ТУРКИЙ МАНБАЛАРДА ДИПЛОМАТИК ҲУСУСИЯТЛАР

Қадимги давлатчилик тарихидан маълумки, элчи халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини боғловчи шахс вазифасини бажарган. Таъбир жоиз бўлса, у маълум бир халқ, элат тақдирини ҳал қилишда муҳим ўрин тутган.

Туркий халқларда муносабатларни ўрнатиш “элланмоқ”  сўзи билан ифодаланган. У ярашмоқ, дўстлашмоқ маъноларида ишлатилган.  Унга эквивалент “эл турмоқ” тушунчаси тинч ва осойишта бўлмоққа айтилган.  Элчилар вазифаси, юборилаётган ҳудуди, юзага келган вазиятга кўра, турлича аталган. Масалан, “элчийу махсус”, “элчийу кабир” ва “буюк элчи” каби атамалар асосий элчилар, яъни фавқулодда ва мухтор элчига нисбатан истефода этилган. Муайян вазифа юклатилган вақтинчалик элчилар “ўрта элчи”, “кичик элчи” деб аталган. “Ишур элчилар” эса асосий ташрифи бошқа мамлакатга қаратилган бўлса-да, лекин йўналиш харитаси бўйича ўтаётган давлатлар ҳукмдорлари ҳузурига келган элчилар ҳисобланади. Тарихда Ибн Фадлан бошчилигидаги элчилар гуруҳи ишур элчилари талабига жавоб беради. Л.З.Будагов қадимги туркий тилдаги “ялавоч” сўзи “элчи” маъносида ишлатилганини ҳам таъкидлайди[1].

Ўрта асрларга оид туркий тилдаги манбаларда Мовароуннаҳрнинг халқаро муносабатлари ёритилганини кўриш мумкин. Мазкур манбаларда бу соҳага оид атамалар, уларнинг ҳусусияти ва тафсилотлари батафсил ёритилган. Уларнинг ёрқин намунаси Маҳмуд Қошғарийнинг (1075-1102)  “Девони луғатит турк” асаридир. Унда муаллиф дипломатияга доир атамаларни ўзига хос тартибда тавсифлаган. Муаллиф ўз даврида элчига нисбатан “ялавоч”, “алавоч”, “ялафор” ва “расул” сўзлари билан  мурожаат этилганини келтиради[2].

Қорахонийлар даври маданияти ва илм-фани ривожининг маҳсули бўлган Маҳмуд Қошғарийнинг  “Девони луғати турк” асари ўрта асрга оид ноёб асарлардан бири ҳисобланади. Унда элчи ва унга доир айрим атамалар ҳали илмий истеъмолга киритилмаган. Асарда келтирилган “ялафар” сўзи  ўрта асрларда Мовароуннаҳр ҳукмдорларининг ўз элчиларига бериладиган оти бўлиб, бу ном эҳтиромга сазовор элчиларга нисбатан ишлатилган[3]. Л.З.Будагов тавсифлаган “ялавоч” атамасига мазкур асарда ўзгачароқ шарҳ берилган. Мазкур атама диний аҳамиятга эга бўлган пайғамбар маъносида қўлланилган.

Қошғарий бу атамага эквивалент ибора сифатида “алавач” сўзини ҳам беради ва бунда элчиларга оид  “ما على الرسول الا البلاغ” қоидасига эътибор қаратади[4]. Мазкур қоида Қуръони каримнинг “Ёсин” сурасида келтирилган элчилар вазифасига оид қуйидаги ҳукмий оят билан муносиб келади:

وَمَا عَلَيْنَا إِلَّا الْبَلَاغُ الْمُبِينُ [5]

Маъно таржимаси: “Бизларнинг зиммамизда фақат аниқ етказишгина бор”.

Аҳамиятли томони шундаки, бу ерда муаллиф ялавач ва ялафорнинг асосий вазифаси топшириқларни тўғри етказишда деб билиб, бу жумлага ҳукмий оят эмас, балки ўз даврининг машҳур мақоли сифатида қараган.

Махмуд Қошғарий “Девони луғати турк” асарида нафақат “элчи” сўзи ва унинг аҳамияти ҳақида, балки элчилик муносабатларига оид меъёрий ҳужжатлар ҳақида ҳам тадқиқот учун зарурий маълумотларни берган. Масалан, ўрта асрларда фойдаланилган “қавшут” номли ҳужжат эл-юрт учун икки шоҳ ўртасида келишиш хати бўлган. Бунга дипломатик музокараларнинг ҳуқуқий натижаси ўлароқ имзоланган ҳужжат сифатида қараш мумкин[6].

Шунингдек, элчиларнинг омонлиги ва уларнинг хавфсизлиги таъминлангани  асардаги “бушўҳ” ибораси билан ифодаланган. “Бушўх” – султон томонидан ўзига юборилган элчининг қайтиб кетиши учун берилган ижозат қоғозини англатади. Мазкур ижозат қоғозига эга бўлган элчилар бир қатор имтиёзларга эга бўлган[7].  Қорахонийлар даврида ёзилган мазкур асарда муаллиф яшаган даврдаги аксар муносабатларга оид муҳим атамаларга ойдинлик киритилган. Элчилик муносабатларига доир атамалар шунинг жумласидандир.

Маҳмуд Қошғарий асарида элчига нисбат берилган “ялавоч” ибораси Хоразм давлатида кенг қўлланилганини кўриш мумкин. Хоразмшоҳ Отсиз (1127-1156) даврида саройда муҳим дипломатик мактублар, шахсий ва расмий ёзишмалар учун масъул котиб (дабир), девон раҳбарлиги учун қалами ўткир фасоҳат ва балоғат эгаларидан қўйилган. Улардан бири машҳур форс шоири ва олим  Ра­шид ад-Дин Му­ҳам­мад ибн Муҳаммад ибн Абдулжа­лил ал-Ума­рий Ватвот (1087—1182 ёки 1177)[8] бўлган. У тахминан 1128/522 йилда Хоразмшоҳлар хизматига ўтган. Ватвот Хоразмшоҳлар номидан Бағдод халифалари ва уларнинг жойлардаги ноибларига мунтазам элчи қилиб юборар, уларга пурмаъно мактуб ва рисолалар жўнатар эди. Аббосий халифаларга ёзилган расмий дипломатик ёзишмаларни Ватвот ўз китобларига киритиб, тўплам тарзида сақлаб қўйган. Мазкур асарлар 1960 йилда эронлик олим Қосим Тўйсурконий томонидан тадқиқ қилинган[9]. Ватвотнинг Хоразмшоҳлар номидан халифа саройида амалга оширган элчилик сафарлари ҳақида XIII асрнинг машҳур олими ва сайёҳ Ёқут ал-Ҳамавий маълумот берган.

Хоразмшоҳлар даврида элчиларга нисбатан “ялавоч” атамаси ишлатилган. Маҳмуд Ялавоч (элчи) каби муҳим тарихий шахснинг фаолияти бунга ёрқин мисолдир[10].

Тарихда Хоразмшоҳларнинг мўғул ҳоқонлари билан дастлабки босқичда фаол элчилик муносабатларини ўрнатгани маълум. Буни Маҳмуд Ялавоч[11] бошчилигидаги Алихўжа ва Юсуф Жахонгирлардан иборат элчилар делегациясининг Хоразмга  ва жавобан Хоразмдан Чингизхонга  Умархўжа (Ўтрорлик), бухоролик Али Жамол Фахриддин ва Амин ад-Дин исмли элчиларнинг қимматбаҳо совғалар билан ташрифи мисолида кўриш мумкин. Элчилик миссияси даставвал халқаро савдо алоқаларини ўрнатиш бўлган, лекин кейинчалик бунда сиёсий манфаатлар устун келди[12].  Мазкур элчилик сафари тафсилотлари Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”да ҳам келтирилган. Асарда асосан хитой элчиларининг олиб келган совғалари ва Хоразмдан жўнатилган делегация ҳамда сафар натижалари ҳақида маълумот берилган. Асарда муаллиф Хоразмдан жўнатилган элчиларнинг исмларини А.Ҳўжаев келтирган исмларидан бошчароқ берган. Унга кўра, бири Муҳаммад (айримлар манбаларда Махмуд ал-Хоразмий[13]), иккинчиси Умар (Али Хўжа ал-Бухорий), учинчиси Юсуф (Юсуф Канка ал-Ўтрорий) бўлган[14]. Манбаларда мўғуллар ва хоразмликлар ўртасидаги алоқалар Хитойдан Хоразмга жўнатилган 450 нафар савдогар ва элчилар делегациясининг Ўтрорда қириб ташлангандан сўнг ёмонлашгани келтирилади[15]. Айрим тарихчилар  бу тадбир Хоразмшох томонидан қасддан амалга оширилганини келтирадилар[16].

Хоразмшоҳлар давлатида элчилик муносабатларини ўрнатишда аёлларнинг ўрни ҳам ўзига хос хусусиятга эга бўлган. Маълумки, Шарқда аёллар ҳар доим ўзига хос мустақилликка эга бўлиб, сиёсий ташаббуси ва муросасозлиги билан ажралиб турган. Бундай ҳолат султон Жалолиддин тажрибасида Озарбайжоннинг собиқ отабеги Ўзбекнинг (1211-1225) хотини, яъни Тўғрул III ибн Арслоннинг қизи ўз номидан аёл элчиларни жўнатганида намоён бўлган. Элчилик миссияси совчилик бўлиб, аёллар ўз маликалари номидан султон билан никоҳ қуриш таклифини билдирганлар[17].

Ўрта асрларда аксар ёзма манбалар ўз даврнинг ички ва ташки муносабатлар тарихини ёритишда асосий маълумот манбаи ҳисобланади. Мазкур тадқиқотда кўриб чиқилган Махмуд Қошғарий ва Ёқут ал-Ҳамавийнинг элчилик муносабатларига оид асарлари шулар жумласидандир. Махмуд Қошғарий бу соҳадаги атамаларни филологик ва фалсафий томондан ўрганган бўлса, Ёқут Ҳамавий Хоразм давлатида элчиларнин кутиб олиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берган.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

директори  PhD Н.Ибрагимова

[1] Ўзбек дипломатия тарихидан. Тарихий очерк ва лавҳалар. Б.Маннонов таҳр.остида. –Т.: Жахон иқтисодиёти ва дипломатия университети ХЕГА ПРИНТ, 2003. – Б. 16.

[2] Маҳмуд Қошғарий. Девони луғати турк (Туркий сўзлар девони). – Т.1. – Т.: ЎзРФА, 1963. – Б.352.

[3] Маҳмуд Қошғарий. Девони луғати турк (Туркий сўзлар девони). – Т.3.  – Т.: ЎзРФА, 1963. – Б.54.

[4] Маҳмуд Қошғарий. Девони луғати турк (Туркий сўзлар девони). – Т.3.  – Т.: ЎзРФА, 1963. – Б.55.

[5] Қуръони карим. 36-17. – Б. 441.

[6] Ўша манба.   – Б.352.

[7] Маҳмуд Қошғарий. Девони луғати турк (Туркий сўзлар девони). – Т.1.  – Т.: ЎзРФА, 1963. – Б.420.

[8]  Рашид ад-дин Ватват 1087 йилда Балхда туғилиб, Абу Саид Харавий муаллигидаги Низомий маҳаллий мадрасада саводини чиқарган. Тахминан 522/1128 йилда қалами ўткир олим Хоразмшоҳ Отсиз  хизматига ўтди.

[9]  Қосим Тўйсурконий. [Электрон ресурс]. Кириш тартиби: https://www.rulit.me/authors/ad-din-vatvat-rashid

[10] Ўзбек дипломатия тарихидан. Тарихий очерклар ва лавҳалар. Хайруллаев М.М. таҳрири остида. –Т.:Жахон иқтисодиёти ва дипломатия университети, 2003. – Б. 17.

[11] Маҳмуд Ялавоч (1254 йилда вафот этган) – Туркистоннинг  Ёркент шаҳрида туғилиб, кўпр вақт Хоразмда яшаган. Асли тижоратчи-савдогар бўлган. Хитойга савдо ишлари билан борган. Ташриф давомида Чингизхон билан яқин алоқалар ўрнатгани сабабли унинг бошчилигида Хоразмга элчилик сафари ташкил этилган. Хитой номидан элчи бўлиб келгани сабабли хоразмликлар унга Ялавоч тахаллусини берган. Чингизхон Мовароуннаҳрни эгаллаб олгандан сўнг у кўп йиллар давомида Мовароуннаҳр бошқарувчиси бўлган.

[12] Хўжаев А. Буюк Ипак йўли: муносабатлар ва тақдирлар. –Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2007.-Б.226-229. А.Хўжаев ўз асарида Маҳмуд Ялавоч ҳақида маълумот бериувчи кўпгига хитой ва уйғур манбалардан иқтибос келтирган.

[13] Ўзбекистонда элчилик хизмати тарихидан: талқин ва таҳлил. Республика илмий-амалий конференция материаллари тўплами. Масъул мухаррир: Отахўжаев А.М., Ҳидирова Н.О. –Т.: Адабиёт учқунлари, 2016. -Б.104.

[14] Мирзо Улуғбек. Тўрт улус тарихи. Б.Аҳмедовнинг кириш сўзи ва изоҳлари ва таҳририда. –Т.: Чўлпон, 1993. – Б.125-127.

[15] Ад-дуктур Исмоил Аҳмад Ёғий. Ад-давлат ул-Усмания фит тарих ал- исламийил ҳадиис. – Ар-Риёз: Ал-Абекан, 1944. – С. 90; Хўжаев А. Буюк Ипак йўли: муносабатлар ва тақдирлар. –Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2007. – Б.229.

[16] Мухетдинов Д., Хайретдинов Д. История арабского халифата. – Нижний Новгород: Медина, 2011. – С.216.

[17] Шиҳобиддин ан-Насавий. Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти. –Т., 2006.  – Б.145.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*