмоилнинг васияти билан амакисининг ўғли Иззуддин Масъуд ибн Мавдуд ибн Занкийга Ҳалабни, бошқа амакисининг ўғли Имодуддинга Мусилни топширади[8].

Орадан кўп ўтмай, Салоҳиддин Айюбий ҳижрий 579 йилининг 26 муҳаррамида Ҳалабни қўлга киритади. Салоҳиддин Айюбий анчадан бери Шом ўлкаларини қўл остига олишни режалаштириб юрар эди. Бу режа Султон Нуриддиннинг вафотидан кейин янада кучга киради. Султон Салоҳиддин шомликлар билан лашкарини кучайтириб, салбчиларга қарши юришни кўзлар эди[9].

Ҳижрий 583 йилнинг ражаб ойида Султон Салоҳиддин Айюбий Қуддусни қўлга киритиб, у ерда тартиб ўрнатади. Ақсо масжидини тиклаб, унга Султон Нуриддин даврида ахтринийлик уста томонидан ясалган беназир минбарни келтириб ўрнатади. Ҳижрий 586 йили 14 шаъбон, душанба куни Мисрдан йўлга тушган мусулмонлар денгиз флоти Аккага кириб боради. Аккадаги салбчи насронийлар таслим бўлиб, асбоб-ускуна, қурол-аслаҳа, улов, тиллолар ва қолган жамики нарсаларини тақдим этиш эвазига сулҳ сўрайдилар[10].

  1. Ҳалабда имом Косоний билан боғлиқ таниқли шахслар

Аввал айтиб ўтилганидек, имом Косоний Ҳалабда яшаган даврда бешта султон ҳукмронлик қилган:

Султон Нуриддин Абу Қосим Маҳмуд ибн Занкий ибн Оқсунқор

Султон Исмоил ибн Нуриддин Маҳмуд ибн Занкий

Султон Салоҳиддин Айюбий

Султон Абу Бакр ибн Айюб

Султон Зоҳир Ғозий

Султон Нуриддин Занкий. Султон Нуриддиннинг имом Косонийга кўрсатган илтифоти маълум ва машҳурдир. Имом Косоний Ҳалаб юртига келиши билан Султон ундан Ҳалабда қолиб, Ҳалавия мадрасасида дарс беришни илтимос қилади. Имом Косонийнинг завжаси, машҳур олима Фотима Самарқандия имомдан ватанга қайтишни сўраганда Султон олимага элчи юбориб, Ҳалабда қолишни илтимос қилади, эр-хотинни  Ҳалабда қолишга кўндиради.

Имом Косоний хасталаниб қолган пайтда шахсан Султоннинг ўзи у кишини кўргани келади. Имом Косонийнинг турмоқчи бўлаётганини кўрган Султон имомга «Турманг», дейди. Имом эса «Туриш Аллоҳдан, мавлоно» дея жавоб қайтаради[11].

Шариф Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳасан ибн Муҳаммад. Асли бухоролик, Ҳалабда туғилиб-ўсган.

Шайх Низомуддин Муҳаммад ибн Атийқ Дийбожий

Мазкур икки шахс Алоуддин Косонийдан қуйидагиларни ривоят қилганлар:

«Шайх имом Абу Бакр Косоний эътиқоднинг аввалида шундай деганини эшитдик: «Аллоҳ таолонинг наздида бандаларни рушд-ҳидоятга йўллаш, эътиқодда У Зотни рози қилувчи ишларни баён қилишдан кўра рози қилувчироқ амал йўқ. Бу эса аҳли сунна вал жамоа эътиқодидир. Банда шу эътиқод билан икки дунёнинг хайр-баракотига, икки манзил саодатига эришади. Ким уларни маҳкам тутса, ҳидоятга эргашган бўлади, ким ундан четланса, адашган ва тойилган бўлади»[12].

Қоҳиралик фақиҳ Шамсуддин Хасрушоҳий.  У шундай дейди: «Фиқҳ илмида соҳибингиз Косонийнинг «Бадоиъ» китоби бор. Мен уни кўриб чиққанман. Ҳанафийлардан ҳам, шофеъийлардан ҳам ҳеч бир мусанниф бунга ўхшаш китоб тасниф қилмаган. Мен Косонийни султон Салоҳиддиннинг ҳузурида кўрганман».

Абу Бакр Мужаллад Ҳанафий. Ҳалабдаги Ҳалавийя мадрасасининг нақиби, у ердаги машҳур фақиҳлардан. Мадраса ёнидаги уйида китобларни муқовалаш билан шуғулланар эди. Абу Бакр Мужаллад Ҳанафий ушбу мадрасада Косонийдан дарс эшитарди[13].

Нажо ибн Саъд ибн Нажо ибн Абу Фазл Шамсуддин. Ибн Адим уни Абу Ҳанифанинг асҳобларидан, деган. Бусро мадрасасида таҳсил олган. Ҳалабда имом Абу Бакр Косонийдан фиқҳ илмини ўрганган. Имом етти мужалладда оққа кўчирган китобдан «Бадоиъ»нинг нусхасини ўз қўли билан кўчириб ёзган. Бу нусха Шибилийя мадрасасида вақфга қўйилган[14].

Халифа ибн Сулаймон ибн Халийфа ибн Муҳаммад Қураший. Куняси Абу Сароя, асли хоразмлик, 565 йили Ҳалабда туғилган. Фиқҳ илмини Ҳалабда имом Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд Косонийнинг қўлида ўқиган[15].

Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Саъид Ғазнавий. Имом Косонийнинг дарсларини давом эттирган шогирдларидан бири. Ҳижрий 593 йили Ҳалабда вафот этган[16].

Муҳаммад ибн Юсуф ибн Хизр ибн Абдуллоҳ Ҳалабий. Ҳижрий 560 йили Ҳалабда туғилган, ҳижрий 615 йили вафот этган. Ибн Абяз деган куня билан танилган. Аллома Абу Бакр Косонийнинг қўл остида фиқҳ илмини ўрганган[17].

Абу Ҳафс Умар ибн Ҳуффоз ибн Халифа ибн Ҳуффоз. Ибн Аққод Ҳамавий деган куня билан танилган. Имом Алоуддин Косонийнинг шогирдларидан бўлган, ҳижрий 642 йили вафот этган[18].

Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Хамийс Мусилий Ҳалабий. Ҳижрий 542 йили Мусилда туғилган. Ҳалабда Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларида фиқҳ илмини имом Алоуддин Абу Бакр Косонийнинг ҳузурида ўқиган. Ҳижрий 622 Ҳалабда йили вафот этган[19].

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

Ўрта-махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси Пошшахон Эшонхон қизи

[1] Умар ибн Аҳмад ибн Ҳиба ибн Адим Камолиддин Абу Ҳафс. Зубдатул-ҳалаб фи тарихи Ҳалаб. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1996. Ж. I. – Б. 117; Камолиддин Умар ибн Аҳмад ибн Абу Жарода. Суҳайл Заккор таҳқиқи. Буғятут-толаб фи тарихи талаб. – Байрут: Дорул-фикр, Ж. I. – Б. 4350.

[2] Комил ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Мустафо Болий Ҳалабий. Наҳруз-заҳаб фи тарихи Ҳалаб. – Ҳалаб: Дорул-қалам, иккинчи нашр, 1419. Ж. I. – Б. 139.

[3] Умар ибн Аҳмад ибн Ҳиба ибн Адийм Камолиддин Абу Ҳафс. Зубдатул-ҳалаб фи тарихи Ҳалаб. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1996. Ж. I. – Б. 118.

[4] Комил ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Мустафо Болий Ҳалабий. Наҳруз-заҳаб фи тарихи Ҳалаб. – Ҳалаб: Дорул-қалам, иккинчи нашр, 1419. Ж. VII. – Б. 2.

[5] Камолиддин Умар ибн Аҳмад ибн Абу Жарода. Суҳайл Заккор таҳқиқи. Буғятут-толаб фи тарихи талаб. – Байрут:  Дорул-фикр, Ж. I. – Б. 51.

[6] Умар ибн Аҳмад ибн Ҳиба ибн Адийм Камолиддин Абу Ҳафс. Зубдатул-ҳалаб фи тарихи Ҳалаб. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1996. Ж. I. – Б. 126.

[7] Умар ибн Аҳмад ибн Ҳиба ибн Адийм Камолиддин Абу Ҳафс. Зубдатул-ҳалаб фи тарихи Ҳалаб. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1996. Ж. I. – Б. 129-130.

[8] Камолиддин Умар ибн Аҳмад ибн Абу Жарода. Суҳайл Заккор таҳқиқи. Буғятут-толаб фи тарихи талаб. – Байрут:  Дорул-фикр, Ж. I. – Б. 1826.

[9] Умар ибн Аҳмад ибн Ҳиба ибн Адийм Камолиддин Абу Ҳафс. Зубдатул-ҳалаб фи тарихи Ҳалаб. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1996. Ж. I. – Б. 139.

[10] Ўша асар. Ж. I. – Б. 151.

[11] Камолиддин Умар ибн Аҳмад ибн Абу Жарода. Суҳайл Заккор таҳқиқи. Буғятут-толаб фи тарихи талаб. – Байрут:  Дорул-фикр, Ж. X. – Б. 4348.

[12] Камолиддин Умар ибн Аҳмад ибн Абу Жарода. Суҳайл Заккор таҳқиқи. Буғятут-толаб фи тарихи талаб. – Байрут: Дорул-фикр, Ж. X. – Б. 4349.

[13] Ўша асар. Ж. X. – Б. 4367.

[14] Абдулқодир ал-Қураши. Ал-Жавоҳир ал-музийа фи табақот ал-ҳанафийа. – Қоҳира: Ҳижр, 1993. Ж. 1. – Б. 191.

[15] Ўша асар.  Ж. 1. – Б. 234.

[16] Тақиюддин ибн Абдулқодир Тамимий Дорий Ғаззий. Ат-табақотус-сания фи тарожумил-ҳанафия. Дорур-Рифоъий, 1983. Ж. I. – Б. 148.

[17] Муҳаммад ибн Аҳмад ибн аз-Заҳаби. Сийар аълом ан-нубалоъ. – Байрут: Дорул-фикр, 1996. – Ж. 4. – Б. 320.

[18] Ўша  асар. – Ж. 4. – Б. 321.

[19] Ўша  асар. – Ж. 4. – Б. 325.

1 та изоҳ

  1. …… Жумладан, Наманган заминидан етишиб чиққан, диний ва дунёвий билимларда юксак мақомга эришган Алоуддин Косонийни чуқур эҳтиром билан тилга олди………

    Мовароуннаҳр юртидан чиққан буюк фақиҳ, маликул уламо Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний Фарғона вилоятидаги Косон шаҳрида таваллуд топган. …..

    Фаргонада Косон шахри бормийди?

    ё Наманганда Косонсоймикин ?

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*