XVI-XVII АСРЛАРДА ЎРТА ОСИЁ ВА ҲИНДИСТОН МАДАНИЙ МУҲИТИ

Ҳиндистонда бобурийлар ҳукумронлиги ўрнатилган даврдан бошлабоқ Ўрта Осиё ва Ҳиндистон маданий алоқалари узлуксиз давом этиб келган. ХVI- ХVII асрлар давомида Мовароуннаҳр ва Ҳиндисон ўртасидаги алоқалар Абдуллахон Балхни, Акбаршоҳ Бадахшонни эгаллагач, кейинги юз йил ичида ўзининг янги босқичига кўтарилган эди. Шайбоний ва бобурий ҳукмдорлар ҳукмронлик қилаётган ҳудудлар қўшни давлатларга айлангач, улар ўртасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилган эди. Тарихий маълумотларда Абдуллахон томонидан 1572-15733, 1577, 1578 ва 1586 йиллар мобайнида Акбаршоҳ ҳузурига элчилар юборилганлиги маълумдир. Ўрта Осиёнинг ХVIII асрга доир “Силсилат ал-салатин”  (“Таворихи бадиъа” номи билан ҳам машҳур) манбасида Акбаршоҳ томонидан Абдуллахон саройига юборилган элчилар (1585) ҳақида маълумот бериб ўтилади. Сиёсий жиҳатдан ўрнатилган бундай тартиботлар кейинчалик бу халқлар орасида узоқ йиллар давомида, узлуксиз давом этиб келаётган маданий алоқаларни янада ривожланишига сабаб бўлган.

Маданий алоқалар алмашинувининг ривожланишида ўрта асрларда алоҳида хурмат ва эҳтиромга сазовар бўлган диний соҳа вакилларининг ўрни ҳам сезиларли даражада катта бўлган, десак муболаға бўлмайди. Бу соҳада бобурий ҳукмдорлар ўз диний издошлари билан Ҳиндистонга борганларида, янги диний тизимни олиб кирмадилар, шунчаки у ерда узоқ йиллардан бери мавжуд бўлган диний тизимга ўз ҳиссаларини қўшдилар ҳалос. Чунки бу ерларда узоқ даврлардан бери Бухоролик Шайх Фарид сингари саид авлодлари бир неча авлодлар оша яшаб келмоқда эдилар. Бобурийлар даврида эса кўплаб ҳиндистонлик суфийлар Ўрта Осиёда ва аксинча Ўрта осиёлик суфийлар Ҳиндистонда ўз издошларини сақлаб қолганлар. Юқоридаги адабиёт, санъат (рассомчилик) соҳаларида бўлгани каби бу соҳада ҳам диний соҳа вакилари турли сабабларга кўра ўз юртларидан бошқа ҳудудларга кетганликлари шу даврларда яратилга манбаларда ўз аксини топган. Уларда келтирилишича, Ҳиндистонга ҳомий излаб борган диний вакиллардан ташқари Маккага  сафар қила туриб, йўл-йўлакай Ҳиндистонга ташриф буюрган диний соҳа вакиллари ҳам бор эди. Жаҳонгир тузукларида Абдуллахоннинг собиқ хизматчиси бўлган Амирий исмли мулланинг Маккадан қайта туриб, Жаҳонгир Мирзога ўз эҳтиромини билдириш учун Ҳиндистонда тўхтаб, катта совға-саломлар олгани ҳақидаги маълумотларни учратишимиз мумкин. Худди шундай воқеа, ҳаж амалини бажариб қайтаётган Мир Жалолиддин бобурий ҳукмдорлардан Аврангзеб ҳузурида содир бўлиб, катта совға-саломлар олгани ҳақидаги маълумотларни учратишимиз мумкин[1].

Ўрта Осиё халқлари маданияти ва маданиятлар алмашинувида ўз ўрнига эга бўлган, юқорида қайд этиб ўтилган соҳалардан ташқари бошқа кўплаб соҳаларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Хусусан, мусиқа санъати ҳам Мовароуннаҳр, Эрон ва Ҳиндистон халқлари ўртасида ўзига хос бир кўприк вазифасини ўтаган. Бобурий ҳукмдорлар Ҳиндистонда Ўрта Осиё мусиқа санъати дидига эга бўлган бир тимсол сифатида барчани ўзига ром этганлар. Бобурийлар ҳамиша Ўрта Осиё мусиқа санъатига ўз қизиқишларини сақлаб қолганлар. Бу ўринда шашмақом эса алоҳида жой эгаллаган[2].

Ўрта Осиё халқларининг ҳинд мусиқа санъатига ва ҳинд халқининг Ўрта осиёликлар мусиқа санъатига бўлган қизишларини XVI-XVII аср манбаларида келтирилган маълумотлардан билиб олишимиз мумкин бўлади. Манбалардаги маълумотлардан маълум бўлишича, бобурий ҳукмдор Акбар шоҳ Ўрта Осиё мусиқаси билан шуғулланган Қосим бин Дўст Бухорийга “Рисола дар илми мусиқа” номли асар яратишини тайинлаган. Кейинчалик эса Имомқулихон сарой мусиқачиси Дарвиш Али томонидан XVI асрда Ўрта Осиё машҳур қўшиқчиси бўлган ва Ҳиндистонга бориш билан тақдирланган Мавлоно Қосим Кохи Самарқандий ҳақида маълумот бериб ўтади. Ундаги маълумотларга кўра, Мавлоно Қосим Ҳиндистонга кета туриб Қобулни ёқтириб қолади ва Ҳумоюннинг укаси Камрон хизматида қолади. Бироқ қўшиқчининг истеъдодини ҳақида эшитган Ҳумоюн Мавлоно Қосимни Лахорга келишга ундайди. Дарвиш Али ўз асарида шунингдек, Ҳумоюн хизматига борган Ўрта осиёлик дуторчи Юсуф Маҳдудий ҳақида ҳам эслаб ўтади[3].

Бобурий ҳукмдорларни ўзига ром этган яна бир соҳа бу Ўрта Осиё кураш санъати эди. Бобурийлар Ўрта Осиёдан келган курашчилар иштирокида ўтказилган жанг мусобақаларидан завқланар эдилар. Бу борада Абул Фазл бундай мусобақаларнинг деярли ҳар куни ўтказилишини айтади ва Содиқ Бухорий, Мурод Туркистоний, Муҳаммад Али Туроний сингари туронлик курашчиларнинг номларини эслаб ўтади.

Аммо бобурий ҳукмдорларнинг Ўрта осиёликлардан Ҳиндистонда мерос қилиб қолдирган энг улуғвор ишлари бу сарой қурилишлари ҳисобланади. Дунёнинг энг диққатга сазовор ва ўзига хос услублардан бири сифатида танилган бобурийлар меъморчилигининг аксарият услуби Ўрта Осиё меъморлари ишларига асосланган эди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз ҳукмронлиги давомида Ҳиндистоннинг йирик шаҳарларини обод қилиш билан мунтазам шуғулланади. Мазкур шаҳарларда қурилган иншоотларнинг лойиҳаси, ташқи ва ички безаклари Ўрта Осиё услубида бўлса-да, улар ҳинд меъморчилиги билан уйғунлик касб этган. Бу эса ўз навбатида Ҳиндистон ва Ўрта Осиё меъморчилигининг ўзаро мутаносиблигини яққол намоён қилди. Бобурийлар сулоласининг кейинги авлодлари томонидан ҳам Ҳиндистонда барпо этилган муҳташам бинолар ва ҳашаматли масжидларда ушбу услуб сақланиб қолган. Бобурдан кейин тахтга келган шаҳзодалар ҳам меъморчилик, шаҳарсозлик ва илм-маърифатга катта эътибор қаратишди. Улар яратган маданият дурдоналари ҳануз жаҳон аҳлини лол қолдирмоқда.

Бу муштарак халқлар орасида бу соҳани ривожланишида сезиларли из қолдирган, Бухорода шайбоний ҳукмдорлар олқишига сазовор бўлган машҳур меъмор Мироки Саид Ғиёс фаолиятини мисол тариқасида келтириб ўтишимиз мумкин бўлади. Унинг Бухорода Муҳаммад Шайбонихон шарафига яратган боғи машҳур бўлиб, эҳтимол Мир Араб мадраси тархини ҳам яратган, деган маълумотлар мавжуд. Айнан унинг мисолида биз бу соҳадаги Ўрта Осиё, Ҳиндистон ва Эрон халқлари орасида маданиятлар алмашинувини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Асли Ҳиротдан бўлган Мироки Саид Ғиёс темурий, шайбоний, сафавий ва бобурий ҳукмдорлари хизматида бўлган меъмор саналади. У Ҳиндистоннинг Агра ва Дхолпур вилоятларида бўлиб, у ердаги бунёдкорлик ишларида ўз хиссасини қўшганлиги манбаларда келтириб ўтилган[4]. Шунингидек, 1540 йилда Бухорода таваллуд топган унинг ўғли Муҳаммад ҳам отаси сингари Ҳиндисонда бўлган ва бобурий ҳукмдор Акбаршоҳ томонидан отаси Ҳумоюн қабри лойиҳасини тузиш топширилган. Узоқ йиллар давомида бу лойиҳа унинг отаси Мироки Саид Ғиёс томонидан амалга оширилган деб ҳисоблаб келинган, бироқ, Баҳоуддин Ҳасан Бухорийнинг “Музаккир ал-аҳбоб” тазкирасида бу иш Муҳаммад томонидан амалга оширилгани келтириб ўтилади[5].

Бинокорлик ва архитектура соҳасида бобурий ҳукмдорлар бутун дунё тан олган ва эришган энг юқори чўққилари намунаси сифатида Тож Маҳал тарихий комплексини назарда тутадиган бўлсак, бу тарихий ёдгорликнинг ҳам тузилиши ва қурилиши Ўрта осиёлик усталар томонидан амалга оширилган ноёб маданий мерос сифатида эътироф этилиши лозим. Чунки бу иншоат бош архитектори Муҳаммад Исо Афанди, бош чизмачи самарқандлик Муҳаммад Шариф ва бош ҳайкалтарош бухоролик Ато Муҳаммад эдилар.

 XVI-XVII асрлар давомидаги  Ўрта Осиё ҳалқларининг ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаёти ва ташқи алоқалари борасида сўз борганда, ўзида Ўрта Осиёнинг ташқи алоқаларини ўзида кенг акс эттирган хориж “Сафарнома”ларини эътироф этмасликнинг имкони йўқ. Чунки айнан хориж “Сафарнома”ларда Ўрта Осиё, Ҳиндистон ва Эрон ташқи алоқаларида муҳим рол ўйнаган Ўрта осиёлик савдогарлар  ҳақида қимматли маълумотларни учратишимиз мумкин.

Ўрта осиёликларнинг Ҳиндистон ва Эрон сингари давлатлар билан ташқи алоқлаларида муҳим рол ўйнаган савдогарлар ҳақида маълумот берувчи илк асарлардан бири бу XVI асар иккинчи ярмида Туркиядан Ҳиндистон сўнг Афғонистон ва Ёркент орқали Хитойга саёҳат қилган Турк султонининг шахсий котиби бўлган туркиялик Сайфи Челебий саёҳатномаси бўлиб, асар муаллифи ўз сафари давомида Ёркенд хонлигининг Қошғар, Хами ва Турфон шаҳарларида савдо сотиқ билан шуғулланган бухоролик савдогарларни учратганлиги, улар бу шаҳардаги йирик бозорлардан Хитойга олиб бориб сотиш учун от ва қоштош яъни, нефрит сотиб олганлиги тўғрисида маълумот берган[6]. Бундан ташқари Сайфи Чалабий ўз асарида “Абдурашидхон яъни, Ёркент хони Бухоро хони Абдуллахонга ўхшаб чет давлатлардан келган савдогарлардан катта миқдорда бож солиғи олмайди, у жуда оз миқдорда солиқ олади”[7], дея таъкидлаган. Чалабийнинг бу маълумоти ҳам ўз ўрнида Бухоро хонлигининг Шайбонийлар ҳукмронлиги давридаги солиқ тизимини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир.

XVI аср охири XVII аср бошларида Европадан Ҳиндистон ва Хитойга саёҳат қилган асли португалиялик миссионер Бенедикт Гоес ҳам Турфоннинг йирик бозорларида учратган, Бухоро, Қошғар ва Хитой ўртасидаги савдода катта рол ўйнаган бухоролик савдогарлар ҳақида сафарномасида гувоҳлик берган. Бухоро ва Эрон ўртасидаги савдо алоқалари тўғрисида муҳим маълумотлар берувчи сафарномалардан бири бу германиялик олим Адам Олериус саёҳатномасидир. 1635 йилда кичик Холстен давлати (ҳозирги Германия ҳудудида бўлган) томонидан Эронга юборилган элчининг котиби сифатида келган Адам Олериус, ўзининг бу ерда, 4 йиллик ҳаёти давомида кўрган нарсалари ва гувоҳ бўлган воқеаларини саёҳатномасида акс эттирган. Ушбу асарнинг биз учун қимматли томони шундаки, унда Адам, Эрондаги йирик бозорлар ва турли мамлакатлардан жумладан, Бухоро хонлигидан келиб у ерда савдо қилган савдогарлар борасида батафсил тўхталган. Хусусан, германиялик олим Исфаҳон шаҳрини тасвирлар экан, шаҳарда жуда катта майдонни эгаллаган бир бозор ҳақида тўхталиб, у ерда Хуросон, Хитой, Бухоро, Туркия ва бошқа ғарб давлатларидан келган, ўзларининг махсус савдо дўконлари ҳамда карвонсаройларига эга савдогарларни кўрганлиги ҳақида ёзган. Шунингдек, у яна бухоролик савдогарлар бу ерга ўзининг маҳаллий маҳсулотларидан ташқари яна, Хитойдан чой ҳам олиб келиб сотганлигини таъкидлаган[8].

12 йил Ҳиндистонда яшаган француз врачи, файласуф ва саёҳатчи Франсуа Бернье (1625-1688), 9 йил Бобурийлар сулоласи вакили шоҳ Аврангзеб (1658-1688) ҳукмронлиги даврида сарой табиби сифатида фаолият кўрсатган[9]. Ф.Берньенинг 1659-1667 йиллар давомида саройдаги фаолияти унга Ҳиндистонда кечган сиёсий ва иқтисодий ҳамда маданий жараёнларнинг гувоҳи ҳамда бевосита иштирокчиси бўлиш имконини берган. Сарой доирасида кечган ҳар бир воқеа, Аврангзеб ҳукмронлиги давридаги Ҳиндистоннинг ички ва ташқи сиёсати, унинг моҳияти, бошқа давлатлар билан муносабати ҳамда ташқи иқтисодий алоқаларидан хабардор бўлган. Аврангзеб саройига турли мақсадларда келган чет давлатлар вакилларининг расмий ташриф ва уларнинг қабул маросимларининг аксариятини шахсан иштирокчиси бўлган. У ўзининг “Буюк Мўғул давлатидаги сўнгги сиёсий бурилиш тарихи” номли асарида булар ҳақида батафсил маълумот берган. Унинг бу асари нафақат ўрта асрларда Европанинг Шарққа нисбатан тутган сиёсати, Ҳиндистоннинг халқаро аҳволи тўғрисида маълумот берувчи манба сифатида, балки XVII асрларда Бухоро хонлигининг ташқи сиёсий ва иқтисодий алоқалари тўғрисидаги муҳим маълумотлари билан ҳам қимматлидир. Ф.Берьне асаридаги Бухоро хонлиги ташқи алоқалари борасидаги маълумотларни характерига кўра қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин: 1. Бухоро ва Ҳиндистон ўртасидаги дипломатик муносабатлар. 2. Икки давлат ўртасидаги ҳарбий иттифоқчилик. 3. Савдо алоқалари.

Ф.Берньенинг таъкидлашича, Шоҳжаҳон ўғиллари ўртасида тахт учун кечган кураш тугаб, Аврангзеб ҳокимият тепасига келгандан сўнг уни қутлаш учун биринчи бўлиб, Бухоро хонлигидан (1645-1681) элчи келган[10]. Айнан ушбу элчилик ташрифи тўғрисида ўша вақтда Ҳиндистонда бўлган Жан Баптиста Таверне ҳам ўзининг саёҳатномасида маълумот берган[11].

Хулоса ўрнида айтик мумкин-ки, Ўрта Осиё, Ҳиндистон халқларининг маданий алоқалари ривожида ўз  ҳиссасисни қўшган ҳар бир жамият аъзосининг у хоҳ савдогар бўлсин, хоҳ бошқа соҳа вакили ўрни беқиёсдир. Чунки бу халқлар ўртасидаги маданий алоқалар, муштарак тарихий анъаналар ҳақида муҳим тушунча беради. Бу тушунчаларни тўлақонли англаб етишда эса ўша давр манбалари алоҳида ўрин эгаллайди.

XVI- XVII асрлар давомида бу муштарак халқлар орасида амалга оширилган ташқи иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқалар қандай тартибда ва қандай ҳолатда амалга оширилган бўлмасин, бу халқлар орасидаги ҳар бир соҳадаги муносабатларни ривожига туртки бўлган.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси Х.Усмонова

[1] Foltz R.C. Uzbek Central Asia and Mughal India: Asian Muslim Society in the 16th and 17th Centuries. Harvard University Cambridge, Massachusetts. UMI Number: 9631491.: April, 1996. P.120-121.

[2] Johanna Spector, “Musical Tradition and Innovation,” in E. Allworth, ed., Central Asia: A Century of Russian Rule, New York 1967, pp.468-9.

[3] Foltz R.C. Uzbek Central Asia and Mughal India: Asian Muslim Society in the 16th and 17th Centuries. Harvard University Cambridge, Massachusetts. UMI Number: 9631491.: April, 1996. P.124.

[4] M.E. Subtelny, “Mirak-i Sayyid Ghiyas and the Timurid Tradition of Landscape Architecture” Studia Iranica. 24/1 (1995), p.34.

[5] Foltz R.C. Uzbek Central Asia and Mughal India: Asian Muslim Society in the 16th and 17th Centuries. Harvard University Cambridge, Massachusetts. UMI Number: 9631491.: April, 1996. P.126.

[6] Сейфи Челебий Сайеҳатнамеси. Париж Миллий кутухонаси, инв. №1361, в. 4b, 12 ab. (Тадқиқот ишида ушбу қўлёзманинг Индиана Университетининг Ички Осиёни илмий тадқиқ этиш институти (RIFIAS) фондида сақланаётган микрофильм нусхасидан фойдаланилди)

[7] The journey of Benedict Goes from Agra to Chitay, . / In Cathay and the Way Thither, Being a Collection of Medieval Notices of China, Vol. IV (London, 1916) p. 205.

[8] The travels of Olearius in seventeenth-century Persia. Excerpts from The Voyages and Travels of the Ambassadors…By Adam Olearius. Translated by John Davies (1662). Edited by Lance Jenott (2000). In. httP.//depts.washington.edu/silkroad/texts/olaerius/travels.

[9] Франсуа Бернье. История последних политических переворотов в государстве Великого Могола. / Предисловие А. Пронина. Перевод с французского Б. Жуховецкого и М. Томард. – Москва-Ленинград, 1936, с. 3.

[10] Франсуа Бернье. История последних политических переворотов в государстве Великого Могола. С. 128.

[11] Travels in India by Jean-Baptiste Tavernier Baron of Aubonne. Translated from the original French Edition of 1676 with a biographical sketch of the author, notes, appendices etc. by V. Ball. Second edition edited by William Crooke. In 2 Vols. (Bound in 1). Low Price Publications. Delhi, 110052, p. 296.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*