“Кеча ва бугун: неъматлар қадрини англамоқдамиз”

Дунё бўйлаб тожлар алмашинувини кўрмоқдаман. Ҳозирда кенг тарқалган тожсимон эпидемия, бутун инсоният бошига ёғилмоқда. Пандемия панд бермоқда. Саломатлик бу – соғлом одамларнинг бошидаги тож, буни ҳаммамиз ҳис этишимиз, яна бир бор идрок этишимиз шарт. Оқил инсон Яратган бошимиздаги саломатлик тожини олиб  қўймасин деб Унинг ўзигагина илтижо қилади.

Кеча ва бугундан хулоса қилиб, башарият ҳолатини виртуал олам орқали кузата туриб, шуни англамоқдаманки, неъмат қанчалар улкан бўлса, бундан ғафлатда қоларканмиз. Аллоҳ таъоло инсониятга берган беадад неъматларидан бирини йўқотганимизда беҳаловат бўламиз. Балки бу кулфат Тангри таоллонинг ногоҳ огоҳлантиришидир. У Зот бизга ўзининг кўзга кўринадиган ва яширин неъматларини ато этди. Биз бепарво бўлсак ҳам, қўлларимизга кўплаб иноятини бериб қўйди. Одам уйқусидан кўзларини очгач, икки қўлини силкитиб, қадамларини ерга уриб, кўкрагини тўлдириб  нафас олиб, кўзларини уфқларга тикканча уйидан  чиқиб кетишини ўзида қанча неъмат бор – а? Бу озми?

Тўғри, эпидемик ҳолатлар инсоният тарихида ўчмас қора кунларни қолдириб кетди. Ҳозирда ҳам бундай ҳолатлар давом этмоқда. Чекланган ва қатъий чоралар қўлланган тарзда кун кечирар эканмиз, ҳаётимга назар ташлаб, қуйидаги ҳадисни ёдга олиш зарурлигини тушуниб етдим:

عَنْ سَلَمَةَ بْنِ عُبَيْدِ اللّٰهِ بْنِ مِحْصَنٍ الأَنْصَارِيِّ، عَنْ أَبِيهِ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: مَنْ أَصْبَحَ آمِنًا فِي سِرْبِهِ ، مُعَافًى فِي جَسَدِهِ عِنْدَهُ طَعَامُ يَوْمِهِ فَكَأَنَّمَا حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا.

Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон ал-Ансорийдан, у киши оталаридан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким ўз уйида омонликда, жасади саломатликда, кунлик таоми бўлган ҳолда тонг орттирса, худди унга бутун дунё жамлангандек бўлади”, – дедилар.”

Бу дунёда инсоннинг энг яхши ҳолати мана шу уч нарсага эга бўлгани экан. Булар: тинчлик, саломатлик, етарли таом. Агар одам боласи бу неъматларни давомий бўлишини истаса, унинг шукрини адо этиши лозим. Мусулмон инсон, неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шуларга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлиши керак. Аллоҳ азза ва жалла биз бандаларига шуни эслатиш учун бу кунларни бошимизга солмадимикан?!

Аллоҳ таолло Қуръони Каримнинг “Аъроф” сурасида шундай марҳамат қилади:

وَمَا كُنَّا لِنَهْتَدِيَ لَوْلَا أَنْ هَدَانَا اللَّهُ ۖ

Бизни шунга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, агар Аллоҳ бизни ҳидоят қилмаганда, ўзимиз йўл топаолмас эдик. (Аъроф 43)

Ҳикмат эгаси бўлган Зот бизни ҳидоятга бошламоқда, бандаларини ношукрлигини кўриб билиб турган ҳолда, марҳамат эшикларини яна бир бор очмоқда. Биз осий бандалар қўлимиздаги кенг имконият ва улкан неъматлар борлигини, улардан тўгри фойдаланган ҳолда, ҳақ йўлда сарфлаш кераклигини билмаслик жоҳиллик нишонаси эмасмикан?

Роббим, неъматларинг учун шукроналик туйғусининг қалбимизга жойланишида мададу истионат бер!

Маматхўжаева Муҳайё

                                            ЎзХИА Исломшунослик йўналиши 2-курс талабаси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*