Tree of knowledge growing out of book

ИСТИҒФОР – ҚАЛБ ЖИЛОСИ

Гуноҳ-маъсият банда қалбини қорайтиради. Хатолар йиғилиб-йиғилиб, қалбни бутунлай эгаллаб олади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:

“Йўқ, (ундай эмас)! Балки уларнинг қалбларини ўзлари қилган гуноҳлари қоплаб олган!” (Мутаффифин сураси, 14-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни огоҳлантириб шундай деганлар: “Агар банда гуноҳга қўл урса, қалбига битта қора доғ тушади. Борди-ю, (ўша ишни) ташласа, истиғфор айтса, тавба қилса, қалби сайқалланади. Агар яна (гуноҳ) қилса, (қора доғ) баттар кўпаяди. Бориб-бориб қалбини бутунлай чирмаб олади. Бу – Аллоҳ Қуръонда зикр қилган – (қалбнинг) эгаллаб олинишидир[1]”.

Ҳасан розияллоҳу анҳу: “Гуноҳ устига яна гуноҳ ишларни тўхтовсиз қилавериш билан қалб қораяди, (шу тахлит давом этаверса, охири) ўлади”, деган[2].

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ لِلْقُلُوبِ صَدَأً كَصَدَإِ النُّحَاسِ وَجِلاَؤُهَا الإِسْتِغْفَارُ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қалблар ҳам мис каби занглайди. Унинг жилоси истиғфордир”, деганлар (Байҳақий “Шуабул имон”да ривоят қилган. Ҳадис санади заиф[3]).

Гуноҳлар асорати қалб ойнасини хиралаштиради. Агар дил зангласа, инсоннинг идрок этиш қобилияти ўтмаслашади. Кўп истиғфор айтилганда қалб покланади, кирлари ювилиб, яна аввалги ҳолига қайтади.

وَعَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَلاَ أَدُلُّكُمْ عَلَى دَائِكُمْ وَدَوَائِكُمْ أَلاَ إِنَّ دَاءَكُمْ الذُّنُوبُ وَدَوَاءَكُمْ الإِسْتِغْفَارُ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мен сизларга касаллигингиз сабабини, унинг давоси нимадалигини айтайми? Огоҳ бўлинглар, гуноҳлар – сизнинг касаллигингиз. Унинг давоси истиғфордир (Байҳақий “Шуабул имон”да ривоят қилган. Ҳадис санади заиф[4]).

Одамнинг юраги бирдан санчиб қолса, дори ичса бўлгани, оғриқ тўхтайди. Лекин қалбимиз оғриса-чи? Бунга қандай чора кўрамиз?

Гуноҳ-маъсият қалбни жароҳатлайди. Лат еган қалбга кўрсатиладиган биринчи ёрдам истиғфордир. “Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ”, деб ихлос билан қайта-қайта Аллоҳга илтижо қилинса, қалб яраси аста-секин тузалади.

Ривоят қилинишича, Рабийъ ибн Хайсам шогирдларига: “Касаллик нима? Унинг давоси-чи? Шифо нимада? Биласизларми?” деб савол бериб, кейин: “Касаллик – гуноҳлар, унинг давоси – истиғфор, шифо эса гуноҳдан тавба қилиб, уни бошқа такрорламасликдир”, деб айтган экан[5].

Ўткинчи дунё матоҳларига бўлган кучли ҳирс, ҳақ йўлдан тойилиш, мол-дунёга ўчлик, обрў-эътиборни яхши кўриш кабилар дилни занглатади. Булар йиғилиб-йиғилиб қалбни печакдай чирмаб олади. Айнан мана шу иллат инсонни ихлосдан тўсади. Шунинг учун ибодатдан олдин истиғфор айтиш тавсия этилади. Уламолардан бирига: “Тасбеҳ афзалми ёки истиғфор?” деб савол берилибди. Олим бунга: “Агар либос топ-тоза бўлса, унга атир сепиб хушбўй қилинади. Бироқ кир бўлса, аввал либосни совун билан иссиқ сувда яхшилаб ювиш керак”, деб жавоб қайтарган экан[6].

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

                  ахборот-ресурс маркази раҳбари

                                                                                                М. Саиджалолова

[1] Термизий, Насоий, Ибн Можа, Аҳмад, Ҳоким – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфу тарзда – ривоят қилган. Термизий, Ҳоким ривоят санади саҳиҳ, деган.

[2] Абд ибн Ҳумайд ривоят қилган.

[3] Табароний ривоят қилган. Ҳайсамий “Мажмауз завоид” китобида: “Ривоят санадида Валид ибн Салама Табароний бор. У ёлғончидир”, деган. Байҳақий, Табароний каби муҳаддислар буни ҳадис санашган, уни китобларида келтиришган. Муновий “Файзул қодир”да мазкур ҳадисни шарҳлаган.

[4] Ривоят санадида мажҳул ровийлар бор. Дайламий бу ҳадисни “Муснадул фирдавс”да, Мунзирий “Тарғиб”да келтирган.

[5] Манба: Аҳмад ибн Ҳанбал, “Аз-зуҳд”.

[6] Манба: Ибн Қаййим, “Ал-вобилус соййиб”.

Ривоят қилинишича, бир киши Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳдан: “Тасбеҳ айтганим яхшими ёки истиғфор?” деб сўради. Ибн Жавзий: “Кир либос учун атирдан кўра совун муҳимроқ”, деб жавоб берди (Манба: Заҳабий, “Сияру аъломин нубало”).

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*