Not Found

The requested URL index.php was not found on this server.


Apache/2.2.22 (Linux) Server at Port 80
1 Бухорода тараққий топган тариқат ҳақиқати ёхуд алломалар юртидан садо. – .:: Xadicha.uz

Бухорода тараққий топган тариқат ҳақиқати ёхуд алломалар юртидан садо.

                                                            Авлиёлар юрти бўлган Бухоросан сен азал,

                                                             Тарихга зарҳал  бўлган шони кубро сен азал.

Инсоният айни кунгача қанчадан қанча ривожланиш ёки аксинча таназзул даврларини бошидан кечирди. Айниқса, ислом олами мисли кўрилмаган даражада таррақий этиб ҳар қайси манзилларда ўзгача куртак отди. Эътироф жоизки , бу манзиллар ичида Бухоро ҳақиқатда илм фан, ислоҳотлар, кашфиётлар, дин, хуллас, барча соҳаларда ўз китобини битди, тарихда ёрқин из қолдирди, шариф деган ном олди. Шунингдек, ўзига хос тариқат вужудга келдики, бу нафақат Ўрта Осиё, балки, бутун дунёда тарқалиб, ҳали ҳануз ўзининг ёрқин изини қолдириб келмоқда.

Хўш, шариат ва тариқат бир бирига қанчалик боғлиқ, улар ўртасида чегара борми? Аслида бу ғоят нозик масаладир. Аслини олганда, шариатнинг ўзи ҳам риёзатдир. [1]Беш вақт намозни адо этиш, бир ой рўза тутиш, узоқ сафарга чиқиб ҳаж қилиш риёзат эмасми? Бу жиҳатни англамаган одам шубҳасиз бирор томонга путур етказиши мумкин. Чинакам мусулмон бўлган, исломни чуқур англаб, унинг маърифати, ҳикмат ва фалсафасидан баҳраманд бўлган, мусулмонликни Аллоҳ ёдида пок яшаш деб билган киши ҳеч қачон тариқатни ўзига ёт деб билмайди. Мусулмонликни фақат расм-русмлар, одатлар ва бошқа ташқи белгилар йиғиндиси деб билувчи киши учун, турган гап, тариқат мавҳум ва ҳатто зарарли нарса бўлиб туюлади. Бу ўринда шуни айтиш керакки, шариат аҳлининг ҳаммасини ҳам тариқат билан курашиб келган, тариқатга мухолиф бўлган деб айта олмаймиз. Кўпгина шариат пешволари тариқат аҳлига ҳурмат билан қараганлар, шайхлар билан дўстлашганлар. Бундан ташқари, дарвеш сулукига кирган фақиҳлар, шайхулисломлар, обидлар бор эди, масжидлар ва хонақолар орасида алоқа бўлиб турарди.  [2]

Шунга қарамай, шариат ва тариқат аҳллари орасида мухолифлик давом этиб келди. Баъзи уламолар наздида сурункали тақво, доимий рўза, риёзат учун ўзини қийноқларга солиш Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларига хилоф. Инсон ҳаётдан, яъни Аллоҳ берган неъматлардан баҳраманд бўлиши ва ҳам ўз Тангрисига шукрона сифатида тоат-ибодат билан шуғулланиши, бандалик хизматини бажариб туриши лозим. Ўзини қийноқларга солиш Аллоҳга хуш келмайдиган ишдир, дейишди . Бироқ буни шайтон васвасаси ёки нодонлик деб аташ хато. Ахир Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрори вали каби улуғ шайхларни шариат илмидан бехабар деб бўладими? Улар бу илмни сув қилиб ичган одамлар эдилар. Улар ана шу шариат илмидан ташқари яна ботиний-илоҳий илм ҳам жўш уриб турган. Ана шу фазилат билан улар оддий диндорлардан устун эдилар. Тариқат пешволарига халқ ҳам эргашди. Уларнинг ҳар бирини ўз йўли, ўз мақоми бор эди. Мақсад эса битта – Ҳақни топиш  ва Унга етишмоқликдир. Булар орасида , Баҳоуддин Нақшбанд ҳам ўз тариқати билан Бухоро заминини яна ҳам улуғвор қилди. У зотнинг йўллари халқчил ва дунёдан узилмаган ҳолда Ҳаққа эришиш эди. Шу сабаб, нақшбандия тариқати мисли кўрилмаган даражада тез тарқалди. Баҳовуддин Нақшбанд тасаввуфдаги илгарилари амалда бўлган қаттиқ талабларни бир қадар юмшатди, мўътадиллаштирди, кундалик турмушга мослади. Унингча, Аллоҳга интилиш кўнгил билан амалга ошиши керак. Қўл эса иш — меҳнат билан банд бўлаверсин. Баҳовуддин Нақшбанднинг таркидунёчилик қилмай, демакки, бу дунё ишларидан очиқ-ошкор қўл силкимай туриб ҳам Аллоҳга етишиш мумкинлиги ҳақидаги ғояси мусулмон оламида тасаввуфнинг жуда кенг аҳоли қатламлари ичига кириб боришини таъминлади.

Баҳовуддин Нақшбанд вафотидан кейин нақшбандия тариқати кенг ёйилди. Ўн бешинчи асрда Хўжа Аҳрор Убайдуллоҳ Валий бу тариқатнинг энг йирик рахнамоси сифатида майдонга чиқди. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби шоирлар ҳам нақшбандия тариқатида эдилар. Улар ижодида нақшбандия ғоялари кенг ва атрофлича тарғиб этилди. Нақшбандия хожагон тариқати негизида пайдо бўлиб, Юсуф Ҳамадоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий қарашларини омухта этди, уларга янги руҳ бериб ривожлантирди. Унда ҳунар, касб эгаллаб, ўз меҳнати билан ҳалол луқма еб яшаш талаб қилинади, тиланчилик, дарбадарлик билан кун кечириш суфий учун иснод саналади. Қул, хизматкор сақлаш, ўзганинг меҳнатидан фойдаланиш ҳам ман этилади. Нақшбандиянинг юқоридаги шиори таркидунёчиликка, текинхўрликка қарши қаратилган. Нақшбандияда манманлик, суфий, шайхман деб керилиш, шовқин-сурон кўтариб зикру самоъ билан одамлар диққатини ўзига қаратиш қораланади. Нақшбандияда асосий талаб — қалбни дунё ғуборларидан тозалаш, ўз нафси билан курашиб рухда чароғонлик топиш, қалбда Аллоҳ номларини нақшлаб бориш усуллари ишлаб чиқилган. Зикри хуфия (яширин зикр тушиш) шунга хизмат қилган. «Ташқаридан халқ билан, ичкаридан Ҳақ билан бўлиш», ҳар бир нафасни Аллоҳ ёди билан чиқариш, қадамни савоб ишлар, эзгу амаллар сари қўйиш, юрт кезиб, азиз-авлиёлар қабрини зиёрат қилиш, ғофилларни ҳушёр этиш, ҳар қандай ҳолатда қалб огоҳлигига эришиш — Баҳоуддин Нақшбанднинг асосий маънавий тарбия усули ҳисобланган.

Нақшбандийнинг пурмаъно ўгитлари ҳали ҳануз халқ орасида машҳур ва амал қилишга арзигуликдир.

[3]Биз Аллоҳнинг лутфи билан (маънан) нимага эришган бўлсак, Қуръони карим оятлари ва ҳазрат пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларига амал қилганлигимиздандир. Бу амалдан бирон натижага эришмоқ учун тақво қилиб, шариат қоидаларига азимат билан риоя қилмоқ, аҳли сунна вал жамоа асосларига амал қилмоқ ҳамда бидъатлардан қочмоқ керак…

Кўриниб турибдики, бу тариқатнинг ҳақиқати, Қуръон ва суннат, аҳли сунна вал жамоадан ажралмаган ҳолда Оллоҳнинг васлига эришишлик… Ишққа лиммо- лим қалб ила дунёдан воз кечмай туриб

Мавлосидан умидворлик демакдир. Шу ўринда тариқатнинг ҳақиқатини излагувчиларга шундай назмий баён қилишни жоиз топдик.

Бухорода илдиз отган ,

Нақшбанднинг сири қайда:

Хоҳ дарвеш бўл хоҳ тужжор бўл

Ошиқ бўлмасанг не фойда.

Тилингда зикр бўлсаю,

Қалбингда дунё бўлса.

Тарки дунё этсангда

Маъшуқ бўлмасанг не фойда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Бухоро замини алломалар, авлиёлар юртидир. Бу заминга Аллоҳнинг назари тушган деб умид қиламаз. Ва яна ишонамизки, шонли тарих яна жонланади, дунёни лол қолдирадиган олимлар майдонга чиқади, саҳифалар янгиланади.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Комилов Н. Тасаввуф. 1-китоб. –Т.: «Ёзувчи», 1997.

2.Комилов Н. Тасаввуф. 2-китоб. –Т.: «Ўзбекистон», 2000.

  1. Ҳаққулов И. Тасаввуф ва шеърият. –Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 1991.

Хадичайи Кубро аёл- қизлар ислом таълим муассасаси

3-курс талабаси Мирзаева Гулҳаё

[1]  Комилов.Н. Тасаввуф. 1-китоб. – Т.:”Ёзувчи”, 1997

[2] Комилов.Н. Тасаввуф. 1-китоб. – Т.:”Ёзувчи”

[3]  Ҳаққулов И. Тасаввуф ва шеърият. –Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 1991.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*