Қурбон ҳайити ва унинг одоблари.

    Мусулмон банда учун ҳар кунда ва ҳар замонда солиҳ амаллар қилиш, ибодатда қоим бўлиш вожиб бўлади. Лекин шундай кун ва соатлар борки, қилинган хайрли ишларга бошқа кунлардагидан кўра чандон-чандон орттириб ажр берилади. Муқаддас ойлардан бўлган зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни ҳамда ташриқ кунлари ҳам ана шундай фазилатли кунлар жумласидандир.
Ислом умматининг барча вакиллари бу кунларни рўзаю ибодат, зикру тасбеҳ, такбиру таҳлиллар ва хайру садақалар билан обод қилган ҳолда ўтказадилар. Қурбон ҳайитида жумла мусулмонлари қилиши керак бўлган шундай амаллар борки, бу ҳайитнинг мустаҳаб амалларидан ҳисобланади ва бу унунг одобларидан саналади.

  1. Ҳайит намозига чиқишдан олдин ғусл қилиш, бисотидаги либосларнинг энг яхшисини кийиш ва ҳушбўйланиш лозим. Негаки, бу шундай улуғ байрам, шодиёнаки, у кунда мусулмонларнинг ҳайъатида ҳам байрамона кайфият кўриниб туриши керак. Боз устига, ҳайит намозига кетаётган одам, албатта, издиҳомга рўбарў бўлади. Шу боис ҳам ундан ҳушбўй ҳидлар таралиб туриши мақсадга мувофиқдир. Янги кийими бўлмаса, либослари ичидан энг яхшисини танлаб, ювиб-дазмолланган ҳолда кийиши мустаҳабдир.
  2. Қурбон ҳайити куни Рамазон ҳайити кунидан фарқли намозга ҳеч қандай озуқа тотинмаган ҳолда чиқилади, намоздан қайтгач, сўйган ёки ўзига ҳадя этилган қурбонликнинг гўштидан ейиш мустаҳабдир. Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Фитр куни нарса емагунча намозга чиқмас эдилар, Азҳо куни эса ҳайит намозини ўқиб бўлмагунча нарса емас эдилар(Термизий, Ибн Можа ваИбн Ҳиббон ривоятлари). Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қурбон ҳайити куни намоздан олдин таом ейишдан тийилишларининг ҳикмати ҳақида Мулло Али Қорий бундай дейди: “Бунинг сабаби ўша кунда биринчи ейдиган нарсаси ўз қурбонлигининг гўштидан бўлмоғи учундир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “Бас, ундан (яъни сўйган қурбонлигингизнинг гўштидан) енглар ва бечора-камбағалларга ҳам едиринглар!» Шу боис ҳам, Аллоҳнинг амрига бўйсиниш юзасидан у куни энг биринчи ейиладиган нарса қурбонлик гўшти бўлади” (“Мирқотул-мафотиҳ”: 3/544).
  3. Масжидга мумкин қадар эртароқ бориш. Мусулмон кишининг юзида хурсандчилик аломатлари зоҳир бўлиб туриши, мумкин қадар кўпроқ садақа ва хайру эҳсонлар қилмоқлик ҳам гўзал одоблардандир.
  4. Ҳайит намозига пиёда юриб бориш ҳамда масжидга бир йўлдан борган бўлса, қайтишда бошқа йўлдан пиёда қайтиш ҳам мустаҳабдир. Чунки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай қилганлар. Бунинг ҳикмати борасида уламолар турли хил фикрларни билдирганлар. Жумладан, шуни айтиш мумкинки, ҳайит намозига пиёда борилса, байрамона кайфият нафақат одамларнинг қалбида, балки ҳамма ёқда яққол намоён бўлади. Бунда байрам нафаси ҳамда мусулмонларнинг муборак қадамлари ва яхшиликларидан барча кўчалар, ё`ллар ҳам баҳраманд бўлади. Айрим уламоларнинг қайд қилишларича, инсон ҳайит намозига бир ё`лдан бориб, бошқа ё`лдан қайтса, юрган ҳар бир ё`ли ҳамда ўша ё`лларга қўйилган ҳар бир фаришта ҳам қиёмат кунида унинг фойдасига гувоҳликка ўтар экан.
  5. Қурбон ҳаёити куни ёр-биродарлар, хешу ақраболар билан кўришганда уларни байрам билан қутлаб, «Ҳайитингиз муборак бўлсин!» каби табрик сўзларини айтиш ҳамда улар билан қучоқлашиб кўришиш улуғ куннинг одобларига киради.
  6. Ҳайитдан бир кун олдин бозорга тушиб, оила аъзолари учун совғалар харид қилиш ва уларни ҳайит намози ўқилгандан сўнг оиланинг катталаридан бошлаб тақдим қилиш, ўша куни намоздан кейин барча оила аъзолари билан аввалдан тузалган дастурхон атрофида жамланиш, бир-бирига ниҳоятда чиройли муомала қилиш, аҳли аёл билан бола-чақаларни боғу хиёбонларда айлантириш ёки дилдан суҳбатлашиб, кўнгил ёзиш мумкин бўлган жойларга олиб бориш ва ҳоказолар нақадар ҳам мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳайит кунида қариндош-уруғ ва ёру биродарларни зиёрат қилиш ҳам чиройли амаллардандир.

            Ҳайит бу байрамдир. Шундай экан, фотиҳагарчилик, таъзияхонлик каби мотамдан дарак берувчи ишларни айнан шундай ўйнаб-кулиш керак бўлган кунларда ўтказиш байрамнинг руҳиятига ҳам, моҳиятига ҳам тўғри келмайди. Табиий равишда бўлса бошқа гап. Яъни, масалан, айнан ҳайит айёмларида кимдир вафот этса, унинг уйига бориб, таъзия билдириш, кўнгил сўраш, Қуръони каримдан бирор оятларни тиловат қилиб, савобини марҳумга бағишлашнинг зарари йўқ, балки, бу савобли амалдир. Аммо, аллақачон вафот этган инсонларга ҳам айнан йил чиқмагунча ҳар ҳайитда эшикнинг олдига ўриндиқлар қўйиб, қийиқча боғлаб, одамларни мажбурий жалб қиладиган тарзда фотиҳагарчилик уюштириш, сунъий равишда таъзия ташкил қилиш бу бидъатдир. Вафот этган мусулмон киши ўз вақтида ювилиб, кафанланиб, жанозаси ўқилган бўлса, ва ўша кезларда ҳол-аҳвол сўрайдиганлар келиб-кетиб бўлган бўлса, марҳумнинг яқинлари, хусусан фарзандлари намозлардан кейин ва бошқа пайтларда Қуръон ўқиб, савобини бағишлаб турсалар шунинг ўзи кифоя. Яна алоҳида аза очиб, одамларни уйга жалб қилиш шарт эмас.

 Ҳеч кимга сир эмаски, бу йил дин ва дунё ишларимиз ҳам синовли ўтмоқда. Интиқ кутганимиз қурбон ҳайитини масжидда ўқиш насиб этмади. Аллоҳдан сўраймизки, кейинги йилда бало ва офатлардан холи бўлган ҳолда аҳли мусулмонни Ўзининг байтида жамласин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом таълим муассасаси

3-курс талабаси Мирзаева Гулҳаё

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*