Мўмин мўминга нисбатан мустаҳкам бино кабидир.

Унинг кўриниши сизни мафтун қилган, пишиқлиги ажаблантирган ва мустаҳкамлиги хайратган солган бинони кўрганмисиз?! Бундек бинолар асос ва устунлардан, девор ва тиргаклардан, ғиштлардан ташкил топган бўлади. Бинонинг жиҳозлари бир қанча бўлиб, бир-бирини мустаҳкам тарзда ушлаб туради. Бинонинг жипслиги ва салобати мана шуларнинг натижасида юзага келади.

Мусулмонлар ҳам асосларининг пишиқлиги, биноларининг юксаклиги ва алоқаларининг мустаҳкамлигида худди юқорида сифатланган бинога ўхшайдилар. Уларнинг бу ҳолатга эришишлари Аллоҳ таолонинг ушбу:

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَتَ اللَّهِ عَلَيْكُم

Оли Имрон сураси 103- оятидаги амрига бўйинсунганларидан бўлса, эҳтмимол.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз умматларини сифатлаб айтган сўзлари бунга ёрқин намунадир: “Мўмин мўминга нисбатан баъзиси-баъзисини мустаҳкам тарзда ушлаб турган бино сингаридир”. Имом Бухорий ривояти.

Мусулмонлар Аллоҳ таоло ўзининг каломида:

 إِنَّ هَذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَأَنَا رَبُّكُمْ فَاعْبُدُونِ (Анбиё сураси 92-оят)

дея марҳамат қилганидек бир уммат – бир жасаддирлар. Ундаги бир аъзо бошқа аъзодаги дардни ҳис қила олади. Нўъмон бин Башир (р.а.) Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилган ҳадисда шундай марҳамат қилади:  “Мўминларни ўзаро меҳр-муҳаббатда бир танадек эканларини кўрасиз. Агар танада бирон аъзо касалланса, ундаги бошқа аъзолар бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлишади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Шу сабабли ҳам ушбу бирликни муҳофаза қилиш учун ислом бир мусулмонни бошқа мусулмонда ҳақлари борлигини белгилаб қўйди.

Ана шу ҳақлардан бири беморни зиёрат қилиш ҳаққи ҳисобланади. Бемор бўлган мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устидан ҳаққи бор экан. У ҳам бўлса, беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиб кетишлари экан.

 

Инсон бемор бўлганда мадорсизлик сезади ва руҳан бўшашади. Унга умидсизлик оралайди. Ўлим шарпаси гўё уни ютиб юборгудай кўз олдида намоён бўлади. Касаллик саломатлигини адо қилганини ҳис қилади.

Айниқса бугунги кунимиздек, бутун мамлакат, нафақат мамлакат балки бутун дунёда кенг тарқалган касаллик инсонларни қаттиқ ховотирга солиб қўйди. Ҳар куни қайсидир махаллада қўшниларимиз ёки ёру биродарларимиздан бири бу касалликка дучор бўлгани, аҳли оиласи билан қийинчиликларни бошидан ўтказаётганини эшитамиз. Бемор эса мана шундай ҳолатда ўзига тасали берадиган  бир инсонни, дуо қиладиган зиёратчини ва шифо топишига умид уйғотадиган биродарни қидиради…

Лекин ҳозирги карантин шароитида беморларни зиёрат қилишликнинг имкони йўқлигидан, фақатгина алоқа воситалари ёрдамида уларнинг аҳволларидан тез-тез хабар олиб, қўлдан келгунча оғирликларини енгиллаштириш пайида бўлишимиз,  савоб умиди билан биродаримизнинг биздаги ҳаққини адо этмоғимиз, кўнгил сўраб, ҳар доим ҳаққига дуо қилишимиз керак бўлади. Айниқса шундай улуғ айём, дуолар ижобат бўладиган, қилинган эзгу амаллар учун кўплаб мукофотлар ваъда қилинган арафа ва ҳайит кунларидаги  ҳар бир вақтимизни ғанимат билишимиз даркор.

Шунингдек, бунда бемор ва беморликни кўрганда соғликни қийматини янада билиб, ўзидаги соғлик неъмати учун Аллоҳга шукр қилишлик бор.

Зеро, бу ҳақ  беморни кўнглини кўтариб, унга тасалли бериш,  шифо топиш ва ҳаётга бўлган ишончини ошириш ҳамда мана шундай машаққатли дамда у билан бирга эканини намоён қилиш каби юксак мақсадларни амалга ошириш учун машруъ қилинган. Бу ҳақни адо этувчиларга жаннатда юксак даражалар ваъда қилинган.

Имом Термизий Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бир мусулмон ўзининг мусулмон биродарини касалини кўргани борса, жаннат мевалари ичида бўлади», дедилар», дейилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким яхшилаб таҳорат қилиб, савоб умидида мусулмон бемор биродарини кўргани борса, дўзахдан етмиш куз масофасига узоқлаштирилади», дедилар.

«Эй, Абу Ҳамза, куз нимадир?» дейилди.

«Йил», деди. Абу Довуд ривоят қилган.

Мусулмонни  бошқа мусулмонда бўлган  ҳақларидан яна бири ғам-аламларини аритиш. Инсон ҳаётда соғлигида, молида, фарзандида ўзига тақдир қилган мусибатларга йўлиқади. Шунда у мусибатларини енгиллаштирадиган кўмакдошга муҳтож бўлади. Мусулмон киши ҳаёти давомида турли-туман қийинчилик, ғам ва бало-мусибатларни бошидан кечиради. Бугунги кунда бундай мусибатлар кўпчиликнинг бошида турибди. Баъзи кишилар молиявий жиҳатдан қийналган, ейиш-ичиш, даволаниш каби асосий эҳтиёжларини қондириш учун биродарларининг ёрдамига муҳтож. Ана шундай оғир дамларда мўминлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари, қийналган биродарларига саховат қўлини чўзишлари, ҳеч бўлмаса унга қарзи ҳасана беришлари лозим.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради. Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади” .

Бу ҳадисларга  амал қилган ҳолда, мана шундай  оғир дамларда бир-биримизга елкадош бўлиб, охиратда Аллоҳнинг ёрдамида бўлишга ҳаракат қилишимиз, қийналган ҳамюртларимизга саховат қўлини чўзишда пешқадамлардан бўлишимиз, мусибатларни биргаликда енгиб ўтмоқликда ҳамжиҳат бўлишимизга Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Юртимиздан, қолаверса барча мўмин-мусулмонлар бошидан бу касалликни Парвардигоро Ўзи тезда даъф қилсин!

                                                                                 Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта  махсус ислом таълим муассаса

                                                                                      ўқитувчиси Мухамедходжаева С.

2 изоҳлар

  1. Мохинур

    Ассаламу алайкум хурматли устозлар Хадичаю Кубро мадрасасида давлат имтихонлари качон булиб утади жавоб у.н олдиндан рахмат.

  2. Assalomu alaykum muhtaram ustozlar 2020-2021-yilgi imtihon qachon va qayerda otkaziladi shu haqda batafsil ma’lumot bersangiz! Javob uchun oldindan rahmat Alloh rozi bo’lsin!!!

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*